Яндамада қишлоқ оилавий поликлиникаси иш бошлади
Янги тиббиёт муассасасининг тақдимот тантанаси мустақилликнинг 27 йиллик арафасида ўтказилди. Катта йўл ёқасидаги икки қаватли бинонинг реконструкциясига киришилганига аслида унча кўп вақт бўлмади. 401-ХММКК масъулияти чекланган жамияти қурувчилари бу ерда 1 миллиард 552 минг сўмлик иш бажаришди.
- Асосий бино мукаммал таъмирланиши билан бирга яна анчагина қўшимча қурилишлар қилдик, - дейди бунёдкорлар етакчиси Ҳамиджон Эгамбердиев бизни орқа ҳовли томонга бошлар экан. - Манаву қатор-қатор кичик биноларга поликлиниканинг лабораторияси, стерилизация пункти, тез ёрдам бўлими ходимлари жойлашишди. Ҳатто машиналар учун мўъжаз гаражча қуриб бердик. Энг муҳими, энг улуғ, энг азиз байрамимизга муносиб меҳнат туҳфаси тайёрлашга эришдик.
Мазкур 26-оилавий поликлиниканинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан туман ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамоликларида тиббиёт соҳасига кўрсатилаётган эътибору, унинг беқиёс самараларини мамнуният билан тилга олди. Янги шифо масканида яратилаётган шароитлару қулайликларни мухтасар шарҳлаб ўтди. Айниқса, одамлар ўртасида "Узоққа борсак, юқори малакали мутахассисларга учраймиз, улар яхшироқ даволашади" деган фикрга энди ўзгариш ясаш вақти келганлигини янги оилавий поликлиникада 6-7 хил ихтисосликдаги врачлар тиббий хизмат кўрсатиши йўлга қўйилаётганлигини алоҳида таъкидлаб, халққа тушунтирди.
Дарҳақиқат, ҚОПда 14 нафар олий маълумотли врачларнинг фаолият юритиши, улар ичида жарроҳ, акушер-гинеколог, педиатр, стоматологгача борлиги аҳоли учун етарли қулайликлар яратиб қўйилганидан далолатдир.
- Қадрдон ҳамкасблар, бизлар ишлаган маҳалимизда бундай шароитлар қайда эди-я. Сизлар ҳар қанча севинсаларинг, фахрлансаларинг арзийди, - дея жамоага уқтирди меҳнат фахрийси Жаннатхон Ҳамидова. - Чиройли биноларда, замонавий жиҳозу аппаратлардан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш бахти насиб этяпти. Оқ халатларингга доғ туширмасдан ҳалол ва фаол ишлаб, ҳамқишлоқларимиз олқишига сазовор бўлишга ҳамиша бурчли эканингизни бирор лаҳза унутманг!
Тантанада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов сўзга чиқиб, шифокорларни ҳар жиҳатдан қулай шундай шароитларда халқ соғлигини таъминлаш учун бор билим ва малакаларини ишга солиб, даволаш ва профилактика бўйича юқори натижаларга эришишга даъват қилди.
Тантанада ишчан қурувчиларга тиббиётчиларнинг миннатдорчилиги ифодаси сифатида совғалар топширилди.
Тантанага йиғилганларнинг барчалари аъло кайфиятда эканликлари уларнинг юзларида яққол балқиб турарди.
- Қишлоғимиз халқининг орзуси чинакамига ушалди, - деди меҳнат фахрийси Алижон Абдуллаев. - Бизларнинг талабларимизни ерда қолдиришмади, аксинча, қўллаб-қувватлашиб, ўз вақтида рағбат билдиришди. Бугун эса халқимиз кўнглида Президентимизнинг изчил инсонпарварлик сиёсатларидан розилик туйғулари тўлиб-тошмоқда. Ишончимиз комилки, Ўзбекистонимизда юксак тараққиёт таъминланаверади. Сабаби, соғлом халқнинг бутун билими ва куч-қуввати ҳамиша Юртбошимиз қўйган улуғвор вазифаларнинг ижросига сафарбар этилаверади.
Оилавий поликлиниканинг рамзий лентаси қадри баланд қариялар иштирокида қирқилгач, меҳмонлар ичкарига қадам қўйишди. Шифокорларга ҳам, беморларга ҳам замон талаблари даражасида яратилган шароитлар ҳаммага манзур тушди.
- Аҳил жамоамиз кўрсатилган бундай катта ғамхўрликларга жавобан эл саломатлигини сақлаш учун фидойилик билан янада астойдил тиббий хизмат қилаверади, - деди оилавий поликлиника мудири Абдулқосим Абдусатторов. - Бу билан Президентимизнинг соҳа ходимлари олдига қўйган вазифаларнинг изчил бажарилишига муносиб ҳиссамизни қўшаверамиз.
Содиқ САЙҲУН.