Чортоқ туманидаги Короскон қишлоғи аҳолиси мамлакатимиз давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллиги байрами арафасида қурувчилардан ажойиб туҳфа олди. Қишлоқ марказида икки қаватли муҳташам оилавий поликлиника биноси фойдаланишга топширилди.
51-қишлоқ оилавий поликлиникасининг тақдимот маросими Истиқлол айёми шодиёналарига уланиб кетди. Аҳоли вакиллари иштирокида бўлиб ўтган маросимда сўзга чиққан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, Чортоқ тумани ҳокими Ойбек Ҳайдаров ва бошқалар муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш, айниқса тиббий хизматдан рози қилиш борасидаги кенг қамровли саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтишди. Республикамизнинг олис қишлоқларида вужудга келаётган замонавий бирламчи тиббий- санитария ёрдами муассасалари тармоғи одамларга сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтираётганлиги айтилди.
Тадбир қатнашчиларининг гулдурос қарсаклари остида рамзий лента қирқилгач, барча янги тиббиёт маскани ичига ошиқди. Оилавий поликлиникада яратилган юксак даражадаги шароитларни кўриб ҳамма ҳайратга тушди. Бинокорларнинг астойдил саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ муассаса биноси қайта реконструкция қилиниб, бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштирилган. Унга тез ёрдам шохобчаси, кундузги шифохона, ижтимоий дорихона, клиник лаборатория, эмлаш ва муолажа хоналари ҳамда бошқа ўнлаб тизимлар дид билан жойлаштирилган. Остонага қадам қўйган инсон янги давр тиббиётининг бирламчи бўғини нақадар олдинлаб бораётганлигини яққол ҳис этади.
- Ҳудудимизда 6 та маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган. Уларда яшовчи салкам 24 минг нафар инсоннинг саломатлигини муҳофаза қилишга масъулмиз,-дейди оилавий поликлиника мудири Муродилла Ҳакимов. - Таъмирлаш ва қайта қуришдан сўнг поликлиникамиз таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Энди одамларга бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун барча икониятларга эга бўлдик. 12 нафар умумий амалиёт шифокори, жарроҳ, педиатр, стоматолог каби мутахассисларимиз эл хизматида. Тез ёрдам шохобчасининг бевосита поликлиникага жойлаштирилиши эса фаолиятимизни туну кун давом эттиришга шароит яратди.
Объектни "Чортоқ баркамол қурилиш таъмирлаш сервис" масъулияти чекланган жамияти бинокорлари қуриб битказишди. Бунинг учун салкам икки миллиард сўмга яқин бюджет маблағи сарфланганлиги қурилишнинг салмоғидан дарак бериб турибди.
Ўз мухбиримиз.