Янги тиббий клиника очиш ҳаракатидаги Тоҳиржон Бозоров замон талабига монанд фаолият олиб бораётган ана шундай ёшлардан

Ҳаёт ҳамиша олға интилганларни сийлайди. Уларга омаду қувончларни раво кўради. Бунинг боиси, бетиним ҳаракатдаги инсонларнинг интилишларию, бунёдкорликларидан юрт обод бўлади, халқ манфаатини кўзловчи лойиҳалар амалга ошади. Энг муҳими, бундан фаол тадбиркорлар ҳам, уни қўллаб-қувватлаётган жамият ҳам катта наф кўради. Алал-оқибат ишбилармон ва уддабуронларга халқ олқиши ёғилиб, худди Тоҳиржон Бозоров сингари ишлари тобора бароридан келаверади.

Газетхонларга шу кунгача янги қурилган ва очилган хусусий тиббий муассасаларнинг тақдимот маросимлари ҳақида хабар бериб одатланилган эди. Бу гал эса биз бошқача йўл тутишни афзал билдик. Яъни, янги муассасадаги шароитларни шарҳлашни кейинга қолдириб, кечагина режалашган қимматли лойиҳанинг бугун рўёбга чиқишида елиб-югураётган фаол тадбиркорнинг ўзи тўғрисида ҳикоя қилаётирмиз. Зеро, ҳар бир янгиликнинг ҳаётда ўз яратувчилари бўлади. Уларнинг ибрати эса яна кимларнингдир дилида ҳам эзгу ният уруғларининг тезроқ нишланишига туртки бериши тайин.

Йигирма беш баҳорни қарши олган замондошимиз Тоҳиржон тадбиркор Тўлқинжон Бозоров ва муаллима Мавлуда Қодировалар оиласидаги иккинчи фарзанд. У отасидан ҳар бир ишнинг кўзини билиб ҳаракатга тушишни, онасидан турмушда асқотадиган билимларни, элга манзур хулқий кўникмаларни ўзлаштирган. Натижада дастлаб 7-мактабда, кейин 4-давлат мактаб-интернатида, сўнгра, академик лицейда аъло баҳоларга ўқиди. 2013-2017 йиллари Наманган давлат университетининг жисмоний маданият факультетида устозлардан сабоқ олди.

Бунгача ҳам у спортга беҳад қизиққан эди. Соғломлик гарови саналмиш жисмоний чиниқишни ўзининг доимий машғулотига айлантириб улгурганди. Айниқса, шотакан карате-до тўгарагига қатнашиб, ҳатто 2010 йили Ўзбекистон чемпионлари сафидан ўрин эгаллади. Бу ўн тўққиз ёшли йигитча учун баркамоллик сари ташланган илк катта қадам ҳисобланарди. Университетда эса ютуқларини янада мустаҳкамлади. Илғорликни у фаолликка чорловчи ёрқин маёқ деб билади. Олий билим даргоҳидаги ўқишни битириб келибоқ, ўзи таҳсил олган мактабда ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси мақомига эришгани шундан далолатдир. Тоҳиржон наинки мактаб доирасида, айни вақтда бутун туман депарасида таниқли ташкилотчи сифатида тенгдошларининг ҳавасини уйғотиб туради. Унинг туман ёшлар етакчилари Кенгаши раислигига муносиб кўрилгани бежиз эмас.

Бир қарашда бу мақом тиниб-тинчимас йигитга етарликдек кўринару, бироқ Тоҳиржон ўз фаолиятидан ҳеч қачон қониқмайди. Қачон қараманг, янги-янги ниятлар оғушида изланади ва интилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 27 июндаги "Yoshlar - kelajagimiz" Давлат дас­тури тўғрисида"ги Фармони унинг учун айни муддао бўлди. Ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар, иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг вазифаларига мувофиқ мазкур Фармонниг қабул қилиниши Тоҳиржоннинг қалбига ўт солди, десак асло муболаға эмас.

У "Фаол тадбиркорлик, иннова­цион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да ҳаёт билан ҳамнафас эканлигини янада яққол намойиш қилди. Тўрақўрғонда биринчи хусусий клиника очишнинг ташаббускори сифатида тенгдошларига ўрнак кўрсатди. Беморларни ташхислаш ва даволашга йўналтирилган клиника учун аввало муҳташам бино, сўнгра энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари кераклигини мутахассислар билан бамаслаҳат ҳисоб-китоб қилган ҳолда катта маблағ эвазига амалга ошадиган лойиҳа ва бизнес-режа тузди. Ўзининг ташаббускор ёш фуқаросига рағбат ёғдиришга қодир истиқлолли юртда унинг хаёллари саноқли ойлардаёқ ҳаётий ҳақиқат касб этаётир. Жорий йилнинг октябр ойида тадбиркорга Давлат дастури имкониятларидан келиб чиқиб, 1 миллиард сўм кредит маблағ ажратилди. Қисқа фурсатда уч қаватли муҳташам бино тикланди. Пардозлаш ишларига навбат етиб келмоқда.

"Yoshlar - kelajagimiz" Давлат дастури туман жамғармаси раиси Абдуҳаким Муҳаммадалиевнинг изоҳ беришича, фаол тадбиркор Тоҳиржон Бозоров ҳамюртлари учун ғоят керакли ишга қўл урган. У энг замонавий диагоностика аппаратлари, даволаш жиҳозлари, ускуналари сотиб олиб ўрнатилишига эришади. Ҳатто 48 ўринли стационар даволанувчиларга қулай шароитлар муҳайё қилинади. Энг муҳими, 30 дан зиёд врач ва ҳамширалар учун янги муассаса эшиклари очилади.

- Мен Ўзбекистондек ёшларга беқиёс ғамхўрлик ва кенг имконият яратиб қўйилган келажаги буюк мамлакатда яшаётганимдан беҳад фахрланаман, - дейди фаол ёшлар етакчиси ҳамда тадбиркор Тоҳиржон Бозоров. - Президентимизнинг биз ёшларга бўлган ишончлари зиммамизга катта масъулият юкламоқда. Билдирилган ишончга муносиб бўлишга ҳамиша бурчлимиз. Ҳозирда терапевт-врач Наимжон ака Қаюмов билан янги жамоани шакллантиришга ҳам улгуриб қўйдик. Мутахассисларимиз юқори малакали ва чуқур билимли бўлишлари доимий эътиборимизда туради. Чунки, қаерда яхши шароит бўлса, яхши кадрлар хизмат кўрсатса, ўша жойга ташриф буюрувчилар кўпайишини ҳеч назардан қочирмаймиз. Хусусий клиникамизни келгуси йил Нав­рўзигача ишга тушириб юбориш ҳаракатидамиз.

Мақсади аниқ, қалби ёниқ йигитнинг эзгу ниятлари тўла ушалгач, биз ўшанда тиббиёт ходимларию, уларнинг юқори сифатли ташхис ва муолажаларидан баҳраманд беморларни мулоқотга чорласак ҳам ажаб эмас. Ахир халққа хизмат - олий ҳиммат. Ҳиммат кўрсатишга қодир инсонлар эса ҳар вақт ўрнак олишу олқишлашга муносибдирлар.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.