Тўрақўрғонлик тиббиётчилар ўртасида иккинчи касбларни эгаллаш иштиёқи кучайтирилмоқда

Ҳаётнинг ўзи инсондан ҳамнафасу ҳамқадам яшашни тақозо этиши табиий ҳол. Шунданми, азалдан томорқа юмушларига ёрдамчи хўжалик сифатида қараб келинади. Истиқлол ислоҳотлари шарофати билан эндиликда ҳар бир одам касби ва ёшидан қатъий назар тадбиркорлик билан шуғулланишида, оиласи бюджетини мус­таҳкамлашда тобора кенгроқ имкониятларга эга бўлмоқда.

Бу ўзи учун ҳам, жамият учун ҳам ғоят фойдали. Топими қанча кўпайса, турмуш фаровонлиги шунча юксалаверади. Лекин илгариги одатларимиздан батамом қутулиб кетаётганимиз, янаям очиқроқ айтганда, давлат муассасасидаги ойликларимиз кўпа­йишгагина кўз тикиб ўтираверишимиз бугуннинг талабига тўғри келавермайди. Атрофга сергак боқиб, икки-уч касбни эгаллаш ҳаракатига тушиб, бекор ўтирадиган бўш вақтимизни ҳам иш вақтига айлантиришга интилсак, даромадимизга барака кираверади. Буни Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси томонидан Исвахон маданият ва аҳоли дам олиш масканида ташкил этилган "Ҳамшира, тадбиркор аёл" кўрик-танловида қатнашганлар саҳнада кўришди, ўзларига тегишли хулосалар ясашди, яъни ибрат сабоғини олишди.

Даврага беш нафар ҳамшира навбати билан чиқишиб, ўзларининг иккинчи касблари бўйича эришаётган ютуқларини намо­йиш қилишди. Бирлари банкдан кредит олиб, боғдорчилик ва полизчилик билан қандай шуғулланганини, бирлари чеварчиликни моҳирона ўзлаштириб, элита пардалар тикишни, бирлари лола етиштириб, ноёб совға буюмлар тайёрлаб сотишни, бирлари зардўзликни, келин сарполарини безашни, чақалоқлар бешигигача ёпинчиқлар тикишни, бирлари шифобахш ўсимликларни йиғиб, улар билан даволаш фаолиятларини амалда кўрсатишди. Залда томошабин сифатида ўтирган ҳамшира ҳамкасблари эса уларнинг чиқишларини мароқ билан кузатишиб, олқишлашиб туришди. Таништирув, тадбиркорликни бошлаш ва китобхонликдан иборат уч шарт бўйича уларнинг билими, истеъдоди, лаёқати ва уддабуронлигини ҳакамлар ҳайъати муносиб баҳолаб борди. Ниҳоят ҳаяжонли дамларга етиб келинди.

Марказий поликлиника ҳамшираси Муҳаббат Эргашева "Энг тадбиркор аёл", марказий шифохонанинг туғруқ бўлими ҳамшираси Дилдора Жакбарова "Энг зиёли, ташаббускор аёл", терапия бўлими ҳамшираси Гулчеҳра Холбоева "Энг моҳир, қўли гул аёл", шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Карима Турдиева "Энг шижоатли, интилувчан аёл" ва юқумли касалликлар бўлими ҳамшираси Мунаввар Бозорова "Энг меҳнатсевар, фидоий аёл" номинацияларининг ғолиблари деб топилдилар.

- Мен тадбиркор аёл сифатида ҳамшираларнинг лаёқатларига чин дилдан юқори баҳо бердим, - деди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, республикага машҳур фермер, Ўзбекис­тон Қаҳрамони Ҳалчахон Мирзаева. - Бўларканку шундай ҳаракат қилинса. Булардан ҳамма ҳамширалар ўрнак олишса арзийди.

Кўрик-танловнинг кўргазмали таъсир кучи залда ўтирганларни ҳам янги режалар тузишга руҳлантириши шубҳасиз. Туман тиббиёт бирлашмаси, туман хотин-қизлар қўмитаси, аёлларнинг ижтимоий мослашув маркази ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбир сўнггида ғолибларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари тантанали топширилди.

- Менимча, мазкур кўрик-танловимиз ҳам назарий, ҳам амалий аҳамиятга эга бўлди, - дейди ТТБ бошлиғи Юнусхон Абдупаттаев.- Чунки кейинги пайтда қабулимга кираётган ҳамширалар ўзларининг навбатчилик кунларини кўпайтириб беришни тез-тез сўрашмоқда. Ахир белгиланган меъёр бор-ку, ҳадеб имкони йўқ ҳолатга умид қилаверишдан кўра, имкони бор қўшимча ишларга қўл урган яхши эмасми?! Шу маънода бугунги тадбиркорлик тарғиботи даврнинг долзарб талабларига мувофиқ ташкиллангани билан ғоят аҳамиятли ва фойдали кечди, деб ўйлайман.

Кўрик-танлов пухта тайёргарлик билан уюштирилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Унинг тараддудида ва амалга оширилишида ТТБ бош ҳамшираси Равшаной Ражабова, шошилинч тиббий ёрдам бўлими бош ҳамшираси Лобархон Нажимова ва ёшлар етакчиси Ҳилола Абдуллаевалар фаол ташкилотчилик қилдилар.

(Ўз мухбиримиз).