Ёшлик... Уни инсоннинг баҳори деб аташади. Бир марта қўйилган хато қадам эса бир умрга ҳалокатга етаклаши мумкин. Ёшларга гиёҳвандликнинг зарарли оқибатлари, унинг натижасида келиб чиқадиган маънавий зарарлари тўғрисида ва гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги ва соғлом авлодни дунёга келтиришдаги ҳалокатли таъсири юзасидан тушунча бериш ҳозирги пайтда жуда зарурдир. "Наркомания" юнонча сўз бўлиб, "нарко" - "карахтлик", "мания" - "телбалик, жаҳлдор шод-хуррамлик" демакдир.
Гиёҳвандлик кишилик жамиятига қадим замонлардан маълум бўлишига қарамай, сўнгги ўн йилликлар ичида бамисоли эпидемиядек бутун дунёга тарқалиб кетди. Бу касалликка асосан ёшлар гирифтор бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Статистика маълумотларига қараганда, гиёҳвандларнинг ўртача умри 25 ёшдан ошмайди, чунки муттасил гиёҳванд модда қабул қилиш инсон олий асаб тизими фаолиятини издан чиқаради. Агар киши наркотик моддаларни узлуксиз истеъмол қилиб юрса, тез-тез безовта бўлади, қўл-оёқлари қақшаб оғришидан, қорин оғриғидан шикоят қилади. Арзимас нарсага жаҳл қилади, қўпол бўлиб қолади. У гапга кирмайдиган одат чиқаради. Ҳеч нарсага қизиқмай қўяди. Ўқиш ва меҳнатдан қочади.
Ёшлар ўртасида бу вабо тарқалмаслиги учун тиббиёт ходимлари ва педагоглар томонидан гиёҳвандликнинг ёш организмга зарари ҳақида туркум маърузалар, суҳбатлар, кинофильмлар асосида профилактика ишларини олиб бориш ҳар томонлама фойдалидир. Гиёҳвандлик каби хавфли ва ёмон иллатга қарши кураш нафақат ҳуқуқ-тартибот органлари, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади.
Мотамсаро бир қўшни хонадонига ҳамдардлик билдириш учун кирдик. Бу оиланинг ҳали йигирмага ҳам етмаган фарзанди вафот этган эди. Айниқса, "болам", деб йиғлаётган ота-онага, укасидан айрилган икки опага жуда ачиндим.
- Болам кейинги пайтда гиёҳвандликка берилиб кетганини сезмай қолибмиз. Ўқишимга тўлов учун пул керак, деса бераверибмиз, - дейди марҳумнинг отаси минг армон ва афсус билан. - Кеча ҳалигинақа уколдан битта олибди-ю, қайтиб турмабди. Улфатлари ким эканлигини ҳам билолмадик. Ўғлим оламдан ўтганини кўриб, ҳаммаси қочиб қолибди.
Улар-ку қочиб қаерга ҳам борарди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан қўлга олиниб, тегишли жазога тортилишлари аниқ. Аммо ҳаётдан ёшлик қилиб, бевақт кўз юмган йигитчи? Гарчи ўлимига ўзи сабабчи бўлса ҳам, барибир унга юрагимиз ачишади. Чунки инсонмизда. Гиёҳвандлик инсонга яхшилик олиб келмаган ва бундан кейин ҳам бирор кишига эзгулик келтирмайди. Шундай экан, бу иллатга бирдамлик ва ҳамжиҳатликда қарши курашайлик.
Сарвиноз АДАШАЛИЕВА,
Наманган Давлат университети талабаси