НАМАНГАНДА ВОДИЙ БОЛАЛАР ХИРУРГЛАРИНИНГ АНЖУМАНИ
Бугун тиббиётнинг ҳар бир соҳасида ривожланиш сари дадил қадамлар ташланмоқда. Айниқса, ихтисослашган мутахассислар ўз малакаларини муттасил ошириб боришмоқда. Бу борада жарроҳлар жуда пешқадам бўлишаётир десак ҳам муболаға эмас. Масалан, Фарғона водийсида болалар хирурглари, анестезиолог-реаниматологлари жамияти фаол фаолият юритяпти.
Жамият аъзолари билан анжуманларни йилнинг ҳар чорагида ўтказиб бориш одатга айлантирилган. Дастлаб Андижон вилоятида ташкилланган бўлса, яқинда ҳамкасблар Наманганда тўпланишди. Бу галги йиғин "Болалар хирургиясида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш ва замонавий инновацияларни қўллаш"га бағишланди. Тадбирга Тошкентдан тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдурашид Ҳамроев ҳам таклиф этилди. Устоз шифокордан кун давомида ғоят самарали фойдаланиб қолинди.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига келган республикага таниқли мутахассис эрталаб кичик беморларнинг ҳолидан хабар олишдан ишни бошлади. Яъни палаталарга кириб,турли хасталиклар билан даволанаётган 42 нафар болани бирма-бир кўздан кечирди. Аҳволлари билан танишиб, тўла соғайишлари учун қимматли маслаҳат ва тавсияларини берди. Сўнгра ўз атрофига водийлик болалар хирурглари вакилларини олиб, маҳорат мактаби машғулоти доирасида мураккаб жарроҳлик амалиётига киришди. Бир ёшли Имона Олимжонова, уч ярим ёшли Оллоберди Зокиржонов ва беш ёшли Алибек Маҳмудхоновларнинг ҳазм йўллари ривожланишидаги туғма нуқсонларини муваффақиятли бартараф этиб, малакавий маҳоратидан соҳадошларини баҳраманд қилди.
Ичакларда ўтказилган жарроҳлик амалиёти энди бундан буён болаларнинг нормал ҳаёт кечиришига тўла имкон яратиши билан ғоят аҳамиятли эканини назарда тутсак, қўли енгил устознинг тажрибалари ёнида туриб кўрган ва ёрдамлашган хирурглар учун жуда фойдали ва катта сабоқ ролини ўйнади, албатта. Пойтахтлик жарроҳ учта болани дарддан фориғ қилгач ҳам ўзида чарчоқ сезмагани барча учун ибрат бўлди. Чунки у операциядан кейин яна 16 нафар беморнинг касаллик ҳолатини ўрганиб, юқори малакали тиббий кўрикни амалга оширди. Нажотталаб бемор болаларнинг ота-оналари профессор Абдурашид Жўрақуловичдан беҳад миннатдор бўлишди.
Соҳадошлар кенгашиш учун ВБКТТМнинг мажлислар залига тўпланишди. Анжуманни марказ бош врачи Абдумалик Раҳмонов кириш сўзи билан очди. Андижон давлат тиббиёт институти болалар жарроҳлиги кафедраси мудири, доцент Б. Мирзакаримов шу куннинг долзарб вазифалари ҳақида гапирди. Хирурглар малака ошириш кафедрасининг олиб бораётган ишлари, ҳозирги вазифалари хусусида доцент Ғолибжон Тўйчиев маълумот берди.
Кейин эса, болалар хирургиясидаги янгиликлар ҳақидаги маърузалар тингланди. Эндохирургияни қўллашнинг қулайликлари тўғрисида Тоҳиржон Расулов, болалар анестезиологиясида гомк ва кетамин наркознинг афзалликлари ҳақида Даврон Ашуровларнинг маърузалари йиғилганларда беҳад қизиқиш уйғотди. Чунки ҳар икки маърузада муҳим янгиликлар ифодаланган эди.
Қорин бўшлиғининг ҳосилалари ва уларни замонавий даволаш усуллари борасидаги наманганликлар тажрибаси хусусида шу марказнинг хирургия бўлими мудири, олий тоифали жарроҳ Мусохон Обидов маъруза қилди.
Анжуманда Фарғона, Қўқон, Марғилон, Андижон шаҳарларидан келиб иштирок этган барча болалар хирурглари ва анестезиолог-реаниматологлари бой таассуротлар олишди. Пойтахтлик устоз шифокорнинг маҳорат сабоқлари эса, улар учун малака ошириш омили бўлиб хизмат қилди.
Операция ўтказилган уч нафар бемор бола саноқли кундаёқ оёққа туриб, оилаларга соғломлаштириб қайтарилди. Демак, устозу шогирдлар саъй-ҳаракатлари самарасидан баҳраманд бўлган бемор болалар учун манзур анжуманнинг амалий аҳамияти ҳозирдаёқ кўзга кўринмоқда.
(Ўз мухбиримиз).