Қирғизқўрғонлик Муҳайё Акбарованинг чорак асрлик орзуси ушалди. Уни болалигидан туғма юрак нуқсони хасталиги қийнаб келарди. Энди бўлса кўп йиллик азоб-уқубатлар ўтмишда қолди. Туман марказий шифохонаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган бемор яқин кунларда мутлоқо соғайиб оиласи даврасига қайтиши мумкин. Вилоят кардиология маркази кардиожарроҳи, тиббиёт фанлари номзоди Нуриддин Баҳриддинов томонидан ўтказилган мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди.
- Қизимни соғайтириш учун узоқ вақт ҳаракат қилдик. Олиб бормаган шифохонамиз қолмади. Ҳайрият, ниятимизга етадиган кун ҳам бор экан. Вилоятимизнинг таниқли мутахассислари, олим шифокорлари туманимизга келиб, фарзандимни дарддан халос этишди. Халқ бахту саодати йўлидаги ҳайрли ишларнинг бошида турган давлатимизга мингдан-минг раҳмат, - дейди Асқарали Қурбонов.
Шу куни яна бир неча мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази нейрожарроҳлик бўлими мудири Абдужалил Нурматовнинг саъй-ҳаракатлари билан Музаффар Абатовга озор бераётган бел умртқалари чурраси ламиноэктомия қилинди. Мазкур марказ урология бўлими мудири Сайфиддин Мамадалиев эса чап буйрак кистасидан қийналиб юрган Жўрабой Эргашевда тери орқали пункцион аслирафиддинция жарроҳлик операциясини амалга оширди.
Туманда илк бор лапроскопик жарроҳлик амалиёти қўлланилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош жарроҳи Толибжон Мамадумаров ўткир флегманоз обтурацион калькулёз холециститга йўлиққан Ўғилхон Дадабоевада лапаратомия, тубидан холецистэктомия, яъни апоневроз нуқсонини тикиш, қорин бўшлиғи санацияси ва дренажлаш амалиётини ҳамкасбларига "Маҳорат дарси" сифатида кўрсатиб берди.
Маълумки, айни кунларда Наманган туманида Республика ишчи гуруҳи фаолият олиб борди. Оилалар ва маҳаллаларда мавжуд бўлган муаммолар чуқур ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Жумладан, шу кунга қадар соғлиқни сақлаш соҳасига оид ўнлаб масалалар ечимини топди. Бинобарин, туман тиббиёт бирлашмасида бир қатор юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилганлиги боис беморларни ташвишлантираётган касалликларни Тошбулоқнинг ўзида самарали даволашга киришилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.