Бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишланган "Саломатликни тарғибот қилиш кунлари" муваффақиятли ташкил этилди.
Маълумки, аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, касалликларнинг олдини олиш ва уни эрта аниқлашга қаратилган бирламчи профилактик тадбирларга алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Хусусан, бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш мақсадида тегишли дастурлар ишлаб чиқилиб, уларнинг изчил ижроси таъминланмоқда. Республикамиз бўйлаб юксак уюшқоқлик билан ўтказилган акция ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.
Мазкур тиббий тадбирга вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида пухта тараддуд билан киришилди. Наманган шаҳри, туманлар марказларидаги маданият ва истироҳат боғларида, дам олиш масканларида "Саломатликни тарғибот қилиш кунлари" доирасидаги жараёнлар аҳолининг фаол иштирокида бошланди.
Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида тиббий тарғибот тадбирининг очилиш маросими ўтказилди. Уни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов олиб борди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқорова ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш-профилактика ёрдамини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Баҳром Мўминовлар мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва малакасини ошириш мақсадида кенг қамровли ишлар олиб борилаётганлигини, бугунгидек тиббий-тарғибот тадбирлари соғлиқни сақлаш самарадорлигини ва аҳоли тиббий саводхонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, барчани унда фаоллик кўрсатишга ундадилар.
Шундан кейин сўлим маскан тиббий жараёнлар қуршовида қолди. Минг-минглаб одамлар шифокорлар ҳузурига, саломатлиги ҳолатини билиб олишга ошиқди. Саломатлик тарғиботи байрами хилма-хил дастурларни қамраб олганди. Унда аввало мамлакатимизнинг таниқли шифокор олимлари ва вилоятимизнинг малакали мутахассислари энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуна ва қурилмалари воситасида юртдошларимизни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази урологи Абдулла Асадуллаев раҳбарлигидаги пойтахтлик шифокорлар қабули ғоят самарали кечди.
- Аёллар репродуктив саломатлигини яхшилашга алоҳида эътибор қаратяпмиз, - дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти акушер-гинекологи Инобат Раҳмонова. - Хотин-қизларда учрайдиган турли ҳасталиклар билан мурожаат қилаётганлар айниқса кўп. Уларга зарур тавсия ва маслаҳатларимизни беряпмиз.
Биргина вилоят марказидаги тадбирга вилоят ихтисослашган даволаш-профилактика муассасаларининг, шаҳардаги оилавий поликлиникаларнинг салкам 700 нафар тиббиёт ходими жалб этилганлиги ҳам тиббий жараёнларнинг кўлами ғоят кенг бўлганлигидан далолатдир. 200 нафардан зиёд врачлар ва 441 нафар ҳамширалар сидқидилдан иш олиб боришди.
13 та УТТ ва 21 та ЭКГ воситасида, лаборатория текширувлари орқали одамлар саломатлиги ҳар томонлама ўрганиб чиқилди.
Бугина эмас, соғлом ва узоқ умр кўришда тиббий кўрикларнинг аҳамияти, соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилиш, айниқса жисмоний ҳаракат ва фаоллик, соғлом овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш, тиббий саводхонликни ошириш мавзуларида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Ҳар бир шифохона ва оилавий поликлиника жамоаси тиббий тарғибот устуворлигини таъминлади. Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят ҳудудий бўлинмаси илмий ходимлари уюштирган давра суҳбатларида касалликлар профилактикаси, тиббий маданиятни юксалтириш масалаларига батафсил тўхталиб ўтилди.
- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоиз яшаётган экологик муҳитга, 15 фоиз ирсий омилларга, бор-йўғи 10 фоиз тиббиётга боғлиқ экан. Демак, ҳар бир инсон соғлом ва узоқ умр кечиришга интилар экан, аввало, юксак тиббий билим ва маданиятга эга бўлиши зарур. Шунинг учун ҳам аҳоли тиббий саводхонлигини оширишга урғу беряпмиз. Тадбир доирасида Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан яратилган соғлом турмуш тарзи ва аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришга йўналтирилган 13 турдаги ижтимоий роликлар намойиш қилиняпти. Бундан ташқари юртдошларимизни 40 хил мавзуни қамраб олган буклетлар билан таништириб чиқяпмиз,- дейди бўлинма директорининг ўринбосари Лочинбек Бўриев.
Тарғибот тадбирлари вилоят сил касалликларига қарши кураш диспансери, вилоят эндокринология диспансери, вилоят наркология диспансери, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали ва бошқа даволаш-профилактика муассасалари вакиллари томонидан изчил ташкил этилди. Шу билан бирга турли юқумли касалликларни аниқлаш мақсадида тиббий текширувлар олиб борилди.
- Замонавий кўчма қурилма ўрнатилган иккита автомашинада фуқаролар рентгент текширувларидан ўтишлари учун имконият яратилди. Бир кишида сил касаллиги аломатлари аниқланди ва зудлик билан даволанишга жўнатилди,- дейди ВСҚКД олий тоифали врач-рентгенологи Камолхон Ҳамзаев.
- Боғдаги саломатлик байрамида қатнашиб, давлатимизда аҳоли соғлиғини сақлашни такомиллаштириш учун беқиёс ғамхўрликлар кўрсатилаётганлигига амин бўлдим,- дейди Наманган шаҳридаги 25-мактаб ўқитувчиси Нозима Ғафурова. - Айниқса барча тиббий текширувлар бепул, қолаверса диёримизнинг энг малакали шифокорлари томонидан ўтказилаётганлигидан ғоят мамнунмиз. Атрофни безаган тасвирий-тарғибот воситалари ҳам одамларнинг саломатлик ҳақида тушунчасини бойитишга, энг муҳими бу бебаҳо неъматга бефарқ муносабатда бўлмасликка чорлаб турибди. Тадбирга келган ҳар бир инсон ана шу заруриятни беихтиёр кўнглидан ўтказяпти.
"Саломатликни тарғибот қилиш кунлари"дан кўзланган мақсад ҳам, аввало, аҳолининг тиббий билим ва тафаккурини юксалтириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳар бир инсоннинг ўзи ва яқинлари саломатлиги учун масъуллигини оширишдан иборатдир. Айтиш жоизки, "касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган афзал", деган тамойил кейинги йилларда тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадига айлангани инсон манфаатларини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлмоқда.
Абдулла ҒОЗИЕВ.