Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да эътиборга молик янгиликлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Бинобарин, туман шифохоналарида ҳозирга қадар амалга оширилмаган қатор юқори технологик жарроҳлик операцияларини ўтказиш эндиликда одат тусига кириб бормоқда. Саломатлик посбонлари Янгиқўрғонда бу йўналишдаги дастлабки қадамни қўйган эдилар. Мингбулоқда илк маротаба қўл урилган бир неча мураккаб жарроҳлик амалиётлари туман тиббиёт бирлашмаси фаолиятида янги даврни бошлаб берди, десак муболаға эмас.

Беш ёшли Хонзода туғма юрак хасталиги билан дунёга келган. Фарзандининг бетоблиги ёш оила аъзоларини изтиробга солар эди. Энди 30 август Абдурашидовлар хонадони учун тарихий сана сифатида узоқ вақт унутилмаслиги аниқ. Туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимида ўтказилган кардиологик жарроҳлик амалиёти якунида қизалоқнинг мур­ғак юрагига озор бераётган нуқсон барҳам топди. Вилоят кардиология марказидан келган ҳамкасб­лари билан енг шимариб ишга киришган тиббиёт фанлари номзоди Нуриддин Баҳриддинов ғоят қалтис операцияни муваффақиятли якунига етказди.

- Набирамнинг саломатлигидаги муаммодан оиламиз жиддий ташвишда эди. Ахир пойтахт­даги ёки вилоят марказидаги шифохоналарда бундай амалиётлар қанчалар катта сарф-харажатлар ҳисобига бажарилишини биламиз. Шукр, тажрибали шифокорлар томонидан юксак даражада ўтказилган, туман тарихидаги энг нозик жарроҳлик амалиётининг ижобий натижаси ўлароқ Хонзода соғлом болажонлар сафига қўшиладиган бўлди. Бундай лаҳзаларда инсонпарвар давлатда яшаётганингдан бағоят фахрланиб кетаркансан, - дейди фахрий педагог Икромжон ота Фозилов.

Кун давомида бошқа йўналишлар бўйича яна бешта жарроҳлик амалиёти олиб борилди. Жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош эндоскописти Абдурашид Мамажонов томонидан қизилўнгач варикоз кенгайган веналаридан қон кетишни тўхтатиш мақсадида эндоскопик лагатура қўйиш амалиёти маҳорат билан бажарилди. Вилоят перинатал маркази директори Ўзганбой Раҳмонов ва тиббиёт фанлари номзоди Лола Абдуллаевалар туғруқ комплексида аёллар репродуктив аъзоларидаги хавфли касалликларни бартараф этишга муваффақ бўлдилар. Шунингдек, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, РШТЁИМ Наманган филиали малакали мутахассислари маҳаллий шифокорларга лапроскопик холецист эктомия - қорин бўшлиғини дренажлаш каби операцияларни қай усулда бажарилишини кўрсатиб бердилар.

- Вилоятимиз таниқли шифокорлари саъй-ҳаракати билан амалга оширилган юқори технологик операциялар аввало туман тиббиёт бирлашмаси шароитида яна қандай янгиликларни жорий этишимиз мумкинлигини кўрсатди, қолаверса маҳаллий тиббиёт ходимларининг касбий маҳоратини ўстириш имконини берди. Келгусида ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадидамиз, - дейди шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири Тожимат Ҳотамов.

Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкилланган "Маҳорат дарслари" тиббиётнинг қуйи тизимларида қўлланиши мўлжалланаётган юқори технологик жарроҳлик амалиётларини татбиқ этиш масалаларига бағишланди. Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров олиб борди. РШТЁИМ Наманган филиали бош жарроҳи Толибжон Мамадумаров, тиббиёт фанлари номзодлари Нуриддин Баҳриддинов ва Лола Абдуллаевалар тегишли мавзулар юзасидан маърузалар билан чиқдилар.