Наманган туманида ҳам "Саломатликни тарғибот қилиш кунлари" уюшқоқлик билан ўтказилди. Тиббий тадбир ташкилланган туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида ташриф буюрувчилар шифокорлар томонидан мамнуният билан кутиб олиндилар. Дастлаб, кўрикка келганларнинг тиббий варақаларини тўлдирилиб, қўлларига тутқазиб турилди. Фоеда вазн ва бўй ўлчовлари, лаборатория таҳлилларидан ўтганлар мутахассислар кўригига ошиқишди.

Икки кун марказий шифохонанинг тор доирадаги тажрибали мутахассислари- офтольмолог, жарроҳ, нев­ропотолог, педиатр, лор, акушер-гинекологлар аҳоли хизматида бўлишди. Туман "Саломатлик маркази" мутахассислари томонидан ташкил қилинган "Саломатлик бурчаги"да соғ­лом турмуш тарзи қоидаларини тарғиб қилувчи маърузалар ўқилди. Буклетлар тарқатилди.

- Аҳоли саломатлигини сақлаш йўлидаги бундай муҳим тадбирлар уларнинг соғ­лигини, қолаверса, соғлом турмуш тарзи ва тиббий маданиятини оширишда муҳим омил бўлмоқда, - деди туман тиббиёт бирлашмасининг бош ҳамшираси Санобар Қодирова. - "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин"   шиори остидаги мазкур тадбир соғлом оилани шакллантириш, тиббий маданиятни ошириш, юқумли ва ирсий касалликларнинг олдини олишда алоҳида аҳамиятга эга.

- Қоратепа қишлоғидан соғ­лигимни текширтиргани келдим, - деди меҳнат фахрийси Зуҳрахон ая Мирзараҳимова. - УЗИ, ЭКГ аппаратларига тушдим. Ҳеч қандай касаллик аниқланмади. Соғ­лигимдан янаям кўнглим тўқ, хотиржам бўлдим.

- Мен ҳам миннатдорчилигимни изҳор қилай, - деди Кичик Қурама қишлоғидан келган Осиёхон Жўраева. - Окулист Бахтиёр Турсунов кўзларимда бироз шамоллаш борлигини аниқлаб, томчи дориларни тавсия қилди. Ўз касбининг устаси бўлган шифокорга раҳмат айтаман.

- Болалар ва ўсмирларни кўрувдан ўтказяпмиз, - деди марказий шифохонанинг болалар бўлими мудири, педиатр Алоҳиддин Мадраҳимов. - Сурункали ва юқумли касалликлар аниқланмади. Уч нафар хасталик белгилари бор болага шифохонада даволаниши учун йўлланма бердик.

- УЗИ аппаратида ўзим шу пайтгача бехабар бўлган миома хасталиги ва чап буйрагимда бироз шамоллаш борлигини аниқлашди, - дейди "Шодлик" маҳалласидан келган Мавлуда Холмирзаева. - Яхшиям тиббий кўрикка келганим, энди ўз саломатлигимга янада эътиборли бўламан.

Тадбирга таклиф қилинган вилоят перинатал маркази акушер-гинекологи, тажрибали ва малакали шифокор Фотима Қаюмованинг қимматли маслаҳатларидан хотин-қизлар жуда-жуда мамнун бўлишди.

Манзура ЭРГАШЕВА.