Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги поғонага кўтариш учун астойдил ҳаракат қилинмоқда. Аввало, соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилаётган бўлса, ҳамкор ташкилотлар, айниқса жамоатчилик иштирокида аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришга йўналтирилган тадбирлар доираси кенгайтирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган мониторинг чоғида биргина Наманган вилоятида ҳам қатор ижобий ишларга қўл урилгани ва бу борадаги ҳаракатларни тобора жадаллаштириш чоралари кўрилаётганлигидан воқиф бўлинди.

Дарҳақиқат, Ишчи гуруҳи аъзоси, тиббиёт фанлари номзоди Нилуфар Рўзиева иштирокидаги ўрганиш тафсилотлари ҳақида фикр юритадиган бўлсак, аввало қатор вазирликлар томонидан ишлаб чиқилган Қўшма қарор ижросини изчил таъминлашга ғоят масъулият билан ёндошилганлигини таъкидлаш жоиз. Соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинларида таълим муассасалари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан узвий равишда иш олиб борилмоқда. Соғлом турмуш тарзи тарғиботининг натижалари фаолиятда яққол намоён бўлиб турибди. Бинобарин, "Саломатлик мактаблари" номигагина тузилмаган, балки чин маънода амалий ишлар марказига айланган.

Наманган туманидаги 12-қишлоқ оилавий поликлиникасида тўпланган тажрибалар ғоят диққатга сазовордир. Бош шифокор Нодира Юрданидзенинг таъкидлашича, ҳудуддаги 6 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ва таълим масканлари билан ҳамкорлик ижобий самаралар беряпти. Қишлоқда истиқомат қилувчи 21 минг нафар ёшу қарининг саломатлиги шифокорларнинг қатъий назоратида. Тарғибот ишлари талаблар даражасида йўлга қўйилгани учун одамлар тиббий маданияти юксалтириб борилмоқда. Бу аввало аҳолининг ўз саломатлигига жиддий муносабатда бўлаётганлигида равшан кўринади. Мониторинг куни туғиш ёшидаги аёллар ва болаларнинг чуқурлаштирилган тиббий кўриги уюшқоқлик билан ўтказилаётганлигига гувоҳ бўлдик.

- Шифокорлар билан ҳамкорлигимиз туфайли аҳоли саломатлигига оид салбий кўрсаткичлар қайд этилмаяпти. Одамлар ўз соғликлари учун биринчи навбатда ўзлари масъул эканликларини англаб етишяпти. Оилаларда соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси сифатида биз ҳам астойдил фаолият олиб боряпмиз. Айниқса, ёшлар ўртасида тиббий маданият маъно-мазмунини кенгроқ тарғиб этяпмиз,-дейди маҳалла фаоли Ойшахон ая Насриддинова.

Тошбулоқдаги туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги ижобий ишлар ҳам эътиборга молик. Тиббиёт масканида аёллар ва ўсмир қизлар саломатлигини мус­таҳкамлаш бўйича олиб борилаётган фао­лиятдан мониторинг чоғида қониқиш ҳосил қилинди. Вилоятнинг барча туманларида бўлгани каби поликлиника қошида перинатал скрининг хонаси ташкил этилган. Ҳар куни ўнлаб ҳомиладор аёллар энг замонавий русумдаги ультра товуш текширув аппарати ёрдамида ҳомиланинг ривожланишини назоратдан ўтказишга келишяпти. Тажрибали шифокорлар тиббий текширувларга талабчанликни ошириш орқали ногирон, ирсий ва туғма касалликлар билан чақалоқлар дуёга келишининг олдини олишяпти. Бундан ташқари поликлиникадаги "Аёллар маслаҳатхонаси" ва "Қизлар саломатлиги маркази" очилгани ҳам қулайлик яратди.

Акушер-гинеколог Малика Воҳидованинг қайд этишича, қизлар саломатлигини муҳофазалаш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки, бугунги ўсмир қизлар эртага она бўлишади. Уларнинг соғлом вояга етишлари учун бугунданоқ қайғуриш зарур. Ўсмирлик ёшида юзага чиқадиган турли касалликларни аниқлаш ва самарали даволаш масаласига устувор вазифа сифатида қаралаётганлиги ҳам бежиз эмас. Шунунг учун ҳам "Қизлар саломатлиги маркази" ишини янада жонлантириш ва уни қизларнинг "дилдан дардлашадиган" маслакдошига айлантириш бағоят долзарб вазифадир. Бугун ана шу хайрли мақсадга эришиш учун астойдил изланилмоқда.

- Туманимизда 53 та маҳалла фуқаролар йиғинлари бор. Барча маҳаллаларда Қўшма қарор асосида туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда жуда кўп тадбирлар уюштиряпмиз. Уларда туғиш ёшидаги аёллар ва ўсмир қизлар саломатлигини мустаҳкамлашга, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, ҳудудлардаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда барчанинг фаол иштирок этишини таъминлашга ўргатилмоқда. Натижа чакки эмас. Аҳолининг тибий кўриклардаги иштироки ўсди, саломатлик кўрсаткичлари яхшиланиб    боряпти. Оналар ва болалар ўлими кескин камайди. Биз бундан кейин ҳам маҳалла фаолларининг шифокорлар билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш учун интилаверамиз, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Тугмахон Сиддиқова.

Тўрақўрғон туманида ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оила институтини мус­таҳкамлаш ишлари янада жонлантирилмоқда. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш натижадорлигини оширишга алоҳида урғу бериляпти. Чунончи, одамлар саломатлигини муҳофазалаш ишлари аҳолининг бевосита яшаш жойларига яқинлаштирилаётганлиги ажойиб янгиликдир. Мониторинг чоғида Файзиобод қишлоғидаги 27-оилавий поликлиника шифокору мутахассисларидан иборат гуруҳ Қодиробод маҳалласининг Тегирмон кўчасидаги 8-уйда тиббий кўрик ўтказаётганлигини кўрдик. Тиббий тарғибот ҳам шу ерга кўчирилган. Лаборатория ходимларининг қўли-қўлига тегмайди. Ахир одамлар шифокорлар ҳузурига бормай, тиббиёт ходимлари уларнинг қошига келганлиги учун отахону онахонлар, аёллару болалар яқин қўшнилари уйи­да врачлар қабулига киришяпти.

- Хонадонларда кўчма тиббий кўрикларни ташкиллаш тажрибаси аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат натижадорлигини янада ошириш имконини берди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси координатори Нажмиддин ака Сайфутдинов. - Энг асосийси аҳоли саломатлигини шифокорлар назоратидан ўтказиш миқдори кескин ортади. Айниқса, опа-сингилларимизнинг вақти тежаляпти.

Вазирлик Ишчи гуруҳи аъзоси Нилуфар Рўзиева атрофини қишлоқ аёллари ўраб олишди. Меҳмоннинг мамлакатимиз тиббиётида кечаётган ислоҳотлар, соҳа тараққиёти учун Президентимиз томонидан кўрсатилаётган алоҳида эътибор, хусусан аёллар саломатлигини яхшилаш, уларни турли хавфли касалликлардан муҳофаза этиш, соғлом ҳаёт кечириш тамойиллари ҳамкор ташкилотлар билан ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётган Қўшма қарордан кўзланган мақсад қизғин кечган суҳбат мазмун-моҳиятини белгилаб берди. Савол-жавоблар чоғида эса одамларнинг кўнглига туйилган жуда кўп саволларга ойдинлик киритилди.

Каркидон Чуст туманидаги тоғолди ҳудудда жойлашган қишлоқлардан. Депара аҳолиси саломатлигини сақлашга 45-қишлоқ оила поликлиникаси жамоаси масъул. Мазкур бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасидаги суҳбат қатнашчилари ҳам бой таассуротга эга бўлдилар. Олима-шифокор Нилуфар Рўзиева, Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова, Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Насиба Бозоровалар қишлоқ аҳли ҳузурида маърузалар билан чиқдилар. Мавзу долзарб масалаларга қаратилганлиги боис ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

- Тадбир жуда ҳам таъсирчан ўтди. Ҳар бир инсон ўз саломатлигига бефарқ қарамаслиги зарурлигини теран англаб етди. Зеро, тиббиёт ходимлари билан биргаликдаги фаолиятимиз давомида бу заруриятни одамлар онгига етказишга ҳаракат қиляпмиз. Айниқса, "Соғлом она-соғлом бола" эзгу ғояси фаолиятимиз мезонига айланган,-дейди "Кўктош" маҳалласи фаоли Матлубахон ая Қурбонова.

Ишчи гуруҳи аъзоси Нилуфар Рўзиева Поп туманидаги "Хўжаобод" қишлоқ врачлик  пункти фаолияти билан ҳам обдон танишди. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Рустамжон Раҳматуллаев, ҚВП мудири Ҳафизахон Жалоловалар амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида гапириб беришди. Шу ернинг ўзида тиббиёт ходимлари ҳамда маҳалла аҳли билан мулоқотга киришилди. Суҳбат мазмунини соҳадаги ислоҳотлар, тармоқ фаолиятини янада яхшилашга оид мулоҳазалар, давлатимиз раҳбари томонидан саломатлик посбонлари олдига қўйилаётган вазифалар, оналар ва болалар соғлиғига эътиборни кучайтириш, "Саломатлик мактаблари" ишини янада жонлантириш каби мавзулар қамраб олди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Ишонч телефони" (1003) тармоғи таркибида "Тезкор алоқа" тизими ишга солинганлиги ҳақида маълумот берилиб, аҳолини ундан самарали фойдаланишга ундалди.

-          Соғлом турмуш тарғиботида маҳалламиз вакиллари фаол иштирок этишмоқда, - дейди нуроний Обида Бобоева. - Унда кексалар ҳам ёшларга ибрат кўрсатишяпти. Бугунги мулоқот кўпчиликка манзур бўлди. Эл соғлиғи йўлида ғамхўрлик қилаётган давлатимиз раҳбарига миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Мониторинг кунлари алоҳида урғу берилган масалалар қаторидан аёллар саломатлигини муҳофазалаш ва қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш асосий ўринни эгаллади. Норин ва Уйчи туманлари ҳамда Наманган шаҳридаги тиббиёт муассасалари ва фуқаролар вакиллари билан мулоқотлар, оилавий поликлиникалар ва марказий шифохоналарга ташрифлар чоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5325 сонли Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги "Қизлар ва фертил ёшдаги аёлларга кўрсатиладиган акушер-гинекологик ва тиббий ёрдам хизматлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 352-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар ҳақида батафсил гапириб ўтилди.

- Наманган вилоятига ташрифимиз чоғида шунга амин бўлдикки, аҳоли саломатлигини сақлаш ишлари бугунги кун талаблари даражасида ташкил этилган. Бинобарин, тиббий кўрикларни уюштириш ва унинг самарадорлигига эришиш дейсизми, оилаларда соғлом турмуш тарзини татбиқ қилиш дейсизми, аҳоли репродуктив саломатлигини таъминлаш дейсизми, барча-барчасида изчиллик акс этиб турибди. Қўшма қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар ҳам ҳамкор ташкилотлар иштирокида олиб борилмоқда. Ўрганиш жараёнида мутасаддиларга фаолиятни янада кучайтириш юзасидан тавсияларимизни бердик,- дейди Нилуфар Рўзиева.

Шуниси эътиборга моликки, аёллар саломатлигига эришишнинг барча йўналишларида ижобий ўзгаришлар ясалмоқда. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалига ташриф таассуротларга янада бой бўлди. Муассасада энг замонавий, хорижий технология асосида ишловчи маммография мавжудлиги аёлларда учраб турадиган сут бези саратонини эрта аниқлаш ва самарали даволаш имконини бераётир. Мониторинг куни мазкур тиббиёт масканида "Соғ­лиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида аёллар репродуктив тизими хавфли ўсма касалликлари профилактикаси ва уларни барвақт аниқлашда ҳамшираларнинг роли" мавзусида семинар ҳам ўтказилди.

Анжуманда Ишчи гуруҳ аъзоси Нилуфар Рўзиева, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг Оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова, мазкур шифохона бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳратжон Ҳотамовлар кун тартибидаги мавзунинг моҳия­ти нақадар долзарб эканлигини эътироф этдилар.

Бугун одамлар тиббиётда изчиллашган ислоҳотларга асло бефарқ эмаслар. Жорий этилаётган янгиликлар, татбиқ қилинаётган амалиётлар уларни янада фаолликка, соғ­лом турмуш тарзини қарор топтиришда ибрат кўрсатишга ундамоқда. Энг муҳими соғлом турмушга эришиш барчанинг эзгу шиоригагина эмас, доимий ҳаракатига айланган.

Суратларда: мониторинг гуруҳи фаолияти акс эттирилган.

Абдулла ҒОЗИЕВ.