Республика Ишчи гуруҳининг Наманган туманидаги фаолияти доирасида ана шундай жиҳатлар муҳим аҳамият касб этди

Аввало, Наманган шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмалари ҳамда вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг малакали мутахассислари аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш учун шай бўлишди. 11 та гуруҳ томонидан тиббий-ижтимоий ёрдам фао­лияти кўрсатилди. Тиббиётчилар кўп тармоқли марказий поликлиника бўлимларида, 5 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 5 та қишлоқ врачлик пунктида беморлар текширувига чуқур масъулият билан ёндошишди. Тадбирларнинг биринчи кунида 4149 нафар аҳоли кўрикдан ўтказилган бўлса, кейинги беш кунликда уларнинг сони 11 минг нафардан ошди. Шунингдек, 359 нафар ногиронлар, 115 нафар пенсионерлар, 37 нафар сурункали хасталиги қайд қилинган беморларнинг уйларига бориб хизмат кўрсатилди.

Туман аҳолисининг қарийб 14 минг нафардан ошиғи тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. Текширувга жалб қилинганларнинг кўпчилигида касалликлар аниқланган бўлса, уларни зудлик билан даволаш чоралари кўриляпти. Беморлар саломатлигини тиклаши учун туман, вилоят ва Республика миқёсидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига йўлланма берилди.

Ишчи гуруҳ фао­лият­ига доир тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш тадбирлари ҳам ниҳоятда уюшқоқлик билан олиб борилди. Тумандаги 7 нафар эҳтиёжманд инсон ногиронлар аравачаси, 5 нафар фуқаро ҳасса, қулоғи оғирлардан 12 нафари эшитув мосламаси билан таъминланди. Кўрик жараёнида 10 нафар фуқарога ногиронлик гуруҳи белгиланган бўлса, яна 66 нафарининг ногиронлик гуруҳига ўтказиш учун ҳужжатлари ўрганилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров бошчилигидаги Ишчи гуруҳ вакиллари Хўжақишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинидаги Зарафшон кўчасида яшовчи, меҳнат фахрийси Унсинжон Шарипованинг хонадонига кириб боришганида, беморнинг кўзлари беихтиёр ёшга тўлди. 20 йил мактаб кутубхонасида зиё тар­қатган, турмуш ўртоғи Иномиддин ака билан 3 қиз ва 1 ўғилни тарбиялаб вояга етказган Унсинжон опа орттирилган хасталик туфайли ногиронлик аравачасига жуда муҳтож эди-да.

- Эътибору ғамхўрликдан кўнглим беҳад кўтарилди, - дейди онахон мамнун оҳангда. - Халқининг, бизнинг манфаатларимизни ўйлаб, шундай гуруҳларни вилоятларга юбораётган Президентимизга минг­дан-минг раҳматлар айтаман.

Хонободлик кам таъминланган оила бекаси, пенсионер Маъсуда Маматовага эшитув мосламаси тақдим қилинганида, онахоннинг қўллари дуога очилганича, у ҳам тадбир ташкилотчиларию, ишчи гуруҳ вакилларига беҳад миннатдорчилик изҳорлади.

Бешкапа қишлоқ врачлик пункти ҳудудидаги Урганжи МФЙда истиқомат қилувчи ногирон Гулжамол Юнусованинг хонадонига Ишчи гуруҳи вакиллари УЗИ мутахассиси, акушер-гинеколог билан кириб боришиб, уни тиббий кўрикдан ўтказишди. Зарурий тавсия­лар, керакли маслаҳатлар беморга айни муддао бўлди. Ана шундай ташрифдан ушбу маҳалладаги ногирон Маҳлиё Араббоеванинг ҳам кўнгли тоғдай кўтарилди.

Ғалчадаги 12-қишлоқ оилавий поликлиникасида Поп туманидан келган ўнга яқин саломатлик посбонлари ўз вазифаларини сидқидилдан адо этишди. Лаборатория таҳлиллари, УЗИ, ЭКГ ҳамда тор доирадаги мутахассислар кўригидан аҳоли баҳраманд бўлди.

- Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам бригадасида ҳайдовчиман, - деди Наим­жон Раҳмонов. - Малакали шифокорларнинг энг зарур тиббий аппаратуралар билан қишлоғимизга келишганлиги бизни ғоят қувонтирди. Оила -аъзоларим билан биргаликда кўрикдан ўтяпмиз.

Республика Ишчи гуруҳининг ташаббуси билан маданият ва аҳоли дам олиш марказида уюштирилган тадбирлар ҳам туман аҳолиси қалбига бир умрга муҳрланиб қолди. Улар нафақат соғликларини кўрикдан ўтказишди, балки туманда фаолият кўрсатувчи ташкилотлар, тижорат банклари, адлия бўлими, аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва бош­қа ташкилотларнинг хизмат кўрсатиш бурчакларидан керакли маълумотларга эга бўлишди. Саломатлик сайлларида 300 дан ошиқ аҳолининг тиббий кўриги таъминланди. Ҳатто 90 ёшли Ҳусанбой Саримсоқов ва турмуш ўртоғи Дилбархон ая фарзанд ва набиралари билан биргаликда чуқурлаштирилган тиббий кўрикка келишгани ғоят қувонарли бўлди.

- Ҳамшира қизларим етовида УЗИ, ЭКГ аппаратларига тушдим, қон таҳлили яхши чиқди. Дўхтир ўғилларим кўз ва қулоғимни, юрагимни текширишди. Терапевт ўғлим Шуҳратжон эса қон босимимни ўлчаб, керакли маслаҳатларини берди. Барчаларига минг раҳмат-ей! - деди очиқ чеҳрасидан нур ёғилиб турган отахон.

Дарҳақиқат, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Республика Ишчи гуруҳининг вакиллари билан ҳамкорликда патронаж ҳамшираларнинг фао­лиятини ривожлантириш, уларнинг билим ва малакасини ошириш, тажрибаларини такомиллаштиришни кенг тарғиб қилиш мақсадида "Бирламчи тиббий санитария тизимида патронаж ҳамшираларнинг вазифалари" мавзуида семинар ташкиллади. Семинарга Наманган шаҳар ҳамда барча туманларнинг патронаж хизматчилари таклиф қилиндилар.

Дастлаб, Тўрақўрғон туман патронажчилари хонадондаги ҳаракатлар алгоритмини ёш бола, ҳомиладор, ногирон, сурункали касалликларида патронаж ҳамшираларнинг хизмат вазифаларини саҳна кўринишлари орқали таъсирчан ижро қилиб беришди. Сўнг­ра, ВССБнинг ҳамширалик иши бў­йича бош мутахассиси Райҳона Мансурова патронаж ҳамширанинг асосий фаолият йўналишлари ҳамда репродуктив саломатликка салбий таъсир кўрсатувчи омиллар профилактикасида ҳамкорликнинг аҳамиятлари тўғрисида маъруза қилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Баҳриддин Сиддиқов аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришдаги энг катта куч - патронаж ҳамшираларнинг хизмати эканлигини эътироф этар экан, тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Санобар Қодирова, Тўрақўрғон, Уйчи туманлари тиббиёт бирлашмалари бош ҳамширалари Равшаной Ражабова, Лобар Машраповалар ҳам патронаж хизматини янада жонлантириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир сўнггида Райҳона Мансурова вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан ташкилланган соғлом турмуш тарзи, шахсий гигиена қоидалари, жисмоний фаоллик ва бошқа тиббий маслаҳатларни ўзида мужассам этган "Саломатлик сабоқлари" Телеграм канали обуначилари сафини кенгайтиришда патронажчиларнинг самарали ҳисса қўшишларига алоҳида тўхталди.

Семинарда Республика Ишчи гуруҳи аъзоси Жасурбек Бўтабоев, ВССБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботировлар иштирок этди.

Ишчи гуруҳи фаолияти давомида туманда 7 та юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ғоят муваффақиятли бажарилди.

Манзура ЭРГАШЕВА,

«Шифокор ва ҳаёт»

газетаси мухбири.

Муаллиф олган суратлар.