Жанубий Корея давлати билан ҳамкорлигимиз ижобий самаралар бераётганлиги бугунги кунда сир эмас. Ўзаро манфаатли алоқалар доираси тобора кенгайиб бораётганлиги ҳам қувончли ҳолдир. Юртимизга келган кореялик ишбилармон доиралар вакиллари, тиббиётчилар ва санъаткорлардан иборат делегация аъзолари Наманганда ҳам бўлишди.
Ташриф дастурига мувофиқ Чоннам университети миллий шифохонаси мутахассислари вилоятимиз аҳолисига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатди. Меҳмонлар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида тантанали равишда кутиб олинди.
Тиббиёт маркази консультатив поликлиникаси олдида Жанубий Кореянинг шифокорлар ва волонтёрлар гуруҳи аъзолари ташрифи муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Уни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов кириш сўзи билан очди. Жанубий Кореянинг Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими бўйича маслаҳатчиси Таек-Рим Юн ва бошқалар сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги кенг қамровли муносабатлар ривожланаётганлигини, бу айниқса тиббиёт соҳасида яққол намоён бўлаётганлигини мамнуният билан таъкидладилар.
Шундан кейин хорижлик мутахассислар томонидан аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш бошланди. Чоннам университети миллий шифохонаси мутахассислари ўн йўналиш бўйича беморларни қабул қилишди. Радиолог, дерматолог, ортопед, ЛОР, офтальмолог, реабилитолог, педиатр, юз-жағ ҳамда қон-томир жарроҳликлари бўйича етук мутахассислар 63 нафар волонтёрлар иштирокида тиббий хизмат кўрсатишди. Улар томонидан ёзиб берилган дори дармонлар ва тиббиёт буюмлари беморларга бепул тарқатилди.
- Наманган аҳлига хайрия тариқасидаги акция доирасида беминнат хизмат кўрсатаётганимдан мамнунман. Ҳамкорлигимиз янада равнақ топишига ишончим комил, - дейди доктор Ми Суч Сунг.
- Кўзимдаги муаммодан қийналар эдим. Юртимизга келган чет эллик шифокорлар қабулида бўлдим. Даволаниш бўйича зарур маслаҳатларни олдим, - деди Муслимжон Низомов, беҳад маннун бўлиб.
Шу куни Ўзбекистон ва Жанубий Корея шифокорлари иштирокида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилди. НВКТТМ травматология ва ЛОР бўлимларига ётқизилган беморларда хайрия тариқасида жарроҳлик амалиётлари олиб борилди. Жумладан, кореялик ортопед, профессор Таек-Рим Юн травматология бўлимига ётқизилган, Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғида яшовчи Собиржон Акбаралиевнинг чап чаноқсон бўлинмасида тотал эндопротезлаш амалиётини "Маҳорат дарси" сифатида кўрсатиб берди.
Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида маҳаллий шифокорлар билан мулоқот бўлиб ўтди. Қизиқарли кечган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Хусусийлаштириш ва пуллик хизмат кўрсатиш маркази раҳбари Камолхўжа Эшонназаров, Кореянинг Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими бўйича маслаҳатчиси Таек-Рим Юнлар жадал суръатлар билан тараққий этиб бораётган жаҳон тиббиёти ютуқларини янада самарали қўллаш, Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлатлари шифокорлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш юзасидан фикрларини баён этишди. Тадбир қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.
- Ўзбекистон тиббиёти билан саккиз йилдан бери танишман. Мамлакатда кўп бор бўлганман. Лекин гўзал Наманганга биринчи келишим. Ширинсуҳан ва меҳмондўст одамлар яшайдиган, ғоят обод юрт бой таассурот қолдирди. Наманганда тиббиётни янада юксалтириш имкониятлари катта эканлигига амин бўлдим. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ана шу қутлуғ мақсадга қаратилади. Биринчи навбатда кадрлар малакасини оширишга урғу берамиз. Чунки, ривожланган давлатлар тажрибасида мана шу омил муҳим аҳамиятга эга эканлиги исботланган. Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш масаласига устувор вазифа сифатида қарамоқда, - дейди Таек-Рим Юн жаноблари.
Қисқаси, хайрия тариқасида ўтказилган акция шарофати билан бир минг уч юз нафардан зиёд фуқаро хорижлик мутахассислар тиббий кўригидан ўтди. Маҳаллий шифокорлар эса чет эллик врачлар тажрибасидан воқиф бўлишди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.