Солижон МЎМИНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.
Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Кейинги икки йил ичида қабул қилинган Президент Фармон ва Қарорларида олдимизда турган ғоят муҳим вазифалар ўз ифодасини топган. Мазкур ҳужжатларда қайд этилган ҳамда соғлиқни сақлаш тизими раҳбар ва мутахассислари билан муҳтарам Юртбошимиз ўтказган селектор йиғилишларида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш борасидаги изчил фаолиятимиз натижаси ўлароқ соҳа ишини тубдан яхшилаш, даволаш-диагностика ишлари самарадорлигини ошириш, янги технология ва замонавий усулларни татбиқ этиш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш ва бошқа йўналишларда ижобий натижаларга эришилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да фан ва техника ютуқларини, илғор технологияларни жадал татбиқ этиш масаласи доимий эътиборимизда бўлиб келмоқда. Жорий йилда тиббий хизматни такомиллаштиришда айнан мана шу омилга таянилганлиги боис даволаш ишларида юқори натижаларга эришилмоқда. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят кардиология марказида ҳамда қатор туманлар марказий шифохоналарида ўтказилган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари фикримиз далилидир. Уларни Жанубий Корея, пойтахтимизнинг таниқли олим шифокорлари ва вилоятимизнинг етук мутахассислари "Маҳорат дарси" сифатида кўрсатиб беришди.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида инновациялар босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. "Электрон поликлиника" ва "МедДата" автоматлаштирилган ахборот тизимлари ишга солинган эди. Кейинчалик шошилинч тиббий хизмат фаолиятини такомиллаштириш сари муҳим қадам қўйилди. Яъни, тез тиббий ёрдам хизматига йўналтирилган барча автомашиналарга GPS навигаторларни ўрнатиш ва уни тизим бошқарув марказига улаш ишлари тугалланди.
Жорий йилда аҳоли саломатлигини сақлаш натижадорлигини таъминлаш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар аввалгиларидан мутлақо бошқача тарзда ўтказилди. Яъни, бу жараён мактабгача таълим муассасаларидан тортиб, мактаблар, коллежлар ва олийгоҳларгача қамраб олди. Бундан ташқари аҳолининг барча қатламлари ўртасида маҳалла фаоллари кўмагида ташкил қилинган тиббий кўрикларда шифокор қабулига кирмаган инсон қолмади, десак муболаға эмас. Шуниси эътиборга моликки, бу саъй-ҳаракатлар айниқса оилаларда ижтимоий-маънавий-муҳитни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни жойида хал этиш мақсадида вилоятимизга келган Республика Ишчи гуруҳининг барча туманлардаги ва Наманган шаҳридаги изчил фаолияти доирасида янада авж олди. Минглаб ҳамюртларимиз ана шу ўрганиш жараёнида соғломлаштирилганлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим.
Оналик ва болалик муҳофазасини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларимиз ҳам ижобий самаралар бераётир. Республикада биринчилардан бўлиб барча туманлар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида скрининг хоналари очилиб, улар энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Энди ҳомиладорликнинг дастлабки давридаги ҳолатини текширтириш учун вилоят "Она ва бола скрининги" марказига қатнашга ҳожат қолмади. Бу мақсадлар учун вилоят маҳаллий бюджетидан 4,5 миллиард сўм маблағ сарфланганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Ҳудудларда иш олиб бораётган "Саломатлик мактаблари" машғулотларида, яқиндагина якунланган "Соғлом аёл ойлиги" давомида туғиш ёшидаги опа-сингилларимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш, уларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга алоҳида урғу берилди.
Хориж билан алоқалар ҳам ривожланиб боряпти. Ўтган ўн ой давомида Россия, Белоруссия, Ҳиндистон ва Жанубий Корея давлатларининг энг таниқли шифокорлари вилоятимизга ташриф буюришди. Улар жойларда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказибгина қолмасдан кўплаб ҳамюртларимизга юқори малакали тиббий хизмат ҳам кўрсатишди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа шифохоналарда ўтказилган юқори технологик амалиётлар фикримиз далилидир. Бу жараёнлар чоғида маҳаллий шифокорлар жаҳон тиббиёти ютуқларидан воқиф бўлганликларини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари хизмати ҳам давр талаблари асосида такомиллаштирилаётир. Қишлоқ жойларида очилган оилавий поликлиникалар ишидаги ижобий ўзгаришлар одамларни мамнун этмоқда. Мавжуд 62 та оилавий поликлиника 6 турдаги мутахассислар билан таъминланган. Эндиликда бирламчи тизимдаги саломатлик посбонлари эрталаб соат 8дан то 20га қадар хизмат кўрсатишаётган бўлсалар, мазкур тиббиёт масканларига кўчирилган тез тиббий ёрдам шохобчалари туну кун эл соғлиғи муҳофазасига шайдир. Бугина эмас, Наманган шаҳридаги ҳамма оилавий поликлиникаларда ҳам тез тиббий ёрдам хизмати шакллантирилган.
Инвестиция дастурида белгиланган вазифалар ижроси учун йўналтирилаётган сармоя миқдори йил сайин ортиб бораётганлиги эса давлатимиз томонидан тиббиёт соҳаси равнақи учун эътибор кучайтирилаётганлигидан далолатдир. Бу йил биргина вилоятимиз тиббиёти объектлари қурилиши, реконструкцияси ва таъмирланиши учун салкам 50 миллиард сўм бюджет маблағи йўналтирилганлиги қувонарли. "Обод қишлоқ" дастурига мувофиқ ва маҳаллий бюджет ҳисобидан сарфланаётган маблағлар ҳам бу йўналишдаги ишлар кўламини кескин оширди.
Мазкур дастур учун ажратилган 8,5 миллиард сўм эвазига 15 та тиббиёт муассасасида таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, маҳаллий дастурга мувофиқ 10 миллиард сўм сарфланиб 22 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари таъмирланди. Бинобарин, Наманган шаҳрида барпо этилган 14-оилавий поликлиника биноси, Косонсой, Чортоқ, Тўрақўрғон, Наманган, Мингбулоқ ва бошқа туманларда фойдаланишга топширилган қатор қишлоқ оилавий поликлиникалари бинолари маҳобати билан ҳудудларимиз инфратузилмасини кўркамлаштирибгина қолмай, соҳа фаолиятини янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Вилоятимиз тиббиётининг муҳим бўғини - хусусий тармоқ ҳам илдам ривожланиб боряпти. Бугунги кунда улар сони 300 дан ошди. Нафақат миқдор ортди, балки кўрсатилаётган хизматларни ҳам жаҳон андозалари даражасига етказиш учун интилмоқда тадбиркорларимиз. Янги технологиялар, хизмат кўрсатишнинг энг замонавий усулларини қўллаш учун астойдил изланилмоқда. "Анамед", "Сайдана" ва "Наманган тиббиий диагностика" масъулияти чекланган жамияти ва бошқа нодавлат тиббиёт муассасаларидаги ибратли ишлар таҳсинга лойиқ. Яқин орада собиқ вилоят тиббий-диагностика маркази ўрнида очиладиган Ўзбекистон - Жанубий Корея қўшма корхонаси шифохонаси тиббий хизматнинг янги даврини бошлаб беришига шубҳа йўқ. Мазкур клиника учун 30 миллион АҚШ долларидан ортиқ хориж сармояси киритилаётганлиги ҳам унинг салоҳияти нақадар юксак бўлишидан дарак бермоқда.
Шиддат билан ривожланиб бораётган замонавий тиббиёт кадрлар малакасини тубдан оширишни тақозо этмоқда. Бинобарин, бугунги кун шифокори чуқур билимли ва жаҳон миқёсида эришилаётган ютуқлар ҳамда оммалашаётган янги услублардан бохабар бўлмоғи лозим. Шунинг учун ҳам соҳада фаолият олиб бораётган врачлар ва тиббиёт ходимлари малакасини муттасил ошириш энг долзарб вазифалар қаторида турибди. 2018 йилда кўплаб мутахассисларимиз Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва тиббиёт олийгоҳларига ўқишга юборилди. Изланувчан шифокорлардан бир гуруҳи Англия, Туркия ва Ҳиндистон давлатларидаги энг нуфузли клиникаларда билим ва маҳоратларини ошириб қайтдилар.
Жорий йилда амалга оширилган ишлар кўламига назар солинса, бир мунча ўзгаришларга эришилганлиги кўринади. Бироқ ҳали фаолиятимизни муҳтарам Юртбошимиз томонидан қўйилаётган талаблар даражасига кўтариш учун кўп иш қилишимиз зарур. Соҳага инновацион ғояларни татбиқ қилиш, тиббий хизматдан халқимизни рози қилиш учун янада масъулият, қатъият ва изланувчанликни бош мезонга айлантирмоғимиз лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимизнинг барча соғлиқни сақлаш ходимларини яқинлашиб келаётган Тиббиёт ходимлари куни билан чин дилдан самимий табриклайман. Уларнинг халқ саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги эзгу ишларида каттадан-катта муваффақиятлар тилайман.