Ёҳуд хотин-қизлардаги камқонлик ташвишида туғилган ўйлар

Анемия аталмиш камқонликдан аёлларимизнинг бутунлай фориғ бўлишларига моънелик кўрсатувчи муаммоли ҳолатлар ҳамон турмуш тарзимизда учраб турганини ўйлаб, яна қўшимча мулоҳазаларни ҳам айтиб ўтмасдан иложимиз йўқ. Тиббиётга оид, мева-сабзавотларнинг шифо­бахш­лигига доир, тўғри овқатланиш ҳақидаги катта-кичик рисолалар мутахассислар томонидан керагича ёзилиб, нашриётларда чоп этилиб, китоб дўконлари пештахталарига қўйиб қўйилгани масаланинг  ҳал қилинадиган бир жиҳати, холос.  Ана шу китобларни ўқийдиганлар кўпми? - саволига "ҳа" деб жавоб беришимизга эса, ҳали ҳануз эрта. Шунинг учун халқимизни китобхонликка бўлган иштиёқини кучайтиришнинг кейинги йилларда мамлакатимизда давлат сиё­сати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Бадиий китоблар инсон онгини, қалбини, руҳиятини бойитса, тиббий рисолалар умуман,  жисму жонимизни хавф-хатардан ҳоли бўлишини, соғлигимиз мувозанатини таъминлашга хизмат қилади. Саломатлигимизни сақлашимиз учун энг зарур билим, маслаҳат ва тавсияларни беради.

Бундай китобларнинг фойдаси катталигига қарамай, улар жуда арзон баҳоларда сотувга чиқарилмоқда. Масалан, "Камқонликнинг оддий давоси", "Сабзавотларнинг шифобахш хусусиятлари ҳақида мўъжаз маслаҳатлар", "Карамнинг даволовчи хусусияти", "Зарарли одатлар" каби ўнлаб рисолаларга атиги 2500 сўмдан 4000 сўмгача нарх қўйилган. Бу баҳоларни сунъий қўшилмалардан тайёрланган, бироқ ўзимиз суйиб ичишга одатланган ичимликларимиз "Фанта" ва "Кола"ларникига таққослаб кўрайлик-чи?  Наҳотки нафсимиз қут­қусини баъзи-баъзида босиб, юқоридаги ичимликларни ичишдан тийилиб, уларнинг биттаси баҳосига иккита тиббий рисола сотиб ололмасак. Аслида ўзимизга ўзимиз душман бўлиб қолмаётганга ўхшамаяпмизми? Наҳот соғ­лигимизни йўқотгандагина врачларга, дорихоналарга чопишдек салбий одатимиздан воз кечиб, оиламиз чироқлари бўлган аёлларимизга аввалроқ қадрига етиш, асраб-авайлаш, ғамхўрлик кўрсатиш тўғрисида эртароқ бош қотиролмасак. Бундай номақбул турмуш тарзи сизни ҳам, бизни ҳам, уларни ҳам умрини қисқартириб қўяётганини жиддийроқ ўйлайдиган вақт келмадимикин?..

Турмушимиз фаровон, топиш-тутишимиз ҳам чакки эмасу, ўринсиз сарф-сурфимиз кўплигидан кўз юмиб яшайверамизми? Қачон йиллаб йиққанларимизни кунлаб сочиб юборадиган дабдабали, серисроф тўйларимизни тартибга келтирамиз? Тўй-тўйчиқларга назар солсангиз, аёлларнинг кийимлари башанг. Ялтир-юлтир матолар негадир урфга кириб қолган. Ҳатто уйда ўтириб боласига нафақа оладиган хотин-ҳалажларимиз ичида яхшироқ еб-ичиш ўрнига ана шу ойма-ой бериладиган моддий мадад пулини ҳам кийим-кечаклару тилла тақинчоқларга жамғараётганлар йўқ деб ҳисоблайсизми? Бор, бор бўлгандаям бирлари бирларидан ўрнак олишади, ўрганишади. Сунъий матолардан тикилган, сербазак ки­йимларда юришларига нима дейсиз? Бу ҳам кулгили, ҳам ачинарли ҳол. Шунинг ўрнига қозонларини керакли масаллиқларга тўлдиришса, дастурхонларида тўйимли овқатларини тўкин қилишса, ўзларию, жамият учун  беҳад фойдали бўлмайдими. Яхши еб-ичадиганлар  ранги-рўйларлари тозалиги билан ажралиб турадилар. Соғлом аёлларнинг чеҳраси чиройли, латофатли, мафтункор кўринади, худди шоирлар таърифлаганидек.

Академик адибимиз Ғафур Ғулом ўтган асрнинг 50-йиллари охирларида вилоятимизга ташриф буюриб, хотин-қизларнинг гўзал чеҳраларию, ёқимли ранг-рўйларига боқиб беҳад илҳомланганлари ҳаётий ҳақиқат. Мақоламиз бошланмасида ўша шеър­дан тўрт сатрини эпиграф ўрнида келтирганимиз шундан.

Шоиримиз зўр мамнуият билан мадҳ этган Наманганнинг кексаю-ёш аёлларининг ворислари нега уларчалик бўла олишмай қолди? Ҳозир эса шоирнинг ўша сатрларини ёлғонга йўйиб юборишга бораётганимиз ғоят хижолатли эмасми.Истиқлолли замонда шоирни ром қилган, ҳавасини уйғотган сарвқад, соғлом, чеҳраси ол хотин-қизларимиз яна кўпайишига барча шароиту имкониятлар муҳайёку! Фақат биргаликда мазкур муаммони бартараф этишимиз шарт.

Ниҳоят оналар ва фарзандларни анемиядан фориғ этиш ҳақида якуний мулоҳазаларимизни айтсак: бизнинг­ча, "Ҳеч ким  меҳр-эътибордан четда қолмайди" шиори остидаги тиббий кўрикларда, хусусан, аввалги ҳафта якунига етган "Соғлом аёл ойлиги" доирасидаги тадбирларда, шунингдек, патронаж ҳамшираларнинг уйма-уй кириб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатнинг гувоҳи бўлишиб, поликлиника ва врачлик пунктларига берган маълумотларини жамлаб, таҳлил қилиб, камқонликка мубтало шахслар яшайдиган оилаларни аниқлаб, ҳисобини алоҳида юритиш зарур. Уларга  биринчи галда тегишли  тиббий маслаҳатлар, тавсиялар бериш керак. Лозим бўлса, қатнаб ёки ётиб даволанишларига қулай шароитларни туғдириш мақсадга мувофиқ.

Акушер-гинекологларимиз туғиш ёшидаги аёлларга фарзанд билан фарзанд оралиғи камида уч йил бўлиши улардаги камқонликнинг чекинишига олиб бориши муҳимлигини обдон тушунтиришлари даркор. Ҳар бир оила эркаги ўз аёли ва болаларининг соғлом юришига биринчи даражали масъул шахс эканини ҳеч қачон унутишига ҳаққи йўқ. Бизнингча, бойиб кетишгач, турли-туман маркадаги қимматбаҳо янги-янги машиналарни олиб миниш истагидан кўра турмуш ўртоқлари ва фарзандлари сиҳат-саломатлиги учун астойдил қайғуриш хоҳиши кучайиши шарт. Уларнинг доимий ғамхўрлик кўрсатиши оиласи ва жамият олдидаги муқаддас бурчларини тўла-тўкис адо этиш демакдир.

Агар вилоятимизда анемия хотин-қизлар ва болаларнинг орасида кескин камайишига эришилса, шоирнинг юқоридаги сатрлари ҳам ҳеч ҳижолат чекмайди. Аксинча, ҳаётий ҳақиқат ифодаси сифатида тилларимизда фахр билан такрор-такрор янграйверади.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.