Шифокорларнинг "Фаввора"даги учрашув-мулоқотлари тиббий кўрикка уланиб кетди

Тўрақўрғон шаҳрининг Косонсой кўчасидаги "Фаввора" сайргоҳи 7 - 8 сентябрь кунлари ноодатий меҳмонлар билан гавжумлашди. Бошқача таърифлаганда оқ халатли тиббиёт мутахассислари учун сайргоҳдаги айвонлар ишхона тусини олди. Бир ёнда ҳамширалар кириб келаётган одамларни тарғибот анжуманига, бир ёнда тиббий аппаратлар кузатувига, бир ёнда врачлар кўригига чорлашмоқда.

Туман ҳудудларига бир кун аввал ёйилган хушхабар эшитганларни шу ёққа талпинтиргани тезда кўзга ташланди қолди. Ахир келувчилар дақиқа сайин кўпайиб, навбатлари келгунча сайргоҳни кезиб, турли қулайликлардан баҳраманд бўлиб, кайфиятлари кўтарилди. Сўнгра, юқори малакали врачлар кўригидан ўтишди.

Бу ерда педиатр Убайдулла Ортиқов, Манзура Жўраева, акушер-гинеколог Самияхон Исоқова, невропатолог Аҳмадулло Бойбобоев, офтальмолог Лутфулла          Ғо­ипов, жарроҳ Эркинбой Жамолов сингари врачлар сидқидилдан хизмат кўрсатишди. Аҳоли учун УТТ ва ЭКГ аппаратларига тушиш шароитлари-ю, лаборатория таҳлилларигача ўтказиб бериш имкониятлари яратиб қўйилгани айни муддао бўлди. Барча хизматларнинг бепул амалга оширилганини айтмайсизми. Бу беморлардан ташқари, дам олиш маскани сайрига кирган катта-кичиклар учун ўзига хос қулайлик туғдирди, албатта. Шу боис, одамлар ўз саломатликлари учун аввалдан қайғуриш зарурлигини яна бир бор англаб етишди.

- "Саломатликни тарғибот қилиш кунлари" биз катта тиббиёт оғалари учун ҳам янада масъулиятли тадбир тусини олди, - деди Олчин қишлоқ врачлик пунктидан хизмат учун сайргоҳга келган Абдупатто Деҳқонов. - Туман шифокорлари билан ёнма-ён туриб, халқимизни тиббий кўрикдан ўтказяпмиз. Энг муҳими, одамлар ўз соғлиқлари ҳақида зарур маълумотларга эга қилинмоқда. Баъзиларига шифохонага ётиш тавсия этилса, баъзиларига қатнаб даволаниш маслаҳати берилмоқда.

Туман "Саломатлик маркази" бошлиғи Абдусаттор Тўйчибоев сафдошлари билан турли касалликларнинг олдини олиш ҳақидаги мулоқотларни юқори савияда ўтказиш учун фаол ҳаракат қилди.

Тиббий профилактикага оид маслаҳат ва тавсиялар ифодаланган варақа ва буклетларгача тарқатилди, видеороликлар намойиш этилди. Сайрга келганлар уйларига "қуруқ" қайтмадилар. Фойдали сабоқномалар улар учун келгусида ҳам тез-тез асқотиши турган гап.

- Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда бугунгидек оммавий тиббий тадбирлар муҳим аҳамиятга эга, - деди мамнуният билан ТТБ бош врачининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Салоҳиддин Худойқулов. - Биз сайргоҳга худди поликлиникани кўчириб келгандаймиз, 8 хил мутахассисликдаги врачлар эртадан кечгача қабул ўтказишди. Тўғрисини айтганда, беморлар шифокорлар ҳузурига эмас, шифокорлар одамлар олдига хизмат кўрсатиш учун келишди. Соғлом халқи бўлган юрт қудратли бўлишини яхши билган ҳолда бор билим ва малакамизни эл соғлиги йўлида ҳеч аямасдан сарфлайверамиз.

(Ўз мухбиримиз).