Инсон мустаҳкам саломатликка эришгандагина бахтли бўлиши мумкин. Бу, соғлом турмуш тарзига ҳар жиҳатдан боғлиқдир. Оилада шу мақсаддаги ҳаракат ҳомиладорлик давридан бошланади.

Ҳомиладор аёл доимо меъёрий кун тартибига риоя этиши, микроэлементларга бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши керак. Зарур бўлганда худудидаги оилавий поликлиника врачи билан маслаҳатлашган ҳолда дори-дармон қабул қилиши лозим. Аёл фарзанди дунёга келгач, чақалоғини фақат кўкрак сути билан озиқлантириши, кейинчалик эса ёшига қараб қўшимча овқатлар бериши талаб этилади.

Тиббий тарбия жараёнида шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишни болага бир ёшга тўлгандан бошлаб сингдириб борилади. Оилада кичиклар ота-оналарига ва атрофдагиларга тақлид қилишади. Шунинг учун, аввало, уларнинг ўзлари соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилган ҳолда ўрнак кўрсатишлари ўта муҳимдир. Болаларни соғлом турмуш тарзига одатлантириш учун шахсий гигиена қоидалари ўргатилади. Ота-оналарига, атрофидагиларга, яқинларига, ўртоқларига ўзаро ҳурмат, ғамхўрлик, кечиримлилик меҳр-оқибатлик каби хислатларини шакллантириш ҳам ўта зарур.

Оила инсонлар ҳамжиҳатлиги ва турмушнинг ташкил этишнинг бирламчи шакли бўлиб, оилавий муносабатлар, турмушда таркиб топган ва жамики муносабатларнинг бир қисмидир. Соғ­лом турмуш тарзини шакллантиришда тиббий маданиятни ўрни жуда катта. Тиббий маданият деганда биз аввало ҳар бир оилада инсон саломатлиги олий қадрият сифатида қай даражада эътироф этилганлигини, барча оила аъзолари томонидан соғлом турмуш тарзига амал қилинишини тушунамиз.

Ҳар бир инсон ҳаёти давомида тиббий маданиятини ошира бориши керак. Бу борада уларнинг тиббий билимларга бўлган эҳтиёжини ўрганиб чиқиш асосида профилактик тадбирларни ишлаб чиқиш, тадқиқотлар ўтказиш, орқали аҳоли саломатлигини баҳолаб бориш ва мониторинг ўтказиш йўли билан хавфли омилларни излаб топиш тиббиёт ходимларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ушбу соҳада фаолият юритаётган шифокорлар жамиятимиз томонидан ўз номларига юкланган ҳуқуқий ва маънавий-маърифий масъулиятни чуқур ҳис этишлари шарт.

Муҳаббат ДАДАБОЕВА,

ЖСваССТЭИТИ вилоят бўлинмасининг бўлим мудири.