Ёҳуд хотин-қизлардаги камқонлик ташвишида туғилган ўйлар
Биз яхши биламизки, ҳамма нарсани унинг моддий асоси ҳал этади. Шу жиҳатдан қараганда, мамлакатимиз халқининг истиқлолдан олдинги турмуши билан бугунги ҳолати таққосланганида ҳеч муболағасиз ер билан осмонча фарқ борлиги аён бўлади. Ҳозир қишлоқ хонадонларидан иқтисодий танглик чекинди. Чунки, мустақиллик йилларидаги ислоҳотлар инсон манфаатларини кўзлагани учун каттаю кичик аҳолининг яшаш шароитию, истеъмол даражаси кескин юксалди. Фаровонлик илгариги пайтдагидек қоғозда ва оғизда эмас, амалда таъминланмоқда.
Келинг, яхшиси кеча ва бугунги ҳолатни мухтасар қиёслайлик.
Кечаги монокультура оқибати ҳамон катта ёшдагиларнинг ёдида: аҳолининг остонаси тагигача пахта экилган, боғлар, ўтлоқлар "қисиб" ташланган эди. Бугун эса қаёққа қарамайлик пахтазор билан ёнма-ён ғаллазорларни, боғу-роғларни, сабзавот ва полиз майдонларини кўрамиз. Шу боис фақат бозор расталарида, супермаркет ва дўконларнинг пештахталарида олма, нок, беҳи, шафтоли, қовун-тарвуз, сабзи-пиёзу картошкаларни кўрибгина қолмай, катта магистрал йўлларнинг икки қирғоғида муваққат ва мўъжаз қўлбола бозорчаларнинг кўплигига кўзимиз тушади. Ҳам очиқ майдонларда, ҳам иссиқхоналарда йил ўн икки ой етиштирилган помидору бодрингларгача бор. Йўловчилар зарур мева-сабзавотларни харид қилиш учун тўхтаб, озгина вақтларини сарфласалар бас. Витаминларга бой, қонни кўпайтирувчи шифобахш неъматларни арзонга олишиб, дастурхонларини тўкин қилиш имкониятига эгадирлар.
Кеча сигир, қўй-қўзи, товуқ боқиш имкониятлари чеклаб юборилганди. Қаймоқ, қатиқ, сузма, сариғёғ, пишлоқ сингари сут маҳсулотлари мўл эмасди. Ҳатто қишлоқда яшовчиларгача уларни излашадиган бўлиб қолганди. Жамоа хўжалиги деб аталувчи яроқсиз тизимдаги чорвачилик фермаларининг барча маҳсулотлари давлатга олиб қўйилиб, қайта ишланиб, қиммат нархларда зарур жойларга қайтариларди, холос. Бугун эса хонадонларда сигирлару қўша-қўша қўйлар, катак тўла паррандалар боқиш билан ҳамқишлоқларимиз ўз ризқларини ўзлари яратишиб, тўйиб истеъмол қилишмоқда. Ўз эҳтиёжларидан ортганини бозорда сотиш имкониятларидан мамнунлик туйишмоқда. Яна қаерни қарамайлик, хусусий ошхоналарнинг, кабобхоналарнинг, авваллари сира бўлмаган балиқхоналарнинг эшиклари кеча-кундуз эл учун очиқдир.
Чинакамига тўкинчиликдан халқимиз тўқ яшаяпти, дейишга ҳақлимиз. Афсуски, унда камқонлик нега йўқолмаяпти? - саволи ҳам беихтиёр кўнглимиздан ўтади. Сабаби эса мутасадди ва мутахассислар томонидан ўрганилган. Улар қуйидагича изоҳлашади: ЮНИСЕФ ва Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотларга кўра, камқонликнинг тарқалиши аҳоли орасида 40 фоиз ва ундан юқори бўлса, бу ўша мамлакатларда икки ёшгача бўлган болалар, ўсмир қизлар, туғиш ёшидаги аёлларда, хусусан, ҳомиладорларда темир моддасининг етишмаслиги оқибатидир. Албатта, бизнинг юртимизда бу муаммо ўз вақтида эътибордан четда қолдирилмади. Истиқлол йилларидан бошлаб, мураккаб вазиятга ижобий ечим топишга йўналтирилган самарали чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.
Сўнгги йилларда Республика ҳукумати ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур масалага алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада қатор дастурлар, лойиҳалар амалиётга тадбиқ этилмоқда. Чунончи, "Унни бойитиш бўйича миллий дастур", "Туғиш ёшидаги аёллар ва икки ёшгача бўлган болалар ўртасида темир препаратлар билан саплементация ўтказиш" дастури, "Аҳоли ўртасида микронутриент етишмовчилиги профилактикаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунини мисол келтиришимиз мумкин. Муҳим давлат аҳамиятига эга бўлган ҳужжатларнинг қабул қилиниши айни муддао эди. Булар йилдан-йилга ўзининг натижасини бермоқда. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли мустақиллик даврида камқонликнинг тарқалиши туғиш ёшидаги аёллар ўртасида қарийб икки баробарга камайтирилди, десак хато эмас. Бу борада аниқ кўрсаткичларга эгамиз: агар 1996 йилда туғиш ёшидаги аёлларнинг 61 фоизи камқонликка дучор эканлиги қайд этилган бўлса, 2008 йилга келиб бу кўрсаткич 33, 5 фоизга тушган. Демак, ҳаракатлар натижадор. Кейинги ўн йилликда янаям камайганига шоҳидмиз.
Лекин бу курашда мавсумийликдан бутунлай воз кечиб, доимийлик, изчиллик ва муттасилликка эришмоғимиз шарт. Авваломбор, ҳомиладор оналардан бошланган профилактика чақалоқ туғилгач, ҳар икки жонда, яъни она ва болада бардавомлиги ғоят зарур. Аёлларда ҳомиладорлик ва туғиш оралиғи уч йилдан кам бўлса, сурункали юқумли ва ошқозон-ичак касалликлари, геморрой, гижжалар учраса, тўғри овқатланиш талаблари унутилса ўз-ўзидан анемия авжланаверади.
Болалардаги камқонлик ҳам асосан овқатланишга боғлиқ кечади. Масалан, кўпчилик болалар ейишга одатланган шакар ҳамда новвот ҳеч вақт гемоглабинни кўпайтирмайди. Боиси, ҳар икки ширинликда на темир моддаси, на витаминлар бор. Фойдасизлиги аниғу, зиёни қимматга тушаверади. Улар иштаҳани пасайтиради, гижжани кўпайтиради. Бу аллергияларда, диатезларда белги беради. Терида ўзгаришлар юзаланади. Тишларнинг чириши (кариес)га йўл очади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан уч ёшгача бўлган болаларга чой ва шакар истеъмол қилиш тавсия этилмаслиги кераклиги бежиз кўрсатиб ўтилмаган. Шунга амал қилинса, болалар наинки камқонликдан, бошқа бир неча касалликлардан ҳам асраладилар.
Жаннатмакон юртимизда табиат ноз-неъматлари бисёр турганида, бизлар ўзимиз учун ҳам, фарзандларимиз учун ҳам сунъий аралашмалар қўшилган овқат ва ичимликларни раво кўришдан сақланишимиз керак эмасми?! Соғлиғимиз путур етишига наҳот ўзимиз сабабчи бўлаверсак. Дастурхонимизга ранго-ранг қоғозларга ўралган конфетлар, шоколадлар, вафлилар ва бошқа шунга ўхшаган, агар таъбир жоиз бўлса, халқимиз ибораси билан айтганда "Усти ялтироқ, ичи қалтироқ" егуликлар қўйишни чеклашнинг вақти келмадимикан. Қуёш нурида тобланиб, ширин таъмга тўлган қип-қизил, атласнусха, сариқ, кўк рангдаги олмаларни, нокларни, беҳиларни олтиндек жилоланувчи узумларни, қуритилган ўриклару майизларни, пўчоғи нақшдор ёнғоғу бодомларни меъёрида ейишга нима етсин. Асл неъматлар шулардир. Ҳам тўқ тутади, ҳам соғ тутади сизу бизларни. Табобатимиз алломалари эсимизда сақлашимиз учун мева-сабзавотларнинг шифобахш хусусиятларини атайлаб назмга солиб битиб кетганлар. Истасангиз ҳозирда шундай китоблар дўконларда етарли, агар мутолаа қилиб, ноёб, бебаҳо нафидан баҳраманд бўлиш иштиёқингизни кучайтирсангиз, ўйлаймизки, тезда уларни тўғри овқатланиш таомномасига киритишингиз табиий. Зеро, инсонга ўзидан ортиқроқ, ўзидан яқинроқ дўст ва меҳрибон йўқ!..
Манзура АБДУЛЛАЕВА.
(Давоми бор)