Шунинг учун тармоқда коррупция ҳолатларига йўл йўқ

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасидаги бу галги семинар Наманган шаҳар адлия бўлими ва Республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилояти бўйича назорат инспекцияси билан ҳамкорликда ўтказилди. Унда "Коррупция-миллий хавфсизликка таҳдид" мавзусида кенгашилди.

Дастлаб Республика ССВнинг Наманган вилояти бўйича назорат инспекцияси етакчи назоратчи-ҳуқуқшуноси С.Насвалиевнинг Ўзбекистон Республикасининг "Коррупция­га қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни юзасидан шарҳи тингланди.

Сўнгра Наманган шаҳар адлия бўлими етакчи мутахассиси А. Саттибоев Ўзбекистон Республикасининг "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги Қонуннинг 18-моддаси ҳақида тушунча бериб, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, ички ишлар органларига юклатилган вазифалар, уларнинг назорати масалаларига тўхталди.

Жиноят ишлари бўйича Норин туман суди раиси Ж. Қурбонов сўзга чиқиб, жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий ва маънавий ҳаётига хавф соладиган, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллат ҳисобланмиш коррупцияга қарши қатъий кураш олиб бориш зарурати ҳақида гапирди. Қонун талабларини яна бир бор йиғилганларга тушунтирди.

Шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А. Мавлонов семинар сўнггида тиббиётчилар ўртасида ҳалоллик ва фаолликни кучайтириш, таъмагирлик ва қонунбузиш ҳолатларига барҳам бериш лозимлигини уқтирар экан, бу борада изчил назорат ва тарғибот ишлари кучайтирилишини яна бир бор таъкидлади.

Биз шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги барча профилактика ва даволаш муассасаларида коррупцияга қарши тарғибот ва тушунтириш тадбирларини бундан ке­йин ҳам таъсирчан ва самарали олиб борилишига эришаверамиз.

Маъмуржон ЭРГАШЕВ,

Наманган шаҳар тиббиёт

бирлашмасининг юрист-консультанти.