Меҳр гўё офтобга ўхшайди. Унинг тафти ҳам қалбларни мунаввар этади, илитади. Шифокор аҳлининг қуёшдек, меҳр-эътибори эса бемор танасини дарддан фориғ қилади. Улар ўз ҳаловатларидан кечиб бўлса-да, ўзгаларга ҳаловат улашишади. Ана шундай эзгу ниятли инсонлар сафида вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси ўсмирлар бўлими мудири, олий тоифали врач-психиатр Ўткиржон Шарипов ҳам бор.

Иш соати тугаб, кун аллақачон ўз ўрнини тунга бўшатганига қарамай, дўхтир ҳалиям касаллик варақаларини кўздан кечиряпти. Беморлари анемнизи билан обдон танишаркан, бироз ўйчан, бироз ташвишли, "Даволашни кечиктирмаслик керак, муолажаларни вақтида бошлаш керак...". У уйга кетиш олдидан яна бир бор беморларни назоратдан ўтказиш учун палаталар томон йўналди. Ташрифидан навбатчи ҳамширалару бўлим бекаларининг ҳушёрлиги янада ошади. Беморлари эса шифокорнинг самимий сўзларидан ўзларида эртанги кунга умид ва ишонч ҳиссини яна бир бор туюшлари аниқ.

Яхшиси, тиббиёт заҳматкаши ҳақида бир бошдан ҳикоя қилайлик. Ўткиржон Шарипов Косонсой туманининг Қўқимбой қишлоғида туғилган. Отаси Латипжон Шарипов эпидемиолог врач эди. Эсини танибдики, хонадонларидан қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг қадами узилмаган. Латипжон акадан нажот излаб, даво топиш илинжида келганларни кўриб, ўғли қалбида ота касбига меҳр уйғонганлиги табиий. Шу боис қишлоқдаги 33-мактабни тамомлаб, 1991 йили Андижон давлат тиббиёт институтига йўл солади. Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлиш бахтига мушаррафланади. Билим масканида устозлардан қунт билан таълим олади. Вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонасида интернатурани ўтади.

Аслида, у травматолог-ортопед мутахассиси бўлишни дилига тугган эди. Ҳатто инс­титутдаги таътил пайтларида вилоят травматология шифохонасида вақтинча фельдшер бўлиб фаолият ҳам юритган. Аммо ўша пайт­даги бош­қарма бошлиғи М. Тўрабековнинг раъйи­ни қайтаролмайди. Вилоятда психиатр-врач кадр­ларга эҳтиёж юқорилиги боис бош­қарма бошлиғи ундан интернатура ўтаган мазкур шифохонада иш фаолиятини давом эттиришни таклиф қилади. У 1998-1999 йиллари диспансернинг болалар бўлими мудири, 1999 йилдан ҳозирга қадар ўсмирлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. Шунингдек, у 2006-2014 йилларда вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармасининг штатсиз бош суицидологи ҳамда шу йилларда Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида психиатр- консультант бўлиб ҳам хизмат қилган.

Ҳеч кимга сир эмаски, руҳий-асаб йўналиши анчайин мураккаб. Чунки мазкур соҳа ходимлари кўпроқ ақлан нуқсли инсонларни соғломлаштириши керак-да. Соғлом инсонлар доимо юраги, буйраги, ошқозони, қўйингки танасининг бирор аъзоси безовта қилса, шикоятини аниқ айта олади. Лекин психикаси бузилганлар-чи? Улардаги турли ўзгаришларни псиҳиатрнинг ўзи англаб етмоғи, керак бўлса унга биринчи галда кардиолог, гастроэнтеролог ва уролог сифатида ҳам ёрдам бермоғи лозим. Бу эса мутахассисдан меҳнат ва машаққат, билим ва малака, қолаверса жуда катта масъулиятни талаб этади. Шуни жуда яхши ҳис қилган Ўткиржон ҳамиша билимларини мукаммаллаштиришдан, ўз устида тинимсиз ишлашдан чарчамайди. Республика ва хориж мамлакатларида ўтказиладиган врачлар конференцияларида маърузалари билан фаол иштирок этади. Шунингдек, у матбуот наш­р­­ларида психиатрия, психотерапия, суицидология сингари долзарб масалаларга оид мақолалари билан фаол қатнашиб туради. Устозлари Шавкатжон Тўхтаназаров, Абдуллажон Нурматов, Александр Шетений, Каромат Қаюмова, Мажидхон Ҳамидов, Акбарали Қосимов, Раҳимжон Парпиев, Турсунали Сиддиқов, Абдулазиз Йўлдошевлардан олган сабоқлари етук мутахассис бўлишида жуда-жуда ас­қотганлигини ҳамиша эътироф этади.

Ўткиржон исми-жисмига мослигини керакли пайтда доимо кўрсатишга қодир йигит. Чунончи, 2013 йили ноябрь-декабрь ойларида Россия Федерациясининг Омск шаҳрига шошилади. Балки малака оширгани дерсиз. Йўқ-йўқ, у Н. исмли Ўзбекистон фуқароси, руҳий бемор, жиноий жавобгарликка тортилганда мутахассис сифатида ҳимоя қилиш учун тиббий маълумотларини олиб боради. Жиноятга қўл урган шахснинг судида иштирок этиб, руҳий хаста эканлиги учун зарур амалий ёрдам бериб қайтади.

Ҳозирда унинг раҳбарлигидаги қирқ ўринли бўлимида хулқ-атвори бузилган, ақлий, руҳий ва жисмоний нуқсони бор ўспиринлар даволанишади. Яна бу ерда вилоят мудофаа ишлари бошқармаси томонидан харбий хизматга чақирилувчиларнинг ҳам руҳий ҳолатидаги нуқсонсонлилар сараланар экан. У талабчан раҳбар. Бўлим ходимларидан ҳамиша ўз касбига садоқатни, беморларга эътибор ва ғамхўрликни, муолажаларни ўз вақтида олиб боришни, кўмакка эҳтиёжмандларнинг озодалигини, хоналарнинг саранжом-саришталигини доимо диққат марказида тутади.

- Фарзандим олигофрения хасталиги туфайли шу ерда тез-тез даво муолажаларини олади. Баъзан ойлаб даволатишга тўғри келади. Ҳамиша озода, тирноқлари олинган, усти-бошлари тартибли ҳолатда бўлади. Ўғлимни бу ерга олиб келганимизда у ҳеч нимани ҳис қилмас, ҳаттоки юра олмас эди. Мана, ҳозир ўзи мустақил юришни, санашни, ҳис қилишни ўрганди. Бунинг учун шифохона ходимларига раҳматлар айтаман, - дейди Саида Йўлдошева нигоҳларида қалқиган севинч ёшлари билан.

Албатта, Ўткиржон Шариповдек касбига содиқ, шифокорлар бор экан, бундай миннатдорлик изҳорлари бардавом бўлаверади. Устозлар дуосини олган, бугун ўзи ҳам устоз мақомида шогирдлари Улуғбек Раҳимов, Лутфулло Дарвишев, Расулжон Эшматовларнинг тиббий билим ва кўникмаларини оширишида ҳамкору маслакдош бўлаётган шифокорни бундан буён ҳам халқ ишончини оқлаб, олқишу шарафларга лойиқ бўлиш бахти асло-асло тарк этмасин деймиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.