Халқ турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим шартларидан бири - кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва малакасини оширишдан иборатдир. Республика Ишчи гуруҳининг Чуст туманидаги фаолияти давомида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Аввало, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш барча саъй-ҳаракатларнинг марказида турибди. Бунинг учун 14 та тиббий бригада шакллантирилган. Улар кўп тармоқли марказий поликлиника бўлимларида, 8 та қишлоқ оилавий поликлиникасида ва 5 та қишлоқ врачлик пунктида фаол иш олиб бормоқда. Дастлабки беш кунликда салкам 13 минг нафарга яқин фуқаро тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. Аниқланган касалликларни зудлик билан даволаш чоралари кў­риляпти. Беморлар саломатлигини тиклаш учун туман ва вилоят шифохоналарига, республика клиникаларига имтиёзли йўлланмалар бе­риляпти.

Тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш доирасидаги тадбирлар кўлами ҳам ортиб бормоқда. Ногиронлар ва сурункали касалликларга дучор бўлган одамларнинг уйларига шифокорлар ташрифи уюштирилмоқда. Шу кунга қадар 62 нафар фуқарога ногиронлар аравачаси, 11 кишига қўлтиқ таёқ, 41 кишига эса эшитув мосламаси берилди. Хастахол кишилардан бир неча нафарининг ногиронлик гуруҳига ўтказиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Яна бир янгилик - ҳозирга қадар вилоят маркази ва пойтахтимиздаги шифохоналарда бажариладиган ўта мураккаб, юқори технологик жарроҳлик амалиётларини туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимида ўтказишга муваффақ бўлинди. Дастлабки амалиётни Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий маркази бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Содиқов "маҳорат дарси" сифатида кўрсатиб берди. Бемор Саноат Мирзараҳматовада лапаратомия, тубидан холецист эктомия жараёни юксак даражада амалга оширилди.

Эртасига вилоят перинатал маркази тажрибали шифокорларига нав­бат келди. Марказ раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Ўзган Раҳмонов ва тиббиёт фанлари номзоди Лола Абдуллаевалар Орзигул Эргашевани азоб бераётган дарддан халос этишди. Абдоминал тотал гистроэктомия ва қин орқали тотал гистроэктомия, кольпопластика гинекологик жарроҳлик амалиётларини чустлик шифокорлар кўз ўнгида бажариб беришди.

Кейинги кунлари ҳам туман марказий шифохонаси тарихига ёзиладиган ғоят нозик жарроҳлик амалиётлари давом эттирилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази травмотология бўлими мудири Неъматжон Юсупов томонидан бемор Собир Бобоев устида олиб борилган иккала оёқ сон суякларини ёпиқ синиб силжишлари ёпиқ равишдаги остеосинтези амалиёти муваффақиятли якунланди.

- Ўғлим бахтсиз ҳодиса туфайли қаттиқ жароҳатланган эди. Уни соғ­ломлаштириш учун вилоятнинг энг тажрибали шифокорлари сафарбар этилганидан жуда ҳам мамнунмиз. Давлатимизга чин дилдан раҳматлар айтамиз, - дейди Раҳмонжон ака Бобоев.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази таниқли мутахассислари - бошқарма штатсиз бош офтальмологи Абдурашид Сулаймонов, бош отоларинголог Воҳиджон Қамбаров, бош травмотолог Ёсунхон Фахриддиновлар ҳам ўз соҳаларига оид амалиётларни юқори даражада ўтказишди.

Бундан ташқари патронаж хизмати самарадорлигини ошириш чоралари кўриляпти. Уч минг нафардан зиёд патронаж ҳамширалари тадбирга жалб этилган. Ҳозиргача 25 мингдан зиёд хонадонга ташриф буюрилди. "Саломатлик мактаблари" иши жонлантириляпти. Шунинг­дек, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш бўйича тарғибот- ташвиқот кучайтирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, барча соҳалар қатори туман тиббиёти фаолиятида ҳам эътиборга молик жиҳатлар изчиллик билан юзага чиқарилмоқда. Пировардида эса юрт бойлиги бўлган эл саломатлигини сақлаш борасида ижобий кўрсаткичлар намоён бўлаётир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.