Педагоглар билан тиббиёт ходимлари биргаликда, бамаслаҳат иш юритишса, бунинг самараси соғлом болалар камолотида яққол кўринади. Мухбиримиз Манзура АБДУЛЛАЕВАнинг Тўрақўрғон туманидаги 55-умумтаълим мактаби бошланғич синф муаллимаси Ҳабиба ҲОЖИБОЕВА билан мулоқоти худди шу мавзуга бағишланди.
- Ҳабиба Воҳиджоновна, Сиз кўп йиллардан буён кичик ёшдаги болаларни ўқиш-ёзишга ўргатасиз, улар онгида таълимнинг пойдевори мустаҳкам бўлишига ҳаракат қиласиз. Айтинг-чи, бу борада нималарга алоҳида эътибор берилса, кутилган натижаларга эришилади?
- Мамлакатимизда бежиз "Соғлом она - соғлом бола" шиори остида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмайди. Яқиндагина якунига етган "Соғлом аёл ойлиги" доирасидаги профилактика ишлари мазмун-моҳиятида ҳам янги авлоднинг саломатлигига эришиш мақсади кўзда тутилган. Ахир тўрт мучаси соғ аёлгина соғлом фарзандни бағрига босади. Бу билан ҳали иш тугамайди. Кейин эса уларнинг ҳам жисмоний, ҳам ақлий камолотлари учун алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади. Очиғини айтиш керак, болаларини жон дилидан севадиган оналар, афсуски, бола оёққа туриб, тилга киргандан сўнг сал бепарвороқ қолишади. Оқибатда мактаб ёшига етган ўғил-қизларда у ёки бу нуқсонлар юзаланиб, бола меъёрида ўқиши учун ҳалақит беради. Биз қанча уринмайлик, юқори кўрсаткични таъминлай олмаймиз. Шу жиҳатдан қараганда, мактаб ва оила ҳамкорлиги ҳали бола мактаб остонасига қадам қўймасиданоқ бошланиши жуда зарур.
- Ўша зарур ҳамкорлик деганда Сиз нималарни кўзда тутаяпсиз?
- Масалан, бола "Р" ҳарфини талаффуз қилолмай, ўринга "Й" деб одатланишига асло бефарқ қараб бўлмайди. Бундан ташқари улар хотирасини ривожлантириш аввалдан бошланиши шарт. Бола кўрганини ва эшитганини эсида сақлашга қанчалик эрта ва кучли уриниб интилса, унинг хотираси шунчалик чарҳланаверади. Бунда ота-она боланинг олам ва одамга қизиқиши асносида туғиладиган саволларини сира-сира бежавоб қолдирмаслиги лозим. Жумладан, қуёш, ой, юлдузлар тўғрисида, гуллар ҳақида, катталар оғзидан чиқаётган иборалар хусусида "боши қотиб" сиз билан бизга мурожаат этади. Уларнинг кўриниши, ранги, ҳаракати ва фойдасини англашга уринади. Шунда ўрни-ўрнида тўғри жавоб берсак, у оламни тезроқ идрок эта бошлайди.
Ана энди педагоглар қачон бола мактабга келишини кутиб ўтирмасдан, уларнинг ота-оналари билан илгарироқ алоқа боғлаб, тиббиёт муассасалари мутасаддилари кўригига ўғил-қизларини ҳар йили олиб бориб туришлари фойдадан ҳоли эмаслигини уқтиришлари зарур деб ўйлайман. Бунда "Болангизнинг хотираси заиф эмасми?", "Рангларни яхши ажрата оладими?", "Тили чучукмасми?" саволлари беҳад ўринли ва жўялидир. Шундай саволлар ота-оналарни хушёр торттиради. Тезда педиатрларга мурожаат қилиш истаги туғилади. Зарур ҳолатда фарзандининг кўзини окулистгача кўрсатишга эринишмайди. Тилининг чучуклигига келсак, ҳозирда бу муаммони логопедлар ҳал қилиб беришади.
- Сизнинг мактабингизда мазкур масалалар бўйича кимлар нималар билан шуғулланишмоқда?
- Мактабимиз психологи Ноилахон Ниёзалиева маҳалладаги олти ёшли болаларнинг уйларига бориб, уларнинг ота-оналари билан суҳбатлар уюштиради, ҳатто тестлар тарқатиб, фарзандлари саломатлиги қай даражада эканлигини аниқлаб олади. Натижасига қараб, тегишли маслаҳатлар беради. Боланинг мактабга саломатлиги жиҳатидан ҳам муносиб бўлиши тайёргарлигига эътибор кучайтирилади. Шу йўл билан бошланғич синфга соғлом болалар кириб келиши таъминланади. Баъзи болаларда касаллик асоратлари ва айрим нуқслар бўлса, энди ота-оналар ва шифокорлар билан ҳамкорлик бевосита бизнинг зиммамизга ўтади. Соғлом болагина "Алифбе"ни ўзлаштиришда қоқилмайди."Ўқиш китоби"ни бемалол, равон ва бурро мутолаа қилиш кўникмасини осонгина эгаллайди. Ҳамкасбларим Осиё Мамадалиева, Шаҳодат Одилова, Муниса Маҳмудова ва Раҳима Эргашевалар ҳар бир машғулот мазмунини нафақат кўргазмали воситалар орқали намойиш этишади, балки турли дидактик ўйинлар орқали кичикларнинг зеҳнини ўткирлаштириб, машғулотларни юқори савияда ўзлаштиришларига эришишга астойдил ҳаракат қилишади.
Қишлоқ врачлик пункти, қишлоқ оилавий поликлиникаси врачлари мактабимизга тез-тез ташриф буюришади. Шундай пайтда ўқувчиларимиз соғлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан маслаҳатлар олиб, ўзимиз ҳам ҳар куни улардан гигиена қоидаларини изчил бажаришларини қатъий талаб қилиб боряпмиз. Аълочиларимизнинг тобора кўпайиши болаларнинг ҳар жиҳатдан соғломлиги самараси десам асло муболаға эмас.