Биз икки ёндош элга,

Қариндош, қондош элга,

Жондош, имондош элга

Фарзанд бўламиз, дўстим.

Эркин Воҳидов

Ўзбек ва тожик халқи наинки чеҳрадош, азал-азалдан кўнгиллари бир-бирига пайванд, гўё қалбдош эканлигини яхши биламиз. Гарчи, тиллари бошқа-бошқа бўлса-да, диллари эгиз, эзгу ниятларига яраша қадамлари қутлуғ, бири-бирини қўллаб, ризқу рўзига барака киритиб яшашга одатланган.

Тожикистон халқ артисти, тожигу ўзбекнинг булбулхониш хонандаси Жўрабек Муродов айтганидек: "Биз бир дарёдан сув ичамиз, бир далада экин экамиз. Исмимиздан ҳам, жисмимиздан ҳам ҳеч ким бизни бир-биримиздан ажрата олмайди. Ҳазрат Алишер Навоий бир тожикча ғазалида ёрни "чашмони туркинаву мужгони тожикона", яъни "кўзлари турконаю киприклари тожикона" деб бежиз таърифламаган... икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг ибрати беқиёс. Бизлар улуғ боболаримизга муносиб авлодлар бўлишимиз учун уларнинг дўстлик анъанасини доимо давом эттиришимиз зарур".

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёдаги мамлакатлар ва халқлар билан муносабатлар самимий ва дўстона давом этиши учун қулай шароитларни яратиб бераётганликлари дилларимизни яйратиб, тилларимизни сайратиб юбормоқда десак, ҳаётий ҳақиқатни тўғри ифодалаган бўламиз. Мана икки йилдирки, Тожикистон - Ўзбекистон азалий алоқалари қайта тикланиб, янги босқичга кўтарилмоқда. 2017 йилнинг майида Тожикистонда Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари ташкилланди. Худди шундай тадбир октябрь ойида Ўзбекистонимизда ҳам ўтказилди.

2018 йилнинг 9-10 март кунларида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи катта тарихий воқеага айланди. 17 август куни эса Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон юртимизга давлат ташрифини амалга оширди. Икки мамлакат Президент­ларининг бу галги учрашувлари ҳам ғоят самарали кечди. Ташриф доирасида пойтахтимизда ўтказилган қўшма бизнес форумида қиймати 103 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди.

Музокарада ўзаро муносабатларнинг истиқболли йўналишларини ишга солиш, савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олинди. Қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Мен Наманганнинг ёш қаламкаш фарзанди сифатида "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройидаги тантанада қатнашиб, ғоят фахр туйдим. Юртбошимиз қуйидагиларни алоҳида тилга олдилар:

- Ўзбек ва тожик халқлари бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига ўхшайди. Бизнинг муқаддас динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Қувончу ташвишларимиз, тақдиримиз муштарак. Аждодларимизнинг эзгу анъаналарини давом эттириб, халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашимиз ва асраб-авайлашимиз керак.

Анжуманнинг ҳурматли меҳмони, Тожикис­тон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонга Президентимиз томонидан муносиб эҳтиром кўрсатилди. Яъни, ҳар икки давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳамда халқ­ларимизнинг дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун давлатимизнинг "Эл-юрт ҳурмати" орденини тантанли тақдим этди. Сўнгра Тожикистон Президенти бундай ҳурмат-эътибор учун ўзининг самимий миннатдорчилигини изҳорлади. Дўстона муносабатлардаги янги босқич ҳар икки халқнинг эзгу орзу-умидлари ушалишини таъминлаш борасидаги катта қадам эканини зўр мамнуният билан таъкидлади.

Йиғилганларга ҳавола этилган "Дўстлик оқшоми" номли концерт дастури   ўзбек ва тожик халқларининг санъатлари бир-бирига ҳар жиҳатдан уйғун эканлигининг, маъно-мазмуну, ифодаси жиҳатидан ҳам бир-бирини тўлдиришининг яққол кўригига айланди. Куйлар қўшиқларга, қўшиқлар  рақсларга уланар экан, кўнгилларимиздаги эзгу ҳисларимиз тобора жўш уриб, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб юборишига хизмат қилди, десак асло муболаға эмас.

Улуғ тожик шоири Рудакийнинг машҳур байти ўша лаҳзаларда барча-барчанинг хаё­лидан такрор ва такрор ўтди:

Жаҳон шодликлари йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.