Аввало, "Анъанавий ижрочилик" кафедраси мудири, "Ниҳол" мукофоти совриндори Шавкатжон Эргашевнинг юксак талабчанлиги, ҳамкасбларимиздан Муҳаммаджон Нуриддинов, Абдурашид Ёқубов, Таваккалхўжа Насриддинов, Аҳмаджон Абдураҳимов, Шавкатжон Солиев, Муҳаммаджон Маматқулов ва Абдукарим Шохўжаевларнинг фаоллиги ижодий муваффақиятларимизнинг бош омилидир. Мумтоз куйларни ансамблимизда Собитхон Мирзаакбаров, Фахриддин Саримсоқов, Феруза Турсунова, Саодат Усмонова, Ойбек Ҳошимжонов, Мансур Ҳабибуллаев сингари созандалар доира, ғижжак, дутор, рубоб ва найларда маромига етказиб чалиб берадилар. Натижада Навоий ва Бобурнинг гўзал назмлари гўзал мусиқалар билан ҳамоҳанг наволанади.
Куни-кеча коллежимизнинг концерт зали яна шеърият, мусиқа ва қўшиқ мухлислари билан тўлди. Дастлаб Навоий ғазалларидан ёд айтилди, сўнг "Талқини уззол", "Гулнорим", "Куйида", "Ўлмасин", "Тун оқшом" қўшиқлари янгради. Орқама-орқа Бобур ғазалларига навбат берилди. "Яхшилиғ", "Не бўлди?", "Қаро зулфинг", "Бевафо менга", "Хазон япроғи" ижро этилди.
Назм ва наво кечасида ўқувчиларимизнинг чиқишларига кенг ўрин ажратдик. Дилшод Акрамов, Дониёр Абдуназаров, Ҳасанбой Жўраев, Толиб Абдураҳимов, Санжар Отамирзаев, Гулжаҳон Адашбоева, Соҳиба Сайдалиева, Одина Абдуллаева, Шахбоз Ҳамидов ва Отабек Исоқовлар куйлаган қўшиқлари устозу тенгдошлари олқишига сазовор бўлди.
Февраль вилоятимизда Маънавият ва маърифат ойлиги экан, қутлуғ айёмларнинг шукуҳи, назм ва наволарнинг баланд пардаларда авжланиши кўнгилларимизни улуғ боболаримиздан фахрланиш туйғуларига ошно қилаверади.
Маъруфхон ОРИПОВ,
Юсуфхон БОҚИХОНОВ,
Наманган санъат коллежи ўқитувчилари.