дейди ВССБнинг пуллик хизмат кўрсатиш бўйича
бош мутахассиси Ҳошимжон АСҚАРОВ
Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти амалиёти талабларидан келиб чиқиб, тиббиёт хизматининг бепул ва пуллик турлари жорий қилинган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ташкилланган пуллик хизмат кўрсатиш бўлими шу соҳа назорати ва ҳисоботи билан шуғулланади. Бизнинг байрамолди мулоқотимиз мазкур йўналишдаги фаолиятга бағишланди.
- Ҳошимжон Бозорбоевич, жаҳон тиббий амалиёти андозаларига мувофиқ иш юритишга ўтилаётган юртимизда эндиликда давлат муассасаларида ҳам бепул хизмат кўрсатиш билан ёнма-ён пуллик диагностика ва муолажалар олиб борилмоқда. Аввало, унинг қонуний асослари тўғрисида тушунча берсангиз?
- Одатда халқимиз давлат муассасаларида бепул, хусусий тармоқларда пулли хизмат амалга оширилади, деб тушунадилар. Бу ҳам тўғри. Бироқ вилоятимизда шундай даволаш масканлари ҳам борки, уларга ҳам давлат томонидан бепул, ҳам пуллик фаолият юритиш ҳуқуқи берилган. Мустақиллик йилларида зарур шароит ва имкониятлар яратиш бўйича кафолатли ҳужжатлар қабул қилинган. Аниқроқ айтадиган бўлсам, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябрда "Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги 414-сонли, 2016 йил 10 сентябрда "Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ташкилотлари тузилмасини янада такомиллаштириш ва соғлиқни сақлаш тизими тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 292-сонли қарорларида пуллик хизматларнинг мақсад-моҳияти батафсил баён этиб берилган. Шу муҳим икки қарор ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 340-сонли буйруғи билан пуллик тиббий хизматлар жорий қилиб келинмоқда.
Вилоятимиздаги кардиология маркази, кўп тармоқли тиббиёт маркази, 1-шаҳар шифохонаси, саломатликни қайта тиклаш (реаблитатив) шифохонаси 2016 йилдан бошлаб босқичма-босқич 100 фоиз пуллик тиббий хизмат кўрсатиш ҳисобига фаолият юритиш дастурига киритилган. Ҳозирда мазкур муассасаларда 60-40, 80-20 фоизли, яъни кўп улуши пуллик, кам улуши давлат ҳисобидан бепул хизмат йўлга қўйилган. Шунингдек, юқоридаги қарорга мувофиқ 1999 йилдан буён шаҳар ва туманларнинг тиббиёт бирлашмалари ва вилоят муассасаларининг айримларида тўлиқ хўжалик ҳисобидаги бўлимлар очилган. Уларда барчага тиббий ва сервис хизматлар тўла пулликдир.
Даволаш-профилактика масканларида пуллик хизматлар ташкил этишнинг асосий мақсад-моҳияти шундан иборатки, бу муассасаларда давлат дастурига мувофиқ қисқартирилган айрим тиббий тармоқлар, бўлимлар ва ишчи ўринлари сақлаб қолинишга эришилди. Фаолият юритаётган ходимларнинг иш ҳақлари ва бошқа зарурий ҳаражатлар энди пуллик тиббий ҳамда сервис хизматларидан тушадиган маблағлар билан қоплаш имкони яратилди.
- Агар пул маблағлари асосий ҳаражатлардан ортиб кетса-чи?
- Тушумлардан маълум қисми ДПМларнинг молиявий фаолияти давомида юзага келадиган муддати ўтган кредиторлик қарзларини қоплашга йўналтирилиши мумкин. Ўз навбатида бюджетдан ташқари топилган даромаддан самарали иш олиб бораётган соҳа мутахассисларини ижтимоий ҳимоялаш ва моддий рағбатлантиришга бемалол сарфланаверади.
- Пуллик хизмат кўрсатувчи муассасаларга давлат томонидан қандай имтиёзлар жорий қилинган?
- Ҳукумат қарорларига асосан кўрсатилаётган пуллик тиббий ва сервис хизматлар ҳисобидан топилаётган даромадлар солиқ тўловларидан озод қилинган. Бу, мавжуд маблағларнинг бир қисмини муассаса моддий-техника базасини ривожлантиришга йўналтириш имконини туғдиради. Натижада шифокорлару беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратилади, янги аппаратлар сотиб олинади. Тўкис шароитларнинг муҳайёлиги-ю, энг замонавий тиббий асбоб-анжомларнинг бисёрлиги ўз-ўзидан мижозларнинг ихлосини кучайтиради. Даволанувчилар кўпайса, даромадга барака кираверади, ишловчиларнинг моддий манфаатдорлиги ортиб бораверади, албатта.
- Давлат улушига эга тиббиёт муассасаларининг бугунги ҳолати хурсанд қиларли даражадами?
- Тўғриси, ҳали юксак талабларга тўла жавоб бера олмаса-да, молиявий ҳолатлари анча барқарорлашди. Кўрсаткич рақамлари шундан далолат беради. Сўнгги икки йилга назар ташласак, эришилаётган натижалар чакки эмаслигини кўрамиз. 2017 йилда вилоят бўйича пуллик тиббий ва сервис хизматлари кўрсатишдан 31 миллиард 10 миллион сўм маблағ топилган. Шунинг 30 фоизи даволаш-профилактика муассасаларининг жорий ҳаражатларига сарфланган. 10 фоизига замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилган. 2018 йилнинг тўққиз ойида эса 21 миллиард 874 миллион сўмлик хизмат кўрсатилган. Бундан буён ҳам тармоқ иши тобора такомиллашишига эришилаверади. Режали чора-тадбирлар кўришни янада изчил олиб бораверамиз. Соҳада йил сайин юксак марраларнинг эгалланишини таъминлаш ягона мақсадимизга айланган.
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.