Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 59-сон оилавий поликлиника патронаж ҳамширалари ва уюшмаган аёллар иштирокида спорт-соғломлаштириш мусобақаси ўтказилди. Унда Исковот қишлоғидаги "Машъал", "Бунёдкор", "Салмон" ва "Янги­обод" маҳаллаларининг гуруҳлари ўзаро куч синашдилар. Беш нафардан уй бекаси жамланган ҳар бир жамоанинг сардори шу маҳалланинг патронаж ҳамшираси бўлди.

Тадбир 4 босқичда кечди. 1-шарт бўйича иштирокчилар тўсиқлар орасидан тўп ўйнатган ҳолда маррага бориб шеригига тўпни чаққонлик билан узатиши керак эди. Бу борада "Салмон" маҳалласи вакиллари ғолибликни қўлга киритди. 2-шарт, яъни арқон тортиш жуда ҳаяжонли кечди. "Янгиобод" маҳалласи гуруҳи кучлилигини намойиш этди.

Велопойга шартида ҳар бир командадан биттадан иштирокчи ўз велосипедида 400 метр масофани тезлик билан босиб ўтиши керак эди. Мазкур 3-шартда "Машъал" МФЙ иштирокчиси ғолибликка эришди. 4-шарт халқаларни белда айлантириш бўлиб, унда кучлар тенг келди.

Мусобақа ғолибларига туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Қ. Жабборқулова эсдалик совғаларини тантанали топширди.

Н. РАҲМОНОВА,

туман ҚВПлар координатори.