(Давоми)
Маълумки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозир дунёда салкам 2 миллиард одам камқонликка дучор бўлган. "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармасининг "Камқонликка қарши кураш" Дастурида таъкидланганидай, Марказий Осиё минтақасидаги тупроқларда темир биоэлементи етишмовчилиги туфайли юзага келадиган камқонлик кенг тарқалган. Жумладан, бизнинг мамлакатимизда катта ёшли аҳолининг 15 фоизи, ўсмирларнинг 20 фоизи, ҳомиладор аёлларнинг 70 фоизга яқини турли даражадаги анемия сабабли ранг-рўйларини олдириб қўйганлар.
Камқонликнинг қайси тури бўлмасин, умумий аломати рангнинг оқариб кетишида зоҳирланиб туради. Дармонсизлик, бош оғриғи ва бош айланиши, кўз олди қоронғулашиши, тез-тез чарчаб қолиш, тирноқларнинг юпқалашиб мўрт ҳолатга келиши, юрак уришининг тезлашиши ва ҳансираш анемиянинг умумий аломатларига киради. Касаллик илк даврида тери қуриқшайди, оғиз бурчаклари бичилади, товон ёрилади. Соч ингичкалашиб, синиб тўкилиши кўпаяди. Милклар яллиғланади. Беихтиёр бемор лой, бўр, тупроқ кабиларни истеъмол қилишни хоҳлайди. Кўнгли бензин, керосин, атцетон ва бўёқлар ҳидини кусайди. Аччиқ ва шўр таомларни хушлайди. Темир моддаси етишмовчилиги билан кечадиган анемия камқонликнинг энг кўп тарқалган туридир.
Ҳар бир салбий ҳолатнинг кечаси ва бугунини ўрганмай, таққосламай уни бартараф этиш йўлларини аниқ белгилай олмаймиз. Ана шу нуқтаи назардан мазкур масалага ёндошсак, камқонлик яқиндагина туғилган тиббиёт муаммоси эмаслигини англаб етамиз. Бундан 40-50 йиллар аввалдан халқимиз озор чекиб келган экан. Чунончи, ўзбекистонликлар умумиттифоқ таркибига кирган 15 та Республика ўртасида еб-ичишда охирги ўринларда турарди. Расмий ҳужжатда (Республика Марказкўмининг 1988 йилги пленуми маърузасида): "Гўшт истеъмол қилиш жиҳатидан Ўзбекистон умумиттифоқ даражасидан қарийб 2,2 баравар, сут истеъмол қилиш жиҳатидан деярли 2 баравар, тухум истеъмол қилиш жиҳатидан 2,5 баравар орқада қолмоқда" деб ачинарли аҳвол рўйи-рост тилга олинган. Вазифа ўз-ўзидан аниқ бўлишига қарамай, қишлоқ туманлари раҳбарларининг мазкур масалада ижобий ўзгаришлар ясашга қодир бўлмаганликлари ўша пайтдаги журналист текширувида аямай фош этилган ҳам.
"Наманганнинг дала меҳнатчилари овқатланиши кузатилганида афсусланарли ҳолатга дуч келдик, - деб ёзади 1988 йили "Шоир сатрлари ҳижолат тортмасин" сарлавҳали мақола муаллифи Содиқ Сайҳун. - Косонсой туманининг қатор жамоа хўжаликларида гўштсиз овқат тайёрланмоқда. Янгиқўрғон туманида ҳам шундай. Поп ва Наманган тумани хўжаликларида берилаётган овқатларнинг калорияси паст. Қозонларга гарчи гўшт солинаётган бўлса-да, меъёрдан жуда кам. Киши бошига атиги 20-25 грамданга тушаётгани ачинарли. Ахир эртадан кечгача ерга эгилиш осонми. Дала меҳнатчилари қанча куч-қувватини йўқотиб тушликка чиқсаю, дастурхонига қуруқ макарон овқату маставадан бошқа ҳеч вақо қўйилмаса. Мева-чева анқонинг уруғи эмаску. Оғир меҳнатга енгил овқат бора-бора уларни ҳолдан тойдирмайдими?! Қишлоқ аёлларига тўзим берсин-ей!".
Истиқлолдан аввал колхоз (жамоа хўжалиги) ва совхоз (давлат хўжалиги) дала шийпонларида хўжакўрсингагина шароит яратилиши одатий ҳолга айланган экан. Мавсумий дала боғчаларидаги ноқулай шароит пахтакорларнинг фарзандлари ҳам соғлом ўсишига имкон бермай келган. Мана бу манзара тўқиб ёзилган эмас: "Коммунизм" колхозининг 10-биргадасида Аломат Орипова тарбиялаётган 20 та боланинг 6 таси, 4-биргадасида Сотқинжон Исломова қўлига топширилган 22 кичкинтойнинг 7 таси 5 ойликдан 11 ойликкача эканлигини пахта йиғим-терими пайтида кўрдик. Қўлбола беланчакларда гўдакларнинг бири қўйиб, бири йиғлаб ётарди. Уларни юпатиш учун сунъий сут аҳён-аҳёнда тарқатилар экан. Биз борганда тугаганини айтишди, болаларни оналари кун бўйи икки марта эмизишар экан. Тарбиячиларнинг эътирофларича, терим бораётган дала пайкалидан узоқроқда бўлиб ҳадеб келишавергани аёллар вақтини қизғонишаркан. Очиқроғи, пахталари озайиб, топимлари камайиб кетишини ўйлашаркан. Ажабо! Озгина моддий манфаатни кўзлаб, гўдакларини наҳот сутга ташна қолдиришса. Агар оналар билан тиббий суҳбатлар уюштириб, шу ҳақда тушунтириш берилганида, балки, гўдаклар тўқ ва соғлом яшашлари тўла таъминланармиди?!".
Юқоридаги далилдан сўнг тиббиёт ходимлари камқонликка қарши профилактика билан ўша пайтларда шуғулланишмаган, десак, ҳақиқатдан кўз юмган бўламиз. Наинки, жойларда тиббий суҳбатлар чоғида, вилоят ва туман партия қўмиталари мажлисларида, маҳаллий Кенгашлар сессияларида сўзлаган врачлар анемиянинг моҳиятини кишилар онгига етказишга, кечиктирмай ҳал этилиши лозим вазифаларни тушунтиришга уринганлар. Масалан, Ахси касалхонаси болалар бўлими мудири, педиатр-врач Рустам Белялов туман партия қўмитасининг 1988 йил 29 февралдаги пленуми минбаридан туриб мавжуд муаммони кўндаланг қўйган:
- Туманимизда туғиш ёшидаги аёлларнинг 90 фоизи анемияга мубтало. Хонадонларга кирсангиз, яшаш тарзига ачинасиз. Уйлари бир аҳволдаю, мотоцикл ёки енгил машина сотиб олишган. Боз устига тўйларига керагидан ортиқча пул сарфлашади. Лекин бундайлар ҳафтада 1 кило гўшт еса ейди, бўлмаса йўқ. Халқимиз топган-тутганини хонадони шароитини яхшилашга, сифатли таомлар тайёрлашга харжлашганларида эди, камқон оналару, нимжон болалар қолмасмиди. Касалхоналарда жой етишмаслик, аптекама-аптека укол-дорилар исташ кескин камаярмиди. Таклифим тўйлар ихчамлатилиб, тартибга келтирилса, фарзандлари бир ёшга тўлмаган оналарни дала юмушларига сафарбар этиш тўхтатилса...
Шу лаҳзада ўйлагандирсиз: пленумда қарор қабул қилиниб, унинг ижроси таъминланиб, одамларнинг ҳаётига нур киритилган деб. Асло шошилманг, янглишасиз. Ҳар доимгидек ўша давр тамойилларига кўра эл соғлиги учун жон куйдирган бу врачнинг таклифларини ҳам барча қарсаклар билан олқишлаган. Худди эртасигаёқ кескин ўзгаришлар ясаладигандек. Аммо врачнинг ўша дақиқада истаклари амалга ошишига қаттиқ умид боғлаган бўлиши кераккию, барибир ҳеч нарсанинг ўзгармагани ҳам ҳаётий ҳақиқат касб этган. Сентябрь ойида туман пахтазорларида 1000 га яқин, октябрда 700 дан зиёд қўлидаги гўдаги 1 ёшга етмаган аёллар оғир меҳнатга солинган. Шийпонларда кузакдаги ноқулай шароитда эмизикли болалар яна азоб чекишаверган. Оқибатда гўдаклар шамоллаган, қисқа фурсатда 7 нафари даладан касалхонага келганича ҳаёт билан видолашган.
Юқоридаги ҳолат фақат Тўрақўрғонгагина хос эмасди. Бутун вилоятда шундай манзара ҳукмрон эди. Рақамларга диққат қилинг: вилоятда 1985 йилда катта ёшдаги 4749 киши камқонлиги аниқланган. 1986 йилда 7066, 1987 йилда 8201 нафарга етган. 1988 йили яна қўшилган. Шу давр ичида камқон болалар салкам 5000 тадан 7060 тага ортган. Булар рўйхатга тушганлари, холос. Агар изланса, поликлиника, диспанцер кўриги изчил, барча талабларга мувофиқ ўтказилса, уларнинг сафи янада кенгроқ бўлганлиги аниқланарди.
Анемия аёллар ва болаларни тобора ўз домига тортаверганига фақат тиббиёт ходимларинигина айбдор ҳисоблай олмаймиз. Бунга хотин-қизларнинг ўзларидан тортиб, ҳам хўжалик, ташкилот, корхона ва муассасаларнинг масъулиятли раҳбарларигача бевосита дахлдордирлар. Носоғлом онадан соғлом фарзанд кутиш мумкин эмас. Истиқлол арафасида ҳомиладор аёлларнинг деярли ярми дардманд бўлиб, камқонликка чалинганларнинг оиласида кутилмаган ташвишлар қайғулар билан якун топарди. Вилоятда йилига 2 мингга яқин гўдак чала туғилганлигининг, уларнинг 50 фоизи эса ёшига етмаёқ ҳаёт билан видолашганининг аниқ далилларига эгамиз.
Бахтимизга яхшиямки, мамлакатимиз мустақилликка эришди. Ана энди Ўзбекистонимизда анемияга қарши ростакамига курашга ўтилди. Янаям аниқроғи, фақат гапда эмас, оғиздаги қоп-қоп ваъдаларда эмас, жиддий амалий чора-тадбирлар кўрилишида бу жараён хотин-қизларимизда, болаларда эртанги соғлом ҳаётга, соғлом турмушга ишонч кафолатини яратишга йўналтирилмоқда.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.
(Давоми бор)