Бунинг учун ҳар бир киши газета-журналларга обуна бўлиши мақсадга мувофиқ

Мустақил Ватанимизнинг эркин матбуоти ҳаётий янгиликлар жарчиси, кенг қамровли ислоҳотлар тар­ғиботчиси ва оммани ҳамиша эзгу мақсадлар рўёби учун ҳалол ва фаол ҳаракатга руҳлантирувчиси сифатида ўзини намоён этаётгани бағоят қадрли.

Ўз-ўзидан равшанки, бугун биз яшаётган янги давр, янгича ижтимоий муносабатлар оммавий ахборот воситаларининг олдига тез суръатлар билан ўзгариб, ривожланиб бораётган жамиятимизнинг талабларига ҳар томонлама муносиб бўлиш, одамларни ўйлантираётган, безовта қилаётган муаммоларга жавоб излаш, уларни кун тартибига қўйиб, жамоатчилик фикрини шакллантириш бўйича ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда. Қувонч­лиси шундаки, деярли барча матбуот нашр­лари жамоалари юқоридаги вазифаларни изчил бажариш борасида фаол изланмоқдалар. Айниқса, газеталар бир-биридан фарқли қиёфа касб этаётгани, уларда эълон қилинаётган мақолаларнинг маънодорлиги-ю, таъсирчанлиги тобора ортаётгани яққол сезилмоқда. Албатта, бу ўз навбатида обуначилар сафининг йилдан-йилга кенгайишига олиб келяпти.

Биргина вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг кўпсонли ходимлари айни маҳалда 25 минг нусхадан зиёд газета-журналлар ўқишяпти. Тиббиётчилар қайси нашрларга кўпроқ обуна бўлишган? - деган саволга жавоб изласак, уларнинг қўлига етаётган матбуот    нашрлари ранг-баранглигиям кўзга ташлан­япти. Аввало, "Халқ сўзи", "Наманган ҳақиқати", "Наманганская правда" сингари газеталарнинг мухлислари анчагина эканидан кўнглимиз тўлади.

- Мен шифокор, турмуш ўртоғим муаллима. Иккимиз ўз соҳамизга оид газета-журналларни қизиқиб мутолаа қиляпмиз, - дейди мамнуният билан олий тоифали невролог-врач Ёқубжон Бозоров. - Ишимизда қандай муваффақиятларга эришаётган бўлсак, бунда матбуот нашрларидан олган қимматли маълумотларимизнинг нафи каттадир. Чунки, янгиликлардан ўз вақтида хабардорликка нима етсин. Шунинг учун 2019 йил нашрларига барвақт обунани расмийлаштирмоқдамиз.

Бугунги шифокор кўп ўқиши шарт. Негаки, кўп ўқиган кўп билади, кўп билган ўз мутахассислигининг чинакам устасига айланади. Жамиятга тегадиган нафи муттасил ортаверади. "Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш", "Сиҳат-саломатлик", "Соғлом авлод", "Соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқариш", "Ўзбекистон тиббиёти", "Ҳамшира", "Шифокор ва ҳаёт", "Тиббиёт ва замон" каби газета- журналларни келгуси йили ҳам сонма-сон мутолаа қилиш учун ҳозирдан уларнинг обунасига маблағ ажратишлари зарур. Ахир мазкур матбуот нашрлари тиббиёт тармоғидаги ходимларга ғоят қимматли маълумотларни етказиб беради-да.

"Газета - фикр қаймоғи, ақл қайроғи" деган ибора бежиз туғилмаган. Бунинг замирида чуқур маъно мужассам. Қўлингизга олган чоғ унинг саҳифаларига кўз югуртириб, ўзингиз учун қимматли ва керакли фикрларни излайсиз, яхшиларнинг ибрати ҳақидаги лавҳаларни, ёмонларнинг иллати ҳақидаги тан­қидий мақолаларни ўқийсиз. Яна бир "хислати" дунёдаги, мамлакатимиздаги, вилоятимиздаги янгиликлардан воқиф этади. Қолаверса, сизни хавфу хатарлардан огоҳлайди. Ҳушёрликка чақиради. Бир олам таассуротлар олиш имконини йил давомида такрор-такрор яратади. Сарфлаган маблағингизга асло ачинмайсиз.

Ҳар биримиз жамиятнинг фаол аъзоси бўлишга бурчли эканимизни ҳамиша ёдимизда тутмоғимиз зарур. Сиз аслида ва муттасил жамиятдан кўп нарсаларни оласиз. Бироқ "Мен ўзим жамиятга нима беряпман?" деган саволга арзирли жавоб айтишга эса матбуот нашрлари билан қадрдон дўстлик ришталарини қатъий боғласангизгина эришишингиз мумкинлигини сира-сира эсдан чиқарманг.

Зеро, матбуот билан ҳамнафаслик - замон билан ҳамнафаслигу ҳамқадамликдир. Вилоятимизда ноябрь ойи - обуна ойлиги деб эълон қилингани ҳам шундан.

Содиқ САЙҲУН.