Мингбулоқ туманида бошқарув органлари, ФВДТ ҳудудий ва қуйи тизимлари куч ва воситаларининг табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ҳаракатлари бўйича ўқув машқлари ўтказилди.

Туман марказидаги "Дўстлик" ўйингоҳидаги тадбир табиий турдаги фав­қулодда вазиятларда кўп сонли жароҳатланганларнинг оммавий келиб тушиши ҳолатлари рўй берганида биринчи ёрдам бригадалари ишини ташкиллашга бағишланди. Айниқса, "Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ва заҳарланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш" бў­йича амалга оширилган ўқув машқлари ғоят муҳим аҳамият касб этди.

Сирдарё кўпригида, "Микрокредитбанк" туман филиалида, "Минг­булоқ метан газ инвест" масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган махсус-тактик ўқув-машқларида ҳам тиббиётчилар фаол бўлишди. Тумандаги 4-сонли мактабгача таълим муассасасида "Фуқаро муҳофазаси куни", "Мулкобод" МФЙда "Маҳалла фуқаро муҳофазаси тизимини ташкил этиш", "Қирқчек" МФЙда "Сув тошқини билан боғлиқ фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш"га эътибор қаратилди.

Ўтказилган тадбирларда 120 нафар тиббиёт ходимининг фавқулодда вазиятлар шароитларида фаолият кўрсатишга шайлиги амалда синалди.

- Қўмондонлик - штаб ўқув-машқларида врачу ўрта тиббиёт ходимларининг тўғри ҳаракатланиши, қутқарув ишларини бош­қариши ва олиб бориши ҳамда назарий билимлар синови амалда қўлланилди, - дейди бошқарма бош мутахассиси Орифжон Жўрабоев.

Дарҳақиқат, саломатлик посбонларининг тайёргарлиги пухта бўлса, фавқулодда ҳодисалар пайтида янада ҳушёрлик билан ҳаракат қилишади. Энг асосийси, аҳоли саломатлигини вақтида муҳофаза этишади.

Манзура ЭРГАШЕВА.

Суратларда: ўқув-маш­қи жараёнлари.