Маълумки, ўтган йили вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов раҳбарлигидаги вилоятимиз делегацияси Ҳиндистонда сафарда бўлганди. Ташриф дастурига мувофиқ бир қатор йирик компаниялар ва нуфузли клиникалар раҳбарлари билан учрашувлар чоғида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан келишиб олинган эди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси катта мажлислар залида кардиология соҳасида қўлланилаётган янги технологиялар тақдимотига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди. Тадбир ҳиндистонлик бир гуруҳ мутахассис ва тадбиркорларнинг вилоятимизга сафари муносабати билан ташкилланди.Унга вилоят шифохоналарида мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган шифокорлар таклиф этилди.
Кардиологиянинг етук мутахассисларидан бири, профессор Рави Кумар юрак хасталигига дучор бўлган беморларни даволаш ва улар умрини узайтириш борасида тўпланган жаҳон тажрибаси, хусусан кардиологик аппаратлардан самарали фойдаланиш бўйича жорий этилаётган янгиликлар тўғрисида маъруза ўқиди. Таниқли олим, академик Арвинд Дикмит эса кардиология соҳасида эришилаётган ютуқлар ва уларни беморларда қўллаш натижалари ҳақида тушунча берди. Ҳиндистон клиникаларида малакали мутахассислар таёрлаш амалиёти ҳақида тўхталиб, бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини билдирди.
Хорижлик меҳмонлар билан мулоқот ғоят қизғин тус олди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов, вилоят кардиология маркази кардиожарроҳи, тиббиёт фанлари доктори Азимжон Ҳикматовлар мамлакатимизда тиббиётнинг мазкур соҳаси жадал равнақ топаётганлиги, жумладан, Наманганда кардиожарроҳликни такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилаётганлиги тўғрисида батафсил гапириб беришди.
Тадбир якунида кун тартибидаги мавзуга оид кўплаб саволларга ойдинлик киритилди.