Шу кунларда Чортоқ туманининг қўшни Қирғизистон билан чегарадош Балиқликўл қишлоғи аҳолисининг қувончлари чексиз. Боиси энди улар зарур тиббий хизмат учун 50 километр масофани босиб, туман марказига боришларига асло хожат қолмади. Қишлоқда 55-сонли қишлоқ оилавий поликлиника биноси замонавий андозалар асосида қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бинобарин, Инвестиция дастурига мувофиқ мазкур оилавий поликлиника биносининг қуриб битказилиши учун, давлат бюджетидан 2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Муҳташам тиббиёт масканини "Чортоқ архитек қурилиш" МЧЖ бинокорлари барпо этишди. Мазкур иморат икки қаватли, 42 та хонадан иборат бўлиб, ахолига тиббий хизмат кўрсатилиши учун барча қулайликлар яратилди. Айниқса, иссиқ сув, иссиқлик тизими масаласида энди ҳеч қандай муаммолар бўлмайди. Ҳатто, тез тиббий ёрдам хизмати, ижтимоий дорихона-ю, кундузги шифохонадан ҳам аҳоли бемалол фойдаланиши мумкин.
Янги муассасанинг очилиши байрамона тус олди. Эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садоларидан ғоятда қувонган "Балиқликўл", "Бештол", "Ора ариқ", "Оқтерак", "Узункўча" маҳалла фуқаролари йиғинларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари тақдимотда иштирок этиш учун ошиқишди.
Маросимда сўз олган туман ҳокимининг ўринбосари Зокиржон Мўминов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботировлар мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз саъйи ҳаракатлари билан аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга, айниқса халқ саломатлигини сақлашга алоҳида эътибор кўрсатилаётганлигини эътироф этишди. Шунингдек, янги босқичдаги тиббиёт ислоҳотлари боис энди чекка-чекка қишлоқлар аҳолиси ҳам шаҳарникидан қолишмайдиган замонавий тиббиёт масканларидан фойдаланишлари одатий холга айланганлигини алоҳида таъкидлашди.
Меҳнат фахрийси Исроилжон ота Тиллахўжаев, ҚОП ҳамшираси Адиба Жўрабоевалар эса бундай ғамҳўрлик ва эътибор учун Президентимизга миннатдорликларини билдиришди. Абдукарим Дўстбоев бошчилигидаги бир гуруҳ илғор қурувчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг гулдурос қарсаклар остида қишлоқ оқсоқоллари рамзий лентани қирқишди. Меҳмонлар ва аҳоли вакиллари тиббиёт масканининг имкониятлари билан яқиндан танишишди.
Тақдимот айёмидаёқ умумий амалиёт шифокорлари, акушер-гинеколог, педиатр, жарроҳ, стоматолог врачлар замонавий ва шинам хоналарда беморларни қабул қила бошлашди.
- Қишлоғимизда кўркам ва замонавий шифо масканининг бунёд этилиши асло тушимизга ҳам кирмаган эди. Бугун бу ерда илк тиббий хизматдан фойдаландим. Шифокор Муҳаммадсоли Сатторов қон босимимни ўлчаб, тиббий маслаҳатларини берди, керакли муолажаларни буюрди, - деди шу ҳудудда яшовчи Ҳабибахон Мирабдуллаева.
18 минг нафар аҳолига 50 қатновли шифо масканида 8 нафар шифокор ҳамда 30 нафардан ошиқ ўрта тиббиёт ходимлари зиммаларидаги масъулиятни янада чуқур ҳис қилган ҳолда малакали ва сифатли хизмат кўрсатишади.
Манзура ЭРГАШЕВА.