Солижон МЎМИНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлашда соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Соғлом ҳаёт кечириш учун эса аввало зарарли иллатларга барҳам бериш керак. Кашандалик ҳам инсон тўкис яшашига тўсқинлик қилувчи, энг ачинарлиси кўплаб ҳолларда умрга зомин бўлувчи хатарли одатлар сирасига киради. Афсуски, тамаки ва бошқа воситаларни чекишга ружу қўйганлар унинг мудҳиш оқибатларини кеч англаб етадилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида "Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам маъқулланган. Қонуннинг мақсади - жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекиш кенг тарқалишига йўл қўймаслик, чекмайдиган фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ва тамаки тутуни билан зарарланишнинг олдини олиш, чилим ва электрон сигареталар чекиш натижасида келиб чиқадиган касалликлар ҳамда гуруҳ бўлиб чекиш оқибатида юқиш хавфи бўлган хасталиклар тарқалишининг олдини олишдир.
15 моддадан иборат қонунда "чилим", "чилим учун тамакисиз чекиш аралашмаси", "чилим чекиш учун дамлама", "чилим учун чекиш тоши", "электрон сигарета" каби асосий тушунчаларнинг мазмуни очиб берилган, шунингдек чилим ва электрон сигареталар чекиш мумкин бўлмаган жамоат жойлари рўйхатига аниқлик киритилган.
Қонун чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама ва тарғиб қилишни чеклашга доир нормалардан иборат бўлиб, унда жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш чораларини кўриш учун масъул шахслар ва уларнинг мажбуриятлари белгиланган, жамоат жойларида жойлашган хоналарни чилим ва электрон сигареталарни чекиш учун бериш, худди шунингдек жамоат жойларида чилимни ва электрон сигареталарни фойдаланишга бериш тақиқланади.
Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга қаратилган профилактик тадбирларни амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, таълим масканлари ва бошқа ташкилотлар иштирок этишининг белгилаб қўйилгани бунда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. Яъни келгуси ойнинг бошидан унга амал қилиш бошланади.