Солижон МЎМИНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.
Маълумки, жорий йил 27-28 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда жамиятимиз ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган 21 та масала, шу жумладан 14 та қонун кўриб чиқилди.
Бинобарин, "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам маъқулланди.
Мазкур қонун амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини янада такомиллаштиришга, мансабдор шахслар жавобгарлигини кучайтиришга ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга оширишга қаратилган.
Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва "Чиқиндилар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига сувларнинг давлат ҳисобини юритиш қоидаларини бузганлик, сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларини шикастлантирганлик, улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузганлик, шунингдек, саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, зарарсизлантириш, сақлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун чоралар кучайтирилишини назарда тутадиган қўшимчалар киритилган.
"Чиқиндилар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида қайд этилган чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳисобга олиш ва назорат қилиш, чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойларининг давлат кадастрини юритиш, чиқиндиларни трансчегаравий ташиш каби фаолият турлари ҳисобига "чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш" тушунчаси мазмуни кенгайтирилди. Шунингдек, саноат чиқиндиларини ва маиший чиқиндиларни махсус техник мосламаларсиз зарарсизлантириш тақиқланди.
Қонуннинг қабул қилиниши профилактика чора-тадбирларини кучайтиришга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун мансабдор шахслар ва фуқаролар жавобгарлигини оширишга, шунингдек, махсус ваколатли давлат органларининг тезкор ва самарали фаолиятини ташкил этишга кўмаклашади.
Ҳужжатнинг 3-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштиради, давлат бошқаруви органлари эса ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқадилар. Қонун моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтирилишини таъминлаш юзасидан ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.