Кеча Наманган шаҳридаги Халқаро аэропорт йўлида ана шу шиор остида вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасалар ходимлари ўртасида югуриш бўйича спорт мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Наманган шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмалари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасаларидан ташриф буюрган беш минг нафардан ортиқ спорт ихлосмандлари иштирок этдилар.
Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар жаҳон миқёсида глобал муаммолардан бири бўлиб турган ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича мамлакатимизда ҳам самарали иш олиб борилаётганлигини, омманинг аср вабосидан сақланишга чорловчи шу каби тадбирларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлаб, кўп босқичли марофонда барчага омадлар тилашди.
Шундан кейин халқаро ҳакам, енгил атлетика бўйича вилоят терма жамоаси мураббийи Жамил Шоаъзамов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси етакчилигида мусобақаларга старт берилди. Биринчи бўлиб эркаклар ўртасида 600 метр масофага оммавий югуриш ўтказилди. Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси фельдшери Ҳусанбой Абдуллаев маррага ҳаммадан олдин етиб келиб, ғолибликка эришди. 1-шаҳар шифохонаси вакили Исроил Саидакбаров иккинчи, вилоят кардиология маркази ўрта тиббиёт ходими Билол Собиров учинчи ўринни эгаллади.
Аёллар ўртасидаги оммавий югуриш ҳам қизиқарли тус олди. Унда Наманган шаҳар туғруқ комплекси ҳамшираси Гулҳаё Жамолиддинова биринчи ўринни эгаллаган бўлса, кейинги ўринларни 5-оила поликлиникаси ҳамшираси Ҳуснида Ғафурова ва Тўрақўрғон туманидаги 30-қишлоқ оила поликлиникаси ҳамшираси Муяссар Исоқовалар забт этишди.
Шифокор аёллар ҳам спортда юқори натижаларни кўрсатишди. 300 метрга югуришда Наманган шаҳридаги 8-оила поликлиникаси врачи Муаттар Салаева пешқадамликни қўлга киритди. Ундан бир оз ортда қолган Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси умумий амалиёт шифокори Элмира Абдуллаева иккинчи, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази врачи Гулхумор Мамаджонова учинчи ўринга лойиқ топилди.
Эркаклар баҳси ҳам муросасиз кечди. Эпчиллик ва чаққонлик борасида соҳадошларидан устун келган Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси педиатри Акмалжон Юсупов шоҳсупанинг энг баландига кўтарилди. Иккинчи ва учинчи ўринлар эса вилоят эндокринология диспансери врачи Аҳаджон Куканов ҳамда Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлими ходими Анваржон Алихоновларга насиб этди.
Ҳамширалар ҳам енгил атлетика бўйича анойи эмасликларини кўрсатдилар. Майдонга чиққан юзлаб саломатлик посбонлари марра сари астойдил югуришди. Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси дояси Мунаввар Йигиталиевага ҳеч ким ета олмади. У чизиқни биринчи бўлиб босиб ўтди ва ғолиб бўлди. Кейинги ўринларни Наманган шаҳридаги 3-оилавий поликлиника вакили Соҳиба Боймирзаева ва Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси Дилдора Сайфиддиновалар эгаллашди.
Энг қизиқарли баҳс бош шифокорлар ўртасидаги мусобақада намоён бўлди. Эркаклар ўртасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали директори Рустам Юнусов чопоғон эканлигини кўрсатди. Иккинчи ўрин соҳиби эса вилоят тери таносил касалликлари диспансери бош шифокори Яҳё Айтуғдиев бўлди. Мингбулоқ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Обиджон Қўлдошев ҳам совриндорлар сафига қўшилди. Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Насиба Бозорова ва Наманган шаҳридаги 12-оила поликлиникаси бош шифокори Наргиза Алижоновалар аёллар ўртасидаги беллашув ғолиблари сифатида эътироф этилди.
- Бугун спорт мусобақасида иштирок этиш учун келган инсонларнинг барчасини фидойилар, дейишга ҳақлимиз. Зеро, ўз хизмат фаолияти давомида халқимиз соғлиғини ишончли муҳофаза қилаётган, эл дардига дармон бўлаётган шифокору ҳамшираларнинг катта бир гуруҳи оқ халатини спорт либосига алмаштирганининг ўзи ҳам жасоратдир. Майдонга чиқиб, жисмонан бақувват ва чаққон эканлигини намойиш этиши эса матонатдир, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов. - Дарҳақиқат, спорт ва саломатлик эгиз тушунчалардир. Яъни спорт билан шуғулланган одам доимо соғлом бўлади, соғлом одам эса спортга интилади. Спорт - саломатликни мустаҳкамлашнинг, соғлом турмуш тарзининг, соғлом ҳаёт кечиришнинг, узоқ умр кўришнинг гаровидир. Инсоннинг куч-қудрати, бардаму тетиклиги аввало унинг жисмоний тарбияси нақадар мукаммаллиги билан боғлиқ.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари ва дипломлар тантанали тарзда топширилди. Фаол қатнашчилар эса рағбатлантирилди.
Тадбир ниҳоясида бундай спорт беллашувларини вилоятдаги ижтимоий соҳа ташкилотлари ўртасида кенг ўтказиш юзасидан таклифлар ўртага ташланди. Демак, эл соғлиғини янада мустаҳкамлаш, айниқса юқумли касалликлар, хусусан ОИТСнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар янада оммавий тус олади.
Абдулла ҒОЗИЕВ.
Суратларда: марофондан лавҳалар.