Бугун шуни зўр мамнуният билан таъкидлашимиз жоизки, сўнгги икки йилда амалга оширилган улкан ва беқиёс ишлар республика тиббиёти тараққиёти ҳам янги юксалиш босқичига ўтганидан яққол далолат беради. Бу борада шахсан Президентимизнинг ташаббус ва ташкилотчиликлари халқимизнинг кўз ўнгида намоён бўлиб, миллионлар қалбида элу юртга ғоят садоқатли, ғамхўр ва меҳрибон Юртбошидан фахрланиш ҳисларини кучайтирмоқда. Жумладан, бизнинг вилоятимизда аҳоли соғлигини сақлаш масаласига сайловолди учрашувларидаёқ алоҳида тўхтаб ўтилган эди. Айниқса, кекса авлоднинг турмуш даражаси ва сифатини ошириб, улар умрини янада узайтиришга йўналтирилган дастурга мувофиқ кенг кўламли тадбирлар режалаштирилганлиги маълум қилинганди. Чунончи, ногиронлар, кексалар ва кам таъминланган фуқароларнинг 1 минг 450 нафарини, шунингдек, 772 нафар уруш ва меҳнат фахрийларини турли санаторийларга йўлланмалар билан таъминлаш кўзда тутилганини яхши биламиз. 2016-2020 йилларга белгиланган мазкур дастур доирасида юқоридаги режалар йилма-йил натижа касб этаётгани эндиликда ҳаётий ҳақиқатдир.

Бундан ташқари "Нуроний" жамғармаси бошчилигида "Маҳалла" жамоат фонди, Касаба уюшмалари ва жамоат ташкилотлари томонидан ёлғиз қариялар ҳар йили қишки кийим-бош, қиш мавсуми учун озиқ-овқат заҳиралари билан таъминланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев уқтирганларидай "Хонадонларимизнинг файзи, фариштаси бўлган бу инсонларга, токи кейин армон бўлиб қолмаслиги учун, улар ҳаёт пайт­ларида қўлимиздан келганича кўмак ва ёрдам бериш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир".

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурининг ишлаб чиқилгани ҳам тиббий ислоҳотлар самарадорлигини тобора изчиллаштириб юбормоқда. Дастурга мувофиқ кейинги йилларда аёллар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш янада яхшиланмоқда. Чунки, улар соғ­лигини сақлаш билан шуғулланадиган даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техник базаси бойитиляпти. Кадрларининг билим ва маҳорат даражаси юқорилашига қулай имкониятлар яратиб қўйилмоқда.

Эндиликда барча янги туғилган чақалоқлар, ўсмир қизлар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар учун 100 фоиз патронаж кузатув тизими жорий қилинди. Марказлашган тартибда касалхоналарга бериладиган дори воситалари, тиббий буюм ва ускуналар рўйхати кенгайтирилди. Туғруқ комплекслари, болалар шифохонаси, ихтисослашган акушерлик-гинекология марказини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ҳамда скрининг маркази фаолиятини кучайтириш, унинг хизматини оналарга яқинлаштиришга йўналтирилган ишлар тобора фаоллаштирилмоқда.

Албатта, ҳали соҳадаги ўзгаришлардан қаноатланишга эрта. Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида айтилганидай: " Инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида сўнгги вақтда олиб бораётган ишларимизга қарамасдан, афсуски, жойларда кўплаб муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шуларни ҳисобга олиб, ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз. Бу борада масофадан туриб профилактика қилишни таъминлайдиган "Ақлли тиббиёт" ва "Ягона тиббий ахборот маркази" концепцияларини ўз шароитимизга мослаштириб татбиқ этишимиз керак". Наманганлик тиббиётчилар Юрт­бошимиз қўйган ана шу муҳим вазифалар масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда иш юритиш билан беморларга тўғри ташхис белгилаш, уларни сифатли даволаш ҳаракатидалар. Шунинг учун ҳар бир Қарор ва Фармоннинг ижроси мутасадди раҳбар ҳамда мутахассисларнинг доимий диққат марказида турибди.

Айни пайтда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, республика соғ­лиқни сақлаш соҳасини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, соҳага чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва инновацион технологияларни жадал жорий этиш долзарб вазифа эканлиги барчамизга ойнадай аён. Шуни назарда тутиб, 2018 йил 2 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бош­қаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда даставвал етти йўналишдаги тизимли муаммолар аниқ ва равшан кўрсатиб ўтилган. Сўнгра уларнинг ижобий ечими билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилган. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасини ташкил этиш, Миллий палата ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлашнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича маслаҳат кенгаши ва Ўзбекистон Республикасини Инновацион соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш жам­ғармаси тузиш кўрсатиб ўтилган.

Демак, халқ саломатлигини сақлаш соҳасида ишловчиларнинг масъулияти юксакдан юксак. Шифокорларнинг шарафли бурчи-нажотталабларнинг халоскорларига айланишиб, уларнинг соғлиқларини мустаҳкамлаш ва умрларига умр қўшиш йўлида кеча-кундуз фидойилик кўрсатишдан иборатдир. Бунинг учун шароитлар ҳам, имкониятлар ҳам етарли. Хулоса шуки:

Соғ бўлса, жон-танимиз -

Яшнагай Ватанимиз.

Содиқ САЙҲУН.