Вазирлик раҳбариятининг ҳудудларда фуқароларни сайёр қабул қилиш жадвали ишлаб чиқилган. Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Лазиз Тўйчиев Учқўрғон тумани ҳокимлигида сайёр қабул ўтказди. 21 нафар фуқаро ўзини ёки фарзандини соғломлаштириш масалалари бўйича мурожаат этди. Кўпчилик юрак туғма нуқсони, ҳаракат аъзолари, кўз касалликларини даволашга оид муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилишини илтимос қилди.
- Ўғлим Шодмонбекни туғма юрак хасталиги безовта қилар эди. Қабул чоғида вилоят кардиология марказида жарроҳлик амалиёти бюджет маблағи ҳисобидан бажарилиши айтилди. Шу қадар ғамхўрликдан бошим осмонга етди, - дейди Янгиер қишлоғида яшовчи Наргиза Абдуллаева.
Қабул жараёнида ҳар бир мурожаат бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Уларни ижро этувчи тиббиёт муассасалари белгиланди. Кам таъминланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўрилди.
- Фарзандим Улуғбекнинг чап кўзи кўрмай қолганди. Хасталикни чуқур ўрганиш учун пойтахтдан малакали мутахассислар жўнатиладиган бўлди. Чекка ҳудудларда яшовчиларнинг узоғини яқин қилиб, шунчалик шароит яратиб берилаётганидан ғоят миннатдормиз, - дейди Зулфия Ўринова.
Бундай дил сўзларини Наргиза Имомова, Равзахон Азизова ва бошқалардан ҳам эшитдик.
Сайёр қабул кунинг иккинчи ярмида Чуст тумани ҳокимлигида давом эттирилди.