Наманган шаҳридаги Ислом Каримов номли кўча ёқасида жойлашган бу хусусий даволаш маскани жамоаси юрак, буйрак, ошқозон ва жигар касалликларини аниқлаш, ташхис қўйиш ҳамда даволашда энг замонавий тиббиёт аппаратларидан фойдаланиб иш олиб боради.
Душанба куни эрталаб, янги муассаса жойлашган муҳташам бинонинг олди оқ халатли тиббиёт ходимларию, узоқ-яқиндан ташриф буюрган меҳмонлар билан гавжумлашди. Ниҳоят тақдимот маросими тантанаси бошланди. Даставвал вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозаровга сўз берилди.
Вилоят ҳокими айтганидек, хусусий тиббиётни ривожлантириш учун ҳам қонуний кафолат яратилган, ҳам тадбиркорлар қўллаб-қувватланиб, алоҳида тизим вужудга келтирилмоқда. Энг муҳими, хусусий тиббиёт муассасаларининг ўзи ҳам бир бири билан рақобатлашадиган давр бошланди. Ҳар йили вилоятимизда 20 дан ортиқ мана шундай диагностика ва даволаш масканлари очиляпти. Жумладан, Наманган шаҳрида кейинги пайтда хусусий муассасалар 10 тага кўпайди. Бугунгисининг истиқбол режалари катта.
- Мен бутун умримни шифокорликка бағишладим, - деди меҳнат фахрийси, кардиолог врач Ҳусан Мубораков. - Ҳозиргача тиббиётга бу даражада юқори эътибор берилганини билмайман. Марказимиз Ҳиндистон мутахассислари билан шартномалар тузади. Ҳар ойда икки марта уларнинг ташрифи йўлга қўйилади. Биргаликда тажрибаларимизни бойитамиз, халқимиз учун юқори сифатли ва юқори самарали хизматни ташкил этамиз, деб барчангизни ишонтирамиз.
Шундан кейин "Гранд-мед"нинг рамзий лентаси қирқилиб, меҳмонлар ичкарига таклиф қилиндилар. У ерда яратилган шароит ва қулайликлар билан танишилди.
Биз янги муассасада фаолият бошлашга тараддудда турган олий тоифали уролог, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси Содиқжон Абдуллаевни суҳбатга тортдик:
- Марказимизда беморлар учун худди пойтахтдаги муассасалардагидек қулайликлар яратилади, жаҳон андозалари даражасида тиббий хизмат йўлга қўйилади, - деди у қатъий ишонч билан. Бош врачимиз Суҳробжон Шокировнинг саъй-ҳаракатлари шу мақсадга йўналтирилган. Чунончи, водийда биринчи бўлиб "Урофлометр" аппарати келтирилади. Унда бемор пешобининг тезлиги, босими ўлчанади. Простата аденомаси, қовуқ атамияси тез ва аниқ ташхисланади.
- Демак, "Гранд-мед" МЧЖнинг жамоаси халқимиз саломатлигини сақлаш соҳасида наинки вилоятда, балки водийда ўз ўрнига эга бўлади. Ҳатто, баъзи касалликлар диагностикаси ва даволаш усуллари билан пойтахтдаги муассасаларга тенглашишини ўз олдига эзгу мақсад қилиб қўйган. Қанчадан қанча беморларнинг эътирофу олқишларини эшитишимиз яқин орада ҳаётий ҳақиқатга айланса ажаб эмас.
Ўз мухбиримиз.