Аёл зоти мўъжиза, тилсим,
Қовурғадан яралгани чин!
Дархақиқат, аёл жуда нозик ҳилқат. Аллоҳ уни ҳужайра-ю тўқималаригача, ҳатто руҳиятини ҳам жуда нозик яратган. Шундай бўлса-да, унга 40 та "жон" ҳам ато этган. У-яшовчан, чидовчан, сабрли, тоқатли. Келажагимиз давомчиларининг тақдири ҳам уларга боғлиқ. Она соғлом бўлса, бола ҳам соғлом, юрт ҳам обод бўлади. Шу боис давлатимизнинг, муҳтарам Президентимизнинг асосий эътиборлари, ғамхўрликлари ана шу нозик ҳилқатларга - аёлларга, айниқса туғиш ёшидаги аёлларга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан республикамизда шу йилнинг 17 сентябридан 20 октябригача "Соғлом аёл ойлиги" ўтказилди. Бу борадаги эзгу ишларимиз алоҳида диққатга сазовор ҳисобланади. Ойликни ўтказишдан асосий мақсад ҳар бир инсонни тиббиёт ютуқларидан баҳраманд этиш, ўсмир қизлар ва фертиль ёшидаги аёлларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш, аҳолини соғлом турмуш тарзига йўналтириб, тиббий маданиятини юксалтириш ва касалликлар салмоғини янада пасайтиришдан иборат бўлди.
Жумладан, Наманган туманида ҳам "Соғлом аёл ойлиги"ни уюшқоқлик ва самарали ўтказиш чора-тадбирлари кўрилди. Мавжуд 53 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида туғиш ёшидаги аёллар қайта хатловдан, режа асосида тиббий кўрикдан ўтказилди, уларда аниқланган экстрагенитал касалликларни ўз вақтида амбулатор ва стационар шароитда даволаб, соғломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Туғиш ёшидаги аёллар 45786 нафар бўлса, ўсмир қизлар 3677 нафарни ташкил этади. Уларни тиббий кўрикка 100 фоиз жалб қилинди. Мавжуд мактаб ва коллежлардаги ўсмир қизларимизгача тадбирдан четда қолишмади. Турли хил хасталиклар ўз вақтида аниқланиб, соғломлаштириш ишлари олиб борилди.
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, турли хил юқумли касалликларнинг олдини олиш тўғрисида тушунчалар бериш, қизларни оналикка тайёрлаш, аёлларда репродуктив саломатликка эришиш, шахсий гигиенага амал қилиш мавзуларида суҳбатлар уюштирилиб, маърузалар ўқиш билан уларнинг тиббий саводхонлиги янада оширилди.
Саломат АРЗИМАТОВА,
Наманган туман марказий поликлиникасининг
Саломатлик бўлими мудири.