мазкур шиор остидаги тарғибот тадбирлари вилоятимиз барча ҳудудларини қамраб олмоқда
Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3493-сонли қарорида белгилаб берилган вазифалар ижроси изчил амалга оширилмоқда. "Косонсой" сиҳатгоҳидаги анжуманни бу борадаги астойдил ҳаракатлардан бири сифатида эътироф этиш мумкин. Республикамизнинг турли жойларидан ташриф буюрган дам олувчилар вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ходимларининг жонли мулоқотларидан баҳраманд бўлишди. Улар томонидан уюштирилган тарқатма материаллар, буклетлар энди ҳордиқ чиқарувчиларнинг оила-аъзоларига ҳам соғлом турмуш ҳақидаги тушунчага эга бўлишларида жуда-жуда асқотади.
Тадбирни бош врач Раҳмонжон Абдуллаев бошқарар экан, жаҳон глобал муаммоларидан бирига айланган ва дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган ОИВ инфекциясининг зарарли оқибатлари тўғрисида сўзлади. Шунингдек, у юртимизда ушбу касалликка чалинганларга ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдам ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Сўнгра, марказ бош врачининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Гулмира Мирзакаримова ОИВҒОИТС инфекциясини терапия усули ёрдамида даволаш ва ижтимоий руҳий ёрдам кўрсатиш бўйича маъруза қилди. Эпидемиология - мониторинг бўлими мудири Мансуржон Позилов ОИВ инфекцияси эпидемиологияси ва касалликни эрта аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида батафсил тушунчалар берди.
- Бугунги тадбир, бошқаларидан тубдан фарқ қилади, - дейди сиҳатгоҳ директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Гулбара Қурбанова. - Дам олувчилар мазкур касаллик ҳақида илгари турли ОАВ нашрлари ёки телевидение орқали тушунчага эга бўлишган бўлса, бугун улар соҳа мутахассислари билан юзма-юз мулоқотга киришишди ва керакли маълумотларга эга бўлишди.
- Тошкент шаҳридан келганман, - дейди меҳнат фахрийси Оқилжон Одилов. - Аср фожиаси бўлган ОИТСнинг инсон саломатлиги ва ҳаётига хавф туғдираётганлиги бизни янада ҳушёр торттирди.
Дарҳақиқат, аср вабосига айланган ОИТСга ҳеч ким чалинмаслиги учун барчамиз унинг хавфидан огоҳ бўлиб, соғлом турмуш тарзи талабларига қатъий амал қилсак, соғлигимизни бой бермасликка эришаверамиз.
Манзура ЭРГАШЕВА.