Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида қонун устуворлигини таъминлаш, айниқса, тиббиёт соҳасида учраб турган коррупция билан боғлиқ жиноятларга қарши кескин кураш олиб бориш ва унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унга Наманган шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, ВКК раислари ва ВТЭК мутахассисилари таклиф этилдилар.

Йиғилишни бошқарма бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилояти бўйича Назорат инспекцияси бошлиғи Неъматилла Қирғизбоевнинг маърузасида тиббиёт ходимлари ўртасида содир этилаётган коррупция ҳолатлари таҳлил этилди.

Нотиқнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2752 сонли қарори, Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси йиғилиш баёнларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида вазирлик ва бошқарма томонидан профилактик тадбирлар мунтазам ўтказиб борилаётганига қарамай айрим муассасаларда бу салбий ҳолатнинг у ёки бу кўринишлари аломатлари сезилмоқда.

Шифокорлар, ҳамширалар томонидан таъмагирлик, порахўрлик, раҳбарлар ва ҳисобчиларнинг бюджет маблағларини ўзлаштиришига оид жиноятлари ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилаётганлиги ташвишлидир. Жумладан, ўтган йили тизимдаги муассасалар ходимларининг 24 нафарига жиноий иш очилган. Бу йил ҳам 27 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилди. 21 киши коррупция ҳолати бўйича қонун олдида жавоб берди.

Йиғилиш якунида соғлиқни сақлаш соҳасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар таъсирчанлигини ошириш, тиббий этика ва деонтологияга риоя этиш, таъмагирлик, порахўрлик ва коррупция ҳолатларига йўл қўйган ходимларга нисбатан кескин чоралар кўриш, "Ишонч телефонлари" доимий ишлашини таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди.