Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда Тўрақўрғон туманида алоҳида меҳр ва эътиборга муҳтож инсонлар учун акция ташкил этди.
Шаҳанд қишлоғида вилоятимизнинг тажрибали шифокорлари жалб этилган ҳолда уюштирилган чуқурлаштирилган тиббий кўрикда туманда истиқомат қилувчи ногиронларнинг саломатлиги текширувдан ўтказилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Тўрақўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси ва 29-қишлоқ оилавий поликлиникаси саломатлик посбонлари билан аҳолининг мазкур қатламига малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Шуниси эътиборга моликки, врачлар қабулига кела олмаган инсонларнинг хонадонларига махсус тиббий бригадалар сафарбар этилди.
"Ер масжид" маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Шоира Абдураззоқова оғир дардга чалинган бўлиб, хасталик азобини тортаётган эди. Бемор хонадонига бир гуруҳ шифокорлар ташриф буюришини аёл ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди. Элпарвар юртимиз тиббиёти ходимлари бемор ҳолатини ЭКГ ва ультратовуш текшируви воситасида ўрганиб чиқиб, касалликни зудлик билан даволаш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар бердилар.
- Давлатимизга минг раҳмат, биздай бева-бечораларга беқиёс ғамхўрликлар кўрсатиляпти. Саломатлигимизни тиклаш учун ҳам қайғурилмоқда, - дейди мамнунлигидан кўзлари ёшга тўлган Ш. Абдураззоқова.
Шу куни бошқа нажотталаб инсонлар ҳолидан ҳам хабар олинди. Уларни соғломлаштириш чоралари кўрилди.
Маҳалла фуқарорлар йиғини биносида эса тиббий кўрик изчил давом эттирилди. Қатор тор соҳа мутахассислари, терапевтлар, педиатрлар катта-ю кичикнинг соғлигини обдон назоратдан ўтказдилар.
- Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи тиббий ёрдамга муҳтож кишилар рўйхати шакллантирилган. Унга мувофиқ бугунги тиббий-ижтимоий тадбир амалга ошириляпти, - дейди "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси бошлиғи Мўътабар Мақсудова. - Бугун рўйхатдаги барча инсонларни тиббий кўрикдан ўтказишга муваффақ бўлдик. Энди касалванд одамларни соғломлаштириш чораларини кўрамиз. Одамларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишларимиз доираси янада кенг.
Севара ҒОЗИЕВА.