Инсон ҳаётининг сермазмун ва жозибадорлиги унинг саломатлиги билан боғлиқ. Киши соғлом бўлсагина, кайфияти баланд юради. Лекин иссиқ жон-да, баъзан хасталик безовта қилиб туради. Лолахон ая ҳам бир неча кундан буён қулоқ оғриғидан безовта. У эрта тонгда поликлиникага ошиқди. Лор врачининг қабулига келиб, навбатга турди.

- Келинг, келинг онахон, - кутиб олди шифокор.

- Қани манаву жойга ўтиринг-чи, қаерингиз безовта қиляпти?

Лолахон ая оғриётган қулоғини кўрсатди. Дўхтирнинг самимий муомаласидан кўнгли кўтарилди.

- Онажон, анчагина дард чекиб­­-   сиз-а. Қулоғингизни шамоллатиб қў­йибсиз, бироз яллиғланибди. Ҳозир укол-дориларни ёзиб бераман, вақтида олсангиз, тезда тузалиб қоласиз.

Лолахон ая хонадан ҳушнуд чиқди. Ўзи билан бирга келган набирасига "Бирам очиқфеъл, яхши дўхтир экан, ширин сўзлари билан даволади қўйди. Бир пасда оғриқларни ҳам унутдима. Сен ҳам яхши ўқисанг, шунақа қўли енгил шифокор бўласан, болам, одамларнинг дуосини оласан" дея беихтиёр уқтириб ҳам қўйди.

Эл олқишини олаётган бу мутахассис Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, кўп тармоқли марказий поликлиника лор врачи Шуҳрат Аҳмедовдир. У 1973 йили Гуртепа қишлоғида зиёли оилада туғилган. Мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ отаси Олимжон Ахмедов каби шифокор бўлишни орзулаган. Отасининг эгнидаги оқ либоси, эл-юрт корига камарбасталиги болаликданоқ шифокорликка меҳр-муҳаббатини уйғотади. 1989 йили Украина Республикаси Черновци давлат тиббиёт институтига ўқишга кирган бўлса-да, 1992 йилдан ўқишини Андижон давлат тиббиёт институтида давом эттирди. Шуҳратжон 1995-1996 йилларда вилоят кўп тармоқли шифохонасининг лор касалликлари бўлимида интернатурани ўтади. Илк иш фаолиятини 1996 йилдан туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси врачлигидан бошлаган.

У фаолияти давомида касбининг моҳир устаси бўлибгина қолмай, ташкилотчилиги, ташаббускорлиги билан ҳам касбдошларининг ҳурмат-эътиборига сазовор. 2007 йилдан 2013 йилгача кўп тармоқли марказий поликлиника мудири бўлиб хизмат қилди. 2013 йилдан буён эса туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари вазифасида фаолият юритмоқда.

- Шуҳратжон Аҳмедов ўз ишининг билимдони, шунинг учун ҳам малакали шифокорнинг шаънига миннатдорлик изҳорлари кўплаб келиб туради, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Обиджон Қўлдошев. - Ишга ўта меҳрли ва жонсарак. Ҳар қандай топшириқни сидқидилдан бажаради.

Дарҳақиқат, Ш. Аҳмедовга эҳтиёжмандлар кўпроқ ордер масаласида мурожаат қилишади. Ҳар қандай мурожаат эгаси ҳеч эътиборсиз қолдирилмайди.

- Ўғлим, 2-гуруҳ ногирони, - дейди Хурсаной ая. - Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг кўз касалликлар бўлимида тез-тез муолажа олиб туради. Ҳар гал Шуҳратжонга ордер масаласида келганимизда ёрдамини аямайди. Шифокор ўғлимни яқин кунлардаги касб байрами билан табриклагани келдим, - дейди онахон мамну­ният билан.

Албатта, инсон саломатлиги йўлида қилинган ҳар қандай ҳайрли ишлар ўзининг ижобий натижаларини бераверади. Шу ўринда икки оғиз сўз. Ш. Аҳмедовнинг отаси Олимжон ака туман тиббиётига тамал тоши қўйганлардан. У турли вазифаларда ишлаган, бир неча йиллардан буён эса кўп тармоқли марказий поликлиниканинг олий тоифали инфекционист врачи. Бир сўз билан айтганда Олимжон ака эл-юрт ишончини, меҳрини қозонган шифокор. Ана шунинг учун ҳам Шуҳратжонда отасига муносиблик масъулияти ҳам бор.

Ота изидан бориб "Саломатлик пос­бони" деган шарафли номни оқлаш учун астойдил интилаётган, вазифасига сидқидил ёндошаётган, билим ва малакасини муттасил ошириб, халқ хизматига ўзини туну-кун бағишлаётган Шуҳратжон Аҳмедовнинг эзгу ишларига барқарор омадлар тилаймиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.