Ҳаётдан ўз ўрнини топаман деган ҳар бир йигит-қиз учун билим қанчалик зарур бўлса, шунга яраша малака ҳам керак. Бошқача айтганда, инсон камолоти учун фақат билимнинг ўзи етарли эмас. Ҳар қандай билим уни амалда тадбиқ этиш омили - малака билан уйғунлашиб кетмаса, кутилган натижа бера олмайди. Бу фикрларни аввало мактабимизда, ҳозир эса коллежимизда устозлардан такрор-такрор эшитамиз. Уларнинг сўзларига монанд ҳолда илм олишга қанчалик қизиқсак, тиббиёт муассасаларига амалиёт ўташ учун чиққанда касбий малакамизни имкон қадар тўлароқ шакллантириш ҳаракатида бўламиз. Ахир биз ёшлардан давр шуни талаб қилмоқда. Давлатимиз томонидан муттасил равишда ғамхўрлик кўрсатилиб келинмоқда. Ўқиш ва зарур малака ўзлаштиришимиз учун ҳар жиҳатдан қулай шароит ва имкониятлар яратиб қўйилмоқда. Шунинг учун тиббиёт коллежимиз талабалари ўқув сабоғини якунлашгач, бемалол, ҳеч қийналмасдан мустақил равишда меҳнат жамоаларида ўз ўринларини топиб кетишяпти.

Ҳамширалик ғоят масъулиятли касб. Уни эгаллаганлар врачларнинг энг яқин ёрдамчилари ҳисобланишади. Бундан ташқари врач билан бемор ўртасида фаол ҳаракати билан буюрилган муолажаларнинг муваффақиятли бажаришга жавобгар шахс сифатида доимо ширинсўз, чаққон­қўл ва дардкаш бўлмоғи шарт. Биз олдимизга қўйилган вазифаларни тўла-тўкис уддаламоғимиз учун дастлаб тиббий билимларни пухта эгаллашга астойдил интиляпмиз. Ҳамширалик ишлари бўйича Хуршида Қаюмова, Феруза Адавалиева, хирургия соҳасидан Адҳамжон Қобуловлар сабоқ берсалар, бевосита тиббиётга тааллуқли кимё ва биология фанларидан Иброҳим Обидов ва Дилбархон Ғаффоровалар машғулотлар олиб боришади. Гуруҳ раҳбарларимиз Муборак Нажмиддинова билан Фотимахон Ҳошимхўжаевалар бош-қошлигида коллежимизнинг турли тадбирларида ҳам фаол қатнашамиз.

Юқорида айтганимдай, билимларимизни даволаш-профилактика муассасаларига чиқиб, амалда қўллаяпмиз, малака-маҳоратимизни шакллантиряпмиз. Ўтган ўқув йилида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг нефрология бўлимида амалиёт ўтаган бўлсак, ҳозирда Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиникида беморларга хизмат кўрсатиш кўникмасини ўзлаштиряпмиз. Мақсадимиз халқимиз саломатлигини сақлаш борасида сидқидилдан ишлаб, беморларни турли дардлардан фориғ этиб, улар ҳурматига сазовор бўлишдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидай: "...ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган ХХI асрда бу масала ҳақиқатдан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда". Коллежимизда фақат таълим берилибгина қолмай, тарбиявий тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хотин-қизлар қўмитаси ва ёшлар иттифоқи бошлан­ғич ташкилотлари ҳамкорлигидаги кўрик-танловлар, баҳслар, давра суҳбатлари биз қизларнинг бўш вақтимизни хуш вақтга айлантириб юбормоқда. Мафтуна Исмоилова, Зуҳра Абдумажидова, Ойдин Валихонова, Наима Пар­­пи­е­ва каби дугоналарим билан биргаликда ҳамиша тадбирларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интиляпмиз. Юртбошимизнинг юксак ишончларига муносиб ёшлар эканимизни амалда намоён этиш иштиёқи кўнгилларимизни бирор лаҳза тарк этмайди.

Мунира УРАЙИМЖОНОВА,

Наманган тиббиёт коллежининг 3-босқич

талабаси.