дейди ВССБнинг лицензия талаб ва шартларига риоя этилишини

назорат қилиш бўлими мутахассиси Толибжон Ваҳобов

Истиқлол ислоҳотлари шифокорларимиз учун янги юксалишлар даврини бошлаб берди. Уларга агар исташса, ўзларининг хусусий даволаш-профилактика муассасасини очиб ишлаш имкониятини яратиб қўйди. Ҳаёт билан ҳамнафас яшаётган, тадбиркорлик лаёқатига эга тиббиёт мутахассислари учун бу айни муддао бўлди, албатта. Йилдан -йилгагина эмас, ойдан-ойга уларнинг сафи кенгайиб бораётгани фикримизнинг яққол далилидир. Бизнинг соҳага масъул мутахассис билан суҳбатимиз айнан хусусий тармоққа давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор, фаолият юритаётган хусусий тиббий шахобчаларнинг ҳолати ва у ердаги жамоаларнинг қўлга киритаётган ютуқларга бағишланди.

- Толибжон Юсуфжонович, аввало, яқинлашиб келаётган касб байрами билан Сизни ва хусусий сектор жонкуярларини табриклаймиз. Биз вилоят тиббиётидаги беқиёс ўзгаришларнинг бир талайи хусусий секторда амалга оширилаётганига шоҳидмиз. Бу шубҳасиз кейинги икки йил мобайнида тадбиркор-шифокорлар учун Президентимиз томонидан керагича рағбатлар берилаётгани самараси эмасми?

- Худди шундай. Дастлаб 2017 йилнинг 1 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Соғлиқни сақлаш тизими хусусий секторини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2863-сонли қарор қабул қилган эди. Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 29 де­кабрида "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги ПҚ-3450-сонли қарорга ҳам имзо чекдилар. Ҳар икки ҳужжат ғоят ҳаётийлиги билан долзарб масалаларни қамраб олдики, касбдошларимизнинг руҳига - руҳ, ҳаракатларига ҳаракат қўшди.

Врачларимизга қонун талабларига қатъий риоя қилган ҳолда хизмат кўрсатишни кенгайтириш ва такомиллаштиришга барча имкониятлар яратиб қўйилаётгани улардаги ўз хусусий муассасасини очиш иштиёқини янада кучайтириб юборди. Давлат томонидан кўмак ва қўллаб-қувватлаш йўлга қў­йилаётган экан, ҳаммада шунга яраша элу юртга катта наф келтириш ҳисси уйғонди.

Бугун мамнуният билан айтишим мумкинки, янги иш бошлаганлар 39 тага, фаолияти кенгайтирилганлар 22 тага етди. Натижада сектордаги мавжуд ўринлар сони 3831 тани ишловчи ходимлар эса 3361 тани ташкил қилди.

- Янги ташкил этилган хусусий тиббиёт муассасалари асосан қаерларда очилди?

- Аслида барча туманларда фаолият бошлади. Айниқса, Норин, Тўрақўр­ғон, Поп, Чуст, Уйчи, Учқўрғон туманларида ва Наманган шаҳрида кўпроқдир. Тадбиркорлар сафининг кенга­йиши тўхтовсиз жараён. Келгуси йили янги очиладиган муассасалар янада кўпайиши аниқдир.

- Кейинги пайтда хусусий секторда фаолият юритаётганлар хориждаги ҳамкасблари билан алоқа боғлаб, икки томонлама манфаатли шартномалар асосида ҳамкорликни йўлга қўйишаётганини, беморларга беҳад қулайлик туғдираётганини жуда хайрли ва савобли ҳаракатлар сифатида баҳолашимиз мумкин.

- Албатта, чунки ҳамюртларимиз юрак ва буйракдаги муаммоли ҳолатларни бартараф этиш учун олис Ҳиндистон ёки Россияга бориб, мураккаб жарроҳлик амалиётларидан ўтишга мажбур бўлишяпти. Эндиликда, ҳар икки мамлакат мутахассислари Наманганга келишиб, беморларнинг узоғини яқин, мушкулини осон, сарфини арзон қила бошлашмоқда. Улардан илғор усуллару, юксак малака сирларини ёш мутахассисларимиз ёнма-ён туриб ўрганишга астойдил киришишган.

Бемалол айтишимиз мумкинки, хусусий даволаш-профилактика муассасалари жамоалари халқимиз учун бугун ҳам, эртага ҳам юқори сифатли, серсамара тиббий хизматнинг уддасидан чиқаверишади. Шифокорларимиз ҳадемай жаҳоннинг илғор мамлакатлари мутахассисларидан ҳеч қолишмайдиган мақомга эришадилар. Ахир ўзбек врачлари тиббиётнинг буюк бобокалони Абу Али ибн Синонинг авлоди, вориси деган ғоят шарафли номни оқлашга муносиб бўла олишга ҳар жиҳатдан қодирдирлар. Бунга ишончимиз комил.

- Биз ҳам ишончингизни тўла маънода оқланишига, юртимиз хусусий тиббиёти заҳматкашлари мавқе-мартабаси йилдан-йилга баланд бўлишига чин дилдан тилакдошмиз.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.