Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Наманган шаҳрида қатор тиббиёт масканлари очилди. Жумладан, Уйчи кўчасининг аввалида қуриб битказилган муҳташам ва кўркам бинода 14-оилавий поликлиника фаолиятини бошлади.

Жорий йил Инвестиция дастурига мувофиқ, 20 дан ортиқ соғлиқни сақлаш муассасалари барпо этилмоқда ва қайта реконструкция қилиняпти. Бинобарин, атиги саккиз ой муқаддам пойдевор қўйишга киришилган мазкур қурилишни "Наманган давр қурилиш" масъулияти чекланган жамияти меҳнатсевар жамоаси жуда ҳам тезкор ва сифатли якунлашга муваффақ бўлди. Янги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси энг такомиллашган лойиҳа асосида қад ростлади.

4 миллиард 814 миллион сўм бюджет маблағи сарфланиши ҳисобига қуриб битказилган оилавий поликлиника биносида яратилган шароитлар вилоятда ягоналиги билан эътиборга моликдир. Уч қаватли саломатлик маскани кунига 250 қатновга мўлжалланган. Хоналар кенг ва шинам, тиббий талаблардан келиб чиқиб ишланган мебель жамланмалари билан таъминланган, ахборот-коммуникация технология­лари жорий этилган. "Электрон поликлиника" автоматлаштирилган тизимга уланган.

- Тиббий хизмат ва муолажалар замонавий тиббий анжом ва аппаратлар воситасида бажарилади. "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида яқин орада 152 минг АҚШ доллари қийматида янги асбоб-анжомлар келтирилиши кўзда тутилмоқда, - дейди поликлиника бош шифокори, вилоят Кенгаши депутати Фазлиддин Муҳиддинов.

Янги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси биносининг тақдимоти катта тантанага айланиб кетди. Унда иштирок этган вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозаров мустақиллик шарофати билан юртимизда кечаётган буюк ўзгаришлар, хусусан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан инфратузилмаси ривожлантирилиб, қайта қурилаётган Уйчи кўчасининг истиқболи, янги поликлиниканинг бунёд этилиши тарихи, унинг ҳудудни тараққий эттиришдаги аҳамияти ҳақида тўхталди. Поликлиника жамоасига аҳоли саломатлигини кафолатли муҳофаза этишда омадлар тилади.

Очилиш маросими ниҳоясида пудратчи ташкилотнинг бир гуруҳ илғор қурувчилари рағбатлантирилди. Поликлиника бош шифокорига рамзий калит тантанали равишда топширилди.

- Ярим асрдан бери тиббиёт соҳасида хизмат қиламан. Шундай чиройли ва замонавий бинода ишлаш азалий орзуйимиз эди. Давлатимизга қойил, жуда қисқа вақт ичида мана шундай кошонага қиёслагудек поликлиника биноси қуриб берилди. Халқ бахту саодати йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар кўлами кенгайиб бораётганлигидан ғоят мамнунмиз,-дейди I даражали "Соғлом авлод учун" ордени соҳибаси, фахрий шифокор Дилбар опа Аҳмедова.

Севара ҒОЗИЕВА.