Мустақиллик айёми арафасидаги фарахбахш кунларда поплик Дўлановлар оила аъзоларининг қалблари қувончларга тўлди. Боиси хонадон келини Дурдонахон ўғил чақалоқни янги фаолият бошлаган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқхона комплексида бағрига босди. Илк бора она деган шарафли номга муяссарланди.
- Менга мадад бўлган барча шифокор ва доялардан беҳад миннатдорман, - дейди у мамнун оҳангда. - Фарзандим ва ўзимнинг саломатлигим жуда яхши. Гинеколог ва неонатологлар ўз вақтида хабар олишяпти. Доя ва ҳамширалар кўмаклашишяпти, чақалоқ парвариши бўйича керакли маслаҳатларни беряптилар. Айниқса шифохонада яратилган қулай шароит ва имкониятларни айтмайсизми. Кенг ва ёруғ, озода ва шинам хоналарда баҳри-дилимиз беҳад очилиб, шундай юрт фуқароси эканлигимиздан фахрланиб кетяпмиз.
Марказий шифохона ҳудудидаги 80 ўринга мўлжалланган ушбу туғруқхона ҳамда 60 ўринли болалар бўлимлари Инвестиция дастури асосида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида қад ростлади. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида энг замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди.
Туғруқхонада 16 нафар олий ва биринчи тоифали шифокорлар, 140 нафардан ошиқ доя ва ҳамширалар, 58 нафар кичик тиббиёт ходимлари туну-кун халқ хизматида. Айни пайтда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масъулиятини чуқур ҳис этишиб, зиммаларидаги вазифаларни сидқидилдан бажаришмоқда.
Замира Шарипова, Васила Қўзиева, Мақсуда Насибалиева, Шарифа Шораҳимова сингари олий тоифали шифокорлар, Сайёра Маҳкамова, Коммуна Неъматуллаева, Кенжахон Холиқова ва Инобат Ҳусанова сингари доя ва ҳамшираларнинг хизматлари таҳсинга сазовор.
- Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳомиладорларга ғамҳўрлик, эртамиз эгаларини соғлом туғилишига масъуллик ҳамиша зиммамизда, - дейди бўлим мудири Дилдора Ўлмасова. - Замонавий лойиҳа асосида қурилган, энг янги тиббиёт жиҳозлари билан бойитилган муассасамизда оналарнинг туғруқ жараёнлари бехатар кечмоқда. Шундай яхши шароитлардан руҳланиб, албатта "Соғлом она - соғлом бола" деган эзгу ғоя остида билим ва малакамизни, тажрибаларимизни янада мукаммаллаштириб, халқимизга беминнат хизмат қиламиз.
Болаларимиз саломатлиги учун қайғуриш-келажакка мустаҳкам пойдевор қўйиш билан баробар. Туғруқ комплекси билан бир пайтда қуриб фойдаланишга топширилган болалар бўлимидаги яхши шароитлардан, кўрсатилаётган сифатли тиббий хизматдан туман аҳолиси мамнун. Фароғат Ҳожиматова бошчилигидаги жамоа айнан болалар саломатлигининг жонкуярларига айланишган.
- Фарзандимни нафас йўллари шамоллаб қолган эди, - дейди Чиғаноқ қишлоғилик Ойдин Бегалиева. - Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли тезда истимаси тушди. Соғлиги бирмунча яхшиланди. Қолаверса, бу ердаги шароитлардан кўнглимиз тўлди. Фароғат Ҳожиматова, Зулфия Насимова, Содиқжон Ботиров, Аъзимжон Фазлиддиновдек қўли енгил шифокорлардан жуда-жуда миннатдормиз.
Шифо масканида устоз ва шогирд анъанаси яхши йўлга қўйилган. Тажрибали педиатр Шоира Турсунованинг ёш шифокор ва ҳамшираларга тез-тез маҳорат сабоғини бериб боришини шогирдлари мамнуният билан эътироф этишади. Бу уларнинг билим ва малакалари тобора ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни маҳалда катта ҳамшира Манзура Мирзааҳмедова, Зулфия Набижонова, Марҳабо Абдувалиева, Шаҳноза Азимова, Фотима Дўстматова, Гулсора Жияноваларнинг тиниб тинчимаслиги кичик беморларнинг ота-оналарига манзур бўлмоқда.
Дарҳақиқат, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз саломатлиги учун, оналар ва болаларнинг нурли ҳаёти, бахти ва саодати учун десак, асло муболаға эмас.
Манзура ЭРГАШЕВА.