Вилоятимизда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини ҳар жиҳатдан ривожлантиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Косонсой туманидаги Қўқимбой қишлоғида реконструкциядан чиқарилган муҳташам бинога 6-оилавий поликлиника жамоаси кўчиб ўтди.
Инвестиция дастурига мувофиқ қайта жило берилиб, бугунги кун талаблари асосида реконструкция қилинган икки қаватли собиқ шифохона ўрнида очилган поликлиника нафақат кўркамлиги, балки тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтаришга қодирлиги билан ҳам кўпчиликда ҳавас уйғотмоқда.
Илгари ташландиқ ҳолатда бўлган муассасанинг ҳозирги қиёфага келтириш учун озмунча меҳнат қилинмади. "Кўшон бинокор қурилиш" хусусий корхонаси қурувчилари объектда 1 миллиард 718 миллион сўмдан зиёд қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширдилар.
Муассасада қулай-шарт шароитлар яратиш масаласига алоҳида аҳамият берилган. Яъни, янги муҳандислик тармоқлари тортилган. Тоза ичимлик суви ва иссиқ сув таъминоти йўлга қўйилган. Ғоят шинам 85 та хонанинг мавжудлиги эса бу ерда бирламчи тизим ишини янада такомиллаштириш икониятлари бисёрлигини тасдиқлайди.
- Катталар ва болалар стоматолог врачлари, умумий амалиёт шифокорлари, акушер-гинеколог, педиатр, жарроҳ, УТТ мутахассиси кенг ва ёруғ хоналарда беморларни қабул қилишади. Тез ёрдам шахобчаси туну-кун ишлайди. Кундузги шифохона бўлими ташкил қилинган. Ижтимоий дорихонада эса барча зурур дори-дармонлар бор, - дейди поликлиника мудири Саодат Зокирова.
Қишлоқ тиббиёт муассасасининг тақдимоти катта тантанага айланиб кетди. Унда сўз олган Косонсой тумани ҳокими Жавлонбек Йўлдошев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳномолигида фуқаролар саломатлигини сақлаш самарадорлигини ошириш мақсадида олиб борилаётган эзгу ишлар, айниқса тиббиёт соҳаси моддий-техник салоҳиятини янада равнақ топтириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар ҳусусида фикр юритишди. Чекка ҳудудларда қурилаётган янги ва замонавий тиббий масканлар тизим ишини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.
Йиғилганларнинг гулдирос қарсаклари остида рамзий лента қирқилгач, барча оилавий поликлиника ичкариси сари ошиқди. Меҳмонлар ва аҳоли вакиллари янги муассаса фаолияти билан батафсил танишдилар.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ушбу оилавий поликлиника "Навбаҳор" , "Бешкетмон", "Бўстон " ва "Қўқимбой" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи салкам 12,5 минг нафар аҳолига хизмат қилади. Яқин орада тиббиёт маскани янги тиббий асбоб-ускуналар билан бойитилгач, унда кўрсатилаётган хизмат турлари янада кўпаяди.
(Ўз мухбиримиз).