Тақдимот маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Азизова, республика онкология илмий маркази директори, профессор Саримбек Наврўзов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар истиқлол йилларида муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ижобий самаралар бераётгани, эндиликда аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ўсиб бораётгани ҳақида гапирдилар.

- Ярим асрдан кўпроқ шифокорлик қилганман. Ҳеч бир давр­да шу қадар тиббиёт равнақига эътибор қаратилганлигини эслай олмайман, - деди меҳнат фахрийси, соғлиқни сақлаш аълочиси Мусохон ота Сайдуллаев мамнуният билан.

- Шундай кўркам ва замонавий шифохонада хизмат қилиш дилга ғурур бағишлайди. Бугунги авлод тиббиёт ходимларига ҳавас қилса арзийди. Улар халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун сидқидилдан интилишлари даркор.

"Истиқлол жавоҳири" масъулияти чекланган жамият бинокорлари бир йил муқаддам мазкур объ­ект­да қурилиш ва таъмирлаш ишларини бошлаган эдилар. Салкам 3 миллиард сўм бюджет маблағи эвазига диспансер бинолари қайта таъмирдан чиқарилди. 20 ўринли янги радиология бўлими, алоҳида кир ювиш блоки ва иситиш қозонхонаси ташкил этилди. Исломжон Таирбоев раҳбарлигидаги қурувчилар жамоаси барча юмушларни аъло даражада бажаришга муваффақ бўлишди. Уларга миннатдорчилик рамзи сифатида совғалар топширилгани бежиз эмас.

- Мамлакатимизда онкология хизматини бугунги кун талаблари даражасида юксалтириш учун дастурлар ишлаб чиқилган, - дейди вазирлик бош онкологи Хуршид Исломов. - Учта вилоятда, шу жумладан Наманганда соҳа фаолиятини такомиллаштириш ишлари якунланди. Энди муассасаларимизда касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш билан биргаликда илмий изланишлар олиб бориш учун ҳам шароитлар вужудга келди.

- Дарҳақиқат, шифохонамизнинг салоҳияти тобора юксалмоқда, - дейди диспансер бош врачи Муяссар Эргашева. - Икки йил муқаддам "Маҳалла" жамоат фонди вилоят бўлими ҳисобидан қиймати 330 минг АҚШ долларига тенг, водийда ягона "Кобальт-60" русумли радиоактив нур манбааси ишга туширилган эди. Энди бўлса Ислом Тараққиёт банки кредити ҳисобидан келтириладиган янги тиббий аппаратлар учун ҳам радиология бўлими хоналари шай қилиб қўйилди. Инвестиция дастурига мувофиқ қиймати 226 миллион сўмдан зиёд бўлган янги жиҳоз ва анжомлар олдик.

Моддий-техник имкониятлари тобора ортиб бораётган диспансерда 180 нафардан зиёд саломатлик посбонлари хизмат қилишади. Муассаса 140 ўринли стационар ва 120 қатновга эга поликлиникадан иборатдир. Айни пайтда нафақат вилоятимиз, балки Андижону Фарғонадан келган онкологик беморларга ҳам тиббий хизмат кўрсатилмоқда.