Айни кунларда вилоятимиз тиббиётининг салоҳияти Мингбулоқ туманида намоён бўлмоқда. Наманган шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмалари ҳамда вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг вакиллари чўлқуварлар юртида кенг қамровли тиббий хизматни амалга оширмоқдалар. 12 та гуруҳга бўлинган ҳолда аҳоли хонадонларида тиббий-ижтимоий ёрдам фаолияти олиб борилмоқда.
Мустақиллик айёми завқу шавқ билан нишонланаётган кезларда туманда тиббий хизмат кўрсатишнинг кўлами кенг қамров касб этмоқда. Мингбулоқликларнинг байрам шодиёналари саломатлик посбонлари томонидан ўтказилаётган турли маросим ва тадбирларга уланиб кетганлиги билан ғоят аҳамиятлидир. Ўтган куни туманда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллиги шоду ҳуррамлик билан байрам қилинди. "Дўстлик" маданият ва истироҳат боғида кечган халқ сайли чоғида вилоятимиз ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг малакали шифокорлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўриклар уюштирилди. Аҳоли шодиёна баҳона ўз саломатлиги ҳақида ҳам батафсил маълумотга эга бўлди.
Кеча эса айни шу маскандаги "Ширин" тантаналар мажмуида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси "Нуроний" жамғармаси туман бўлими билан ҳамкорликда саломатлик акциясини ўтказди. Мингбулоқнинг эъзоздаги отахон ва онахонлари таклиф этилган тадбир ҳам тиббий кўрик билан бошланди. Оромгоҳга келган қариялар терапевт, кардиолог, жарроҳ каби қатор мутахассислар қабулида бўлишди. УТТ ва ЭКГ текширувлари чоғида кекса авлод вакиллари ўзларини безовта қилаётган касалликлар бўйича шифокорлардан тегишли тавсияларни олишди. Шу ернинг ўзида шаҳмат-шашка бўйича мусобақалар ўтказилди. Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси илмий ходимлари саломатликни асраш, соғлом ҳаёт кечириш ва тўғри овқатланиш бўйича давра суҳбатлари олиб боришди. Тарқатма материаллар эса тадбир қатнашчиларининг тиббий маданият ҳақидаги тушунчасини янада бойитди.
Тадбирда иштирок этган 2-Республика Ишчи гуруҳи аъзоси Жасурбек Бўтабоев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботировлар меҳнат фахрийларини энг улуғ,энг азиз байрам билан муборакбод этиб, уларга эсдалик совғаларини топширишди.
Байрам Дамкўл қишлоғи аҳолиси учун қўшалоқ шодиёнага айланиб кетди. Маҳаллий бюджет маблағи ҳисобига қайта таъмирланиб, кўркам қиёфа касб этган қишлоқ врачлик пунктининг тақдимоти ўтказилди. Маросимни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров кириш сўзи билан очди. 2-Республика Ишчи гуруҳи аъзоси Жасурбек Бўтабоев диёримизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганлиги, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳоли учун ҳам шаҳарлардагидан қолишмайдиган даражада шароитлар яратиб берилаётганлиги, мазкур ҚВПни такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам ана шу эзгу мақсад йўлидаги хайрли ишлардан бири эканлигини таъкидлади.
Фойдаланишга топширилган тиббиёт масканининг илк ташриф буюрувчилари тантанали маросим иштирокчилари бўлишди. Чортоқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасининг шифокори Элмира Абдуллаева раҳбарлигидаги гуруҳ аъзолари аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишни бошладилар.
- Эл саломатлигини сақлашда эришилаётган бундай ютуқлар қалбимизни қувончга тўлдирмоқда. Давлатимиз аҳоли соғлом ҳаёт кечириши учун беқиёс ғамхўрликлар кўрсатяпти. Она сифатида айниқса баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ишлар учун мингдан-минг раҳматлар айтаман, - дейди Севара Мамадалиева.
Туман тиббиётида қатор янгиликлар рўй берганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Марказий шифохонада ғоят эҳтиёж талаб иншоот - дизенфекциялаш камераси ишга солинди. Кўп тармоқли марказий поликлиникага эса "Электрон поликлиника" тизими ўрнатилди. Энг замонавий ультра товуш текшируви аппарати билан жиҳозланган туман перинатал скрининг текшируви хонасининг очилиши эса аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш ва ирсий касалликлар ҳамда ногиронликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Абдулла ҒОЗИЕВ.