дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Аббосхон Мамадалиев
Спорт - саломатлик асоси. Буни айниқса, саломатлик посбонлари аталмиш тиббиёт тизими ходимлари ҳам теран англайдилар. Шу боисдан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг асосий мақсади соҳа ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб этишдан иборат.
- Аббосхон ака, юртимизда ҳар йили бошқа соҳа ходимлари қаторида соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари томонидан ҳам турли спорт мусобақаларини ташкил этиш анъанага айланган. Суҳбатимизни шундан бошласак.
- Дарвоқе, бир неча ўн йиллардан буён соҳа ходимлари ўртасида спортнинг футбол, волейбол, стол тенниси, шаҳмат-шашка, енгил атлетика турлари бўйича шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида "Спорт - саломатлик гарови", "Отам, онам ва мен - спортчилар оиласи", "Биз гиёҳвандликка қаршимиз!", "Спорт - тинчлик элчиси" каби шиорлар остида спорт байрамлари ўтказиб келинаяпти. Бу тадбирлар қуйи бўғин касаба уюшмаси қўмиталари томонидан уюшқоқлик билан ташкил этилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Чунки мусобақаларда соҳанинг барча ходимлари фаол иштирок этмоқда. Спорт байрамлари шаҳар ва туманларнинг марказий ўйингоҳларида бўлиб, у чинакам саломатлик фестивалига айланиб кетаяпти.
- Чунки иштирокчиларни муносиб тақдирлашга эришилаяпти, шундай эмасми?
- Албатта, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг "Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш Концепцияси"да белгиланган вазифаларни амалга ошириш асносида спорт тадбирлари иштирокчилари ва ғолибларини муносиб тақдирлашга муваффақ бўлмоқдамиз.
Жумладан, вилоят миқёсида тиббиёт ходимлари ўртасида спорт-соғломлаштириш ишларининг ташкил этилиши вилоятдаги 60 та тиббиёт муассасаларидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг иш режаларига алоҳида бўлим сифатида киритилди ва уни мониторинг қилиш ишлари тизимли давом эттирилмоқда. Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари, республиканинг вилоятдаги марказлари бошланғич ташкилотларида тузилган жамоа шартномаларига спорт тадбирларини ташкил этиш тўғрисидаги алоҳида бандлар киритилган. Шунингдек, иш берувчи маблағлари ҳамда касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан иш жойларида ходимларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш ва спорт анжомлари билан таъминлаш назорат қилиб бориляпти.
Жамоа шартномаларига соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини турли спорт тўгаракларига имтиёзли чипталар аососида аъзо бўлишлари ҳақида банд ҳам киритилганини таъкидлаш ўринли.
- Жорий йилдаги спорт тадбирларига алоҳида тўхталиб ўтсангиз.
- Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда тиббиёт ходимлари ўртасида турли спорт мусобақаларини ташкил этиш бўйича 2018 йил учун вилоят касаба уюшма ташкилотлари томонидан қўшма дастурлар ишлаб чиқилган ва ушбу дастур асосида ҳамкорликда спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси вилоят маданият, жисмоний тарбия ва спорт, халқ таълими бошқармалари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ўзаро ҳамкорликда шу кунгача 12 марта спорт мусобақалари ташкил этилди.
"Спорт - саломатлик гарови" шиори остидаги спорт мусобақаси шулар жумласидан. Мусобақалар жорий йил февраль - март ойларида барча даволаш-профилактика муассасаларидаги бошланғич ташкилотларда спортнинг шаҳмат-шашка, стол тенниси, бадминтон, волейбол, арқон тортиш, армрейслинг турлари бўйича ўтказилди. Бундан ташқари, оилавий спорт мусобақалари ҳам юксак савияда ташкил этилаяпти. Унинг туман ва шаҳар босқичи ғолиблари касаба уюшмаларининг "Диплом" ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Вилоят миқёсидаги югуриш бўйича "Саломатлик сари" марафони ва "Соғлом оила" шиорлари остидаги спорт мусобақаси ҳам жорий йилда ўтган энг ёдда қоларли тадбирлардан бири бўлди. Мусобақанинг яннварь ойида ўтган дастлабки босқичларида соғлиқни сақлаш ходимларининг 550 та оиласи иштирок этди. Иштирокчилар сони 1650 нафарни ташкил этади. Кейинги босқичда 120 оила, "Баркамол авлод" спорт мажмуасида ўтган вилоят босқичида эса 26 оиланинг 78 нафар аъзолари ғолиблик учун кураш олиб боришди.
- Сир эмаски, соҳа ходимларининг асосий қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун жойларда қандай шароитлар яратиб берилмоқда?
- Соҳада ишловчи аёлларнинг жисмоний фаоллигини ва иш унумдорлигини ошириш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳаракат-таянч касалликларидан ҳоли этиш мақсадида ҳар бир муассасада "Ходимлар гимнастикаси" хоналари ташкил этилган. Гимнастика хоналари зарур спорт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Уларда аёллар ишдан бўш вақтларида шуғулланиб келмоқдалар.
Бундан ташқари, мамлакатимизда нишонланаётган турли муҳим саналар муносабати билан бошланғич ташкилотларда 4 та ёш тоифаси, яъни 20-30, 30-40, 40-50, 50 ва ундан катта ёшдаги аёллар ўртасида спортнинг шаҳмат-шашка, волейбол, футбол ва енгил атлетика турлари бўйича спорт мусобақалари ташкил этиб келинаяпти.
- Жаҳоннинг турли давлатларидаги шифокор-футболчилар алоҳида эътирофга лойиқ натижаларга эришиб келаяпти. Бизнинг республикамиз шифокор-футболчилари билан қандай ишлар амалга оширилаяпти?
- Республика Кенгаши томонидан республикамиздаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шифокорлар ўртасида миллионлар ўйини бўлган футболни оммалаштириш, Республикамизда шифокорлар терма жамоаси таркибига янги иқтидорли футбол ўйинчиларини танлаб олиш, жалб этиш ва терма жамоа таркибини қайтадан шакллантириш, 2018 йилнинг 4-чорагида Тошкентда Ҳамдўстлик давлатлари, Европа ва Осиё давлатлари шифокорлари жамоалари ўртасида футбол бўйича "Ҳамдўстлик кубоги" турнири ҳамда 2019 йили Мексиканинг Канкун шаҳрида шифокорлар жамоалари ўртасида ўтказиладиган футбол бўйича Жаҳон Чемпионатида Ўзбекистон шифокорлар терма жамоасининг муваффаққиятли иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раёсатининг қўшма қарори ижросини Наманган вилоятидаги даволаш-профилактика муассасаларида бажарилишини таъминлаш ҳамда 1-Республика врачлар футбол турнирига Наманган вилоятидан врачлар футбол жамоасини иштирокини таъминлаш мақсадида жорий йил сентябрь ойида барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида ҳамда вилоят муассасаларида ишловчи врачлар ўртасида футбол мусобақалари ташкил этилди. Ғолиб жамоаларнинг вилоятдаги саралаш ўйинларида иштироки таъминланди. Натижада вилоят соғлиқни сақлаш тизимида "Наманган врачлар футбол жамоаси"нинг 24 нафар врачлардан иборат терма жамоаси шакллантирилди.
"Наманган врачлар футбол жамоаси" Самарқанд шаҳрида ўтказилган 1-Республика врачлар футбол турнирида фаол иштирок этиб келди. Бундан ташқари, "Тиббиёт ва спортда инновация" мавзусида илмий-амалий конференцияда қатнашилди.
Ўтказилган футбол турнирда Ўзбекистон врачлар футбол жамоасининг янги таркибига бизнинг Наманган врачлар футбол жамоасидан тўққиз нафар ўйинчи танлаб олинди.
Бундан ташқари, барча тиббиёт муассасаларида ўтказиб борилаётган "Маънавият соатлари"да Олимпия, Осиё ўйинлари, Жаҳон чемпионлари ва халқаро мусобақалар совриндорлари билан учрашувлар, давра суҳбатлари, ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.
- Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.